Ўзбекистон қўшниларига аксилчигиртка ёрдамлари

Чигирткалар Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Тожикистоннинг Ўзбекистонга чегарадош икки вилояти баҳорги экин-тикин бошланиши олдидан чигирткаларга қарши курашда асқотадиган техника ва жиҳозлар олишган.

Тожикистоннинг зироат вазирлиги Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалик ташкилотидан 1 миллион 200 минг долларлик кўмак олган.

Булар тўртта автомобиль, 37 мотоцикл, маълумот тўплаш учун фойдаланиладиган 40 планшет, алоқа ва офис ускуналаридир.

Шунингдек, БМТ Тожикистонга 15 автомобиль, дори пуркагичлар ўрнатилган бешта трактор, қўлда ва транспорт воситасига ўрнатиш мумкин бўлган пуркагичлар, пестицидлар, қўл насослари ва бошқа зарур ускуналарни тақдим этишни режалаштирган.

Сўнгги йилларда чигиртка кўпайиши, Қозоғистон, Ўзбекистон ва Тожикистонда катта майдондаги экинларни еб битириб, деҳқончилик, умуман мамлакатлар иқтисодиётига сезиларли зарар етказгани кузатилди.

Ўзбекистон қўшни Қозоғистон ва Тожикистонда кўпайган чигирткалар ўз далаларига ўтиши олдини олиш чораларини кўришига тўғри келди.

2015 йили БМТ чигиртка ёпирилишига қарши курашда кўмаклашиш мақсадида Япониянинг JICA тараққиёт агентлиги билан ҳамкорликда Марказий Осиёнинг уч мамлакати - Тожикистон, Қирғизистон ва Афғонистонга маблағ ажратишга қарор қилди.

Уч йилга мўлжалланган 4,85 миллион долларлик лойиҳа ҳамон давом этмоқда.

Уч мамлакатнинг чигирткага қарши кураш мақсади кўзланган вилоятларининг деярли ҳаммаси Ўзбекистонга қўшни ва чигиртка ўтиши эҳтимоли мавжуд ҳудудлардир.

Булар - Тожикистоннинг Суғд, Хатлон вилоятлари, Қирғизистоннинг Боткен, Жалолобод, Норин вилоятлари, Афғонистоннинг Балх, Бағлон, Қундуз, Самангон ва Таҳор вилоятлари.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber да: +44 78-58-86-00-02

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг

Алоқадор мавзулар