Россия: 'Ҳаж учун мигрантларга ҳам рухсат беринг'

Каъба Фото муаллифлик ҳуқуқи COURTESY

Россиядан олинган хабарларга кўра, жорий йилда 20500 та мусулмон муқаддас Ҳаж зиёратини адо эта олишади.

Бу - 2015 йилги рақамлардан қарийб 10 мингтага кўпдир.

Тафсилотлари видеолавҳамизда - назардан қочирманг.

Россия Муфтийлар Кенгаши вакилининг баён қилишича, ўзларига берилувчи Ҳаж квотасини аввалги - бундан тўрт йил бурунги миқдорга қайтаргани учун Саудия Арабистонидан ниҳоятда миннатдорлар.

Кенгаш раҳбари биринчи муовини Рушан Аббясовнинг бу сўзлари Саудия Арабистони Ҳаж ва Умра ишлари бўйича вазири Муҳаммад Бантан билан яқинда бўлиб ўтган учрашуви чоғида янграган.

Томонлар зиёратчилар учун кўзда тутилган қўшимча тўлов миқдорини камайтириш баробарида, Россияда бўлган хорижий фуқароларга ҳам Ҳаж визаси берилиши масаласини муҳокама этишган.

Ўзбекистондаги айрим интернет нашрларининг раиси Равил Гайнуддинга таяниб хабар беришларича, Россия Муфтийлар Кенгаши Саудия Арабистони томонидан ўзларига берилган квота доирасида марказий осиёлик мигрантларга ҳам Ҳаж зиёратини адо этишларига изн беришларини сўраган.

Аён бўлишича, Саудия арабистонилик масъуллар ўзларининг бу сўровларига тушуниш билан ёндашишган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи COURTESY

Муфтий Равил Гайнуддинга кўра, Саудия Арабистони рози бўлган тақдирда, 200 дан 400 нафаргача меҳнат муҳожири Ҳажга бора олиши мумкин бўлади.

Хабар тафсилотларидан аён бўлишича, Россия томонининг сўрови йил давомида амалга ошириш мумкин бўлган кичик Ҳаж ва ёки Умра зиёратини ҳам кўзда тутади.

Россия Муфтийлар Кенгаши раҳбарига кўра, меҳнат муҳожирлари асосан Умра зиёратини адо этиш истагини билдиришади.

Пойтахт Москва муфтийси Ильдар Аляутдиновнинг РИА Новости ахборот агентлигига айтишича, айни мазмундаги илтимослар жуда кўп янграётгани боис, бу масалани, ҳатто, энг долзарблари қаторига қўшса бўлади.

Бугун Россияда меҳнат қилаётган Марказий осиёлик муҳожирларнинг сони 4.5 дан 6 миллионтагача, деб тахмин қилинади.

Улар аксариятининг эса, ўзбекистонликлар ҳисобига тўғри келиши айтилади.

Бунга қадар Россия Муфтийлар Кенгашининг Саудия Арабистони томонига айни мазмундаги сўров билан чиққанига оид хабарлар олинмаган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи COURTESY

Жорий йилда аҳолиси сони 32 миллионга яқинлашган Ўзбекистон учун ҳам Ҳаж зиёрати квотаси қарийб 40 фоизга оширилган.

Сўнгги янгилик манзарасида 7200 кишининг Ҳажга бора олишлари мумкинлиги айтилган.

Ўтган йиллар давомида бу кўрсаткич 5000 дан ортиқроқ миқдорни ташкил қилиб келган.

Саудия Арабистони ҳар бир мамлакатга алоҳида Ҳаж квотасини беради.

Аммо айни квотанинг қанчасини истифода қилиш ва кимни, қандай йўлда жўнатиш қарорини бу давлатларнинг ўзлари беришади.

Ҳаж зиёратига оид сўнгги ўзгаришларда айрим чекловлар ҳақида ҳам сўз боради.

Эндиликда муқаддам Ҳаж зиёратига борганларнинг такроран сафар қилиши мушкуллашади.

Ўзбекистон ижтимоий тармоқларида эса, Ҳаж зиёрати учун навбат бир неча йилларга чўзилаётгани, таниш-билишчилик ва айрим ҳолатларда порахўрлик ҳам кузатилаётгани юзасидан баҳс этилади.

Ҳар йили Ҳаж зиёратини адо этадиган мусулмонлар сони 3 миллиондан ортиқ экани айтилади.

Саудия Арабистони учун зиёратчиларни қабул қилиш сўнгги йилларда анчайин мушкул вазифага айланган.

Саудия Арабистони Ҳаж зиёрати учун квоталарни мамлакатдаги ҳар минг мусулмонга бир ўрин билан белгилайди.

Аммо мусулмон аҳолиси кўп бўлган давлатларга айни қоида тадбиқ этилмайди.

Ҳаж Ислом динидаги бешта фарздан бири бўлиб, мусулмон киши иқтисодий ва жисмонан бунга тайёр бўлиб, қурби етсагина буюрилади.

Мусулмонларнинг бирдамлиги ва Аллоҳга эътиқодини намойиш этувчи маросим қариийб 1400 йилдан буён давом этиб келади.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber да: +44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook- BBC UZBEK
  • Google+ BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - bbcuzbekradio
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг