Ситора: ‘Ўлимимга розиман, фақат...’

Афғон аёли Фото муаллифлик ҳуқуқи COURTESY

'...Фақат юрагим шу қизларимга куяди. Менинг на саводим бор, на ишим ва на-да уйим. Фақат намозимни биламан. Дунёнинг нималигидан хабарим йўқ, ўлимимга розиман...'

'Хотин-қизлар куни қайси ва ёки Оналар куни қачон?..Ҳеч биридан хабарим йўқ. Тўрт девор орасида қамалиб қолган одамман. Мендан на бирор бир кимса хабар олади ва ёки қўнғироқ қилиб, ҳолинг нима, дейди?.."

Тафсилотлари видеолавҳамизда - назардан қочирманг.

Бу - тўрт фарзанднинг онаси бўлмиш 27 ёшли Ситора. Қўшни Афғонистоннинг ғарбий Ҳирот вилоятида истиқомат қилади.

У бундан тўрт йилча аввал ўз эри томонидан шафқатсиз зўравонликка дучор бўлган.

Гиёҳванд модда учун қизалоғини сотишга изн бермагани сабаб, банги эри фарзандларининг кўз ўнгида Ситорани калтаклаб, пичоқлаб, бурун ва лабини кесиб ташлаган.

Ситоранинг 8 март - халқаро Хотин-қизлар куни муносабати билан Би-би-си Ўзбек Хизматига берган суҳбатида айтишича, орадан шунча йил ўтиб ҳам, зўравон эри ҳануз қўлга олинмаган, очиқда, қочиб юрибди.

"Ҳозир Ҳиротдами ва ёки бошқа ерда, билмайман. Озодликда экани боис, қўрққанимдан уйдан ташқарига чиқолмайман. Қизларимни ҳам бирор жойга олиб бормайман. Шериклари билан келиб, уларни бир нарса қилиб қўйишидан қўрқаман", - дейди Ситора.

Кечмиш

Фото муаллифлик ҳуқуқи COURTESY

Унинг айтишича, ўша мудҳиш ҳодиса ортидан тўрт фарзанди билан бирга ҳануз онасининг уйида истиқомат қилишади.

Орада қатор ноҳукумат ташкилотларининг кўмагида аввал Туркия, сўнгра Испания ва Америкада пластик жарроҳлик амалиётларини ўтказган.

Аммо, Ситоранинг айтишича, бурни ва лабини тиклашга қаратилган бу амалиётлар яхши чиқмаган, юзини янада бузиб қўйган.

"Худодан ўзга мададкорим йўқ. Ака-укаларим ҳам ғариб, ночорликда кун кўришади. Уларга ортиқ малол келмаслик учун бошқа ерга чиқай десам, пулим йўқ. Давлат идораларига кўмак сўраб, бош уриб ҳам кўрдим. Аммо, мана, икки ҳафтадирки, уринишларим самарасиз. Шунга ёрдам берай, деган одам йўқ", - дейди Ситора.

Агар, ўзининг сўзларига таянилса, Ситора буткул саводсиз, бирор бир ерда таҳсил олишга улгурмаган.

Бор-йўғи 7 ёшда экан, уйдагилари томонидан отаси тенгги, оилали ва фарзандли бўлган банги бир эркакка 20000 афғоний (ҳозирги ҳисоб-китобларда қарийб $300 АҚШ доллари)га сотилган.

"Қанийди, 8 мартга ўхшаган кунлар баҳона жабр кўрган, қайғу-ғам чеккан афғон аёлларига ҳам ҳурмат кўрсатилса, эътибор қаратилса эди...Аммо бизга ўхшаган аёлларга ҳеч ким диққат қилмайди, шундай экан, бунинг нима фойдаси бор?", - дейди Ситора.

Суҳбатдошимизнинг айтишича, овозларини чиқаришга жабрдийда аёллар ўзларининг журъатлари етишмайди. Шу боис ҳам, саслари тўрт девор орасида қолиб кетади. Ҳеч кимнинг ундан хабари бўлмайди, давлат ҳам эътибор бермайди.

"Агар, Афғонистон давлати ҳақиқатан ҳам бир давлат бўлиб, зўравонларни ўзлари содир этган жиноятлари мисол жазолаган, дейлик, лабини кесса эди, бошқалар кўриб, бу ишга ортиқ журъат қила олишмасди. Бу - менинг фикрим".

"Бу дунёдан, бу ҳаётдан ҳеч нима кўрмадим. Қизларимни ўзимдек бўлишларига рухсат бермайман", - дейди ҳиротлик суҳбатдошимиз Ситора энг сўнггида.

Зўравонлик ва зўравонлар

Фото муаллифлик ҳуқуқи SOCIAL MEDIA

Янги миллий бирдамлик ҳукумати қудратга келган ва катта сондаги Ғарб бошчилигидаги иттифоқ қўшинларининг сафарбарлиги ортидан кечган сўнгги икки йил ичида эса, бутун Афғонистон бўйлаб афғон хотин-қизларига қарши бу каби шафқатсиз зўравонлик ҳоллари кескин ортган.

Ҳозирга келиб, жабрдийда аёлларнинг ўзлари ҳам бошларига тушган кўргуликлар ҳақида кўпроқ гапира бошлашган.

Шу боис, бу каби зўравонликлар оммавий-ахборот воситаларида ҳам ўз аксини топмоқда.

Бироқ, таҳлилчиларга кўра, ҳалиям кўплаб маиший зўравонлик ҳоллари тўрт девор орасида қолиб кетади.

Айрим жабрдийдалар эса, бу ҳақда, ҳатто, миқ этиб оғиз очишга қўрқишади.

Бошқалари эса, полиция ва адлия тизимига ишонишмайди.

Шу боис ҳам, қанчалик оғир бўлмасин, ўз дардларини ичларига ютишни маъқул кўришади.

Шу яқин йиллар ичида айрим жабрдийда аёллар четда ўз бурун ва лабларини тиклаб, қайтишга ҳам муваффақ бўлишган.

Уларга Афғонистондаги турли нодавлат ташкилотлари ва гуруҳлар молиявий кўмак беришган.

Маиший зўравонликлар ҳануз Афғонистон тўқнаш келиб турган учта асосий муаммодан биттаси.

Афғонистонда "Хотин-қизларни маиший зўравонликлардан ҳимоя этиш тўғрисида"ги қонун 2009 йилда қабул қилинган.

Аммо, қарийб икки йилдирки, янги таҳрирдагиси парламент муҳокамасидан ўта олмай келади.

Устига устак, ҳозир Толибон дохил турли исёнчи гуруҳлар қайта фаоллашгани кузатилади.

Бу эса, шундоқ ҳам қалтис аҳволда бўлган афғон хотин-қизларини янада мушкул аҳволда қолдирган.

Маҳаллий фаолларга кўра, бутун мамлакат бўйлаб қонун устиворлиги таъминланса, одамларнинг ҳуқуқий саводхонлиги оширилса ва ночорликка барҳам берилса, бу каби даҳшатли жиноятларнинг олдини олиш мумкин бўлади.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber да: +44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook- BBC UZBEK
  • Google+ BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - bbcuzbekradio
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг