Қозоғистондаги турк лицейлари Туркияга берилмайди

Қозоқ-турк лицейлари "Билим-инновация лицейлари"га ўзгартирилган Фото муаллифлик ҳуқуқи Inform.kz
Image caption Қозоқ-турк лицейлари "Билим-инновация лицейлари"га ўзгартирилган

Қозоғистон расмийлари мамлакатда фаолият юритаётган қозоқ-турк лицейлари Туркия Таълим вазирлиги тасарруфига ўтиши мумкинлиги ҳақидаги хабарни рад этди. Олдинроқ Туркия элчиси Невзат Уяник лицейлар Туркия ҳукумати бошқарувига ўтиши мумкинлигини айтганди. Қозоқ томонига кўра, лицейлар номи ўзгарган ва олдин қандай фаолият юритган бўлса шундай ишлашда давом этади.

Қозоғистон таълим ва фан вазирлиги матбуот хизмати тарқатган хабарда айтилишича, 2 март куни Туркиянинг Қозоғистондаги фавқулотда ва мухтор элчиси Невзат Уяник қозоқ-турк лицейлари Туркия Таълим вазирлиги бошқарувига ўтиши мумкинлиги ҳақида гапирган.

"КТЛ (қозоқ-турк лицейлари) "Билим-инновация лицейлари"га ўзгартирилган ва Қозоғистон таълим андозалари бўйича ишламоқда. Қозоғистон Таълим ва фан вазирлиги ҳамда Ташқи ишлар вазирлиги бу борада қўшма баёнот билан чиқади. Ҳозирча шуни маълум қиламизки, қозоғистонликлар ушбу хабардан (Туркия элчисининг баёноти. Би-би-си таҳр.) хавотирга тушишмасин. "Билим-инновация лицейлари" ишлаяпти ва ишлашда ўзгаришларсиз давом этади", - дейилади вазирлик хабарида.

Туркия элчиси Невзат Уяник Қозоғистоннинг baq.kz сайтига берган суҳбатида Қозоғистонда фаолият юритаётган турк лицейларининг Туркия ҳукуматига алоқаси йўқлигини ва ушбу лицейлар Туркияда тўнтариш уюштиришда айбланаётган Фетҳулла Гуленга тегишли эканлигини айтган.

Элчи Туркияда ФЕТО номи билан машҳур ушбу гуруҳ мамлакат таълим тизимини қўлга олиб келажакда давлат тўнтаришлари амалга ошириши мумкинлигидан хавотир билдирган.

"ФЕТО гуруҳига қарши чораларни бирлаштириш борасида икки давлат ўртасида ягона комиссия тузиш бўйича бир қарорга келинди. Бунинг натижасида икки мамлакатнинг тегишли идоралари махсус ишга киришишини кутаяпмиз", - деган Невзат Уяник.

2016 йилнинг 16-17 июл кунлари Туркияда бир гуруҳ ҳарбийлар ҳокимиятни қўлга олишга ҳаракат қилган эди. Туркия ҳукумати ушбу тўнтариш ҳаракатига АҚШда истиқомат қилаётган Фетҳулла Гулен ва унинг издошларини айблаб чиқди.

Туркия томони дунёнинг турли бурчакларида Гуленга алоқадор турк лицейларининг айримлари ёпилиши керак деган талаб билан чиқди.

Қирғизистон ҳукумати бундай талабни очиқчасига рад этди ва лицейлар фаолият юритишда давом этмоқда.

Туркиянинг Қозоғистондаги элчиси қозоқ-турк лицейларини ёпиш талаби билан чиқмади. Аммо ушбу лицейларга нисбатан ҳукумат миқёсида чора кўрилиши кераклигини айтди.

Натижада лицейлар қарашли бўлган "KATEV" халқаро жамғармаси ўтган йилнинг октябор ойида қозоқ-турк лицейларини "Билим-иновация лицейлари" дея ўзгартирди.

"KATEV" қарамоғида 27 лицей бор. Ушбу лицейларда асосий фанлардан туркиялик ўқитувчилар дарс беради.

Қозоқ-турк лицейлари Қозоғистонда анча машҳур ва у ерда ўқиш пуллик.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber да: +44 78-58-86-00-02

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг