Бишкекдан 'Регнум' муҳаррири чиқариб юборилди

Бишкек Фото муаллифлик ҳуқуқи COURTESY

Узоқ йиллар давомида қўшни Қирғизистон пойтхатида ҳеч бир муаммосиз фаолият юритиб келган Григорий Михайлов нега бирдан бирон бир тушунтиришсиз мамлакатдан чиқариб юборилганига ҳайрон.

Ҳодиса кеча - жума куни кечқурун маҳаллий вақт билан кечки соат 21лар атрофида юз берган.

Россиянинг "Регнум" ахборот агентлигининг Бишкекдаги Бош муҳаррири Григорий Михайлов Қирғизистон Ички Ишлар Вазирлигининг 10-бошқармаси ходимлари ҳамроҳлигида "Оқ йўл" чегара ҳудудига олиб келинган.

Григорий Михайловга Олма отага хизмат сафари билан бориб, Бишкекка қайтаётган чоғим, чегарани кесиб ўтаркан, шахсан ўзим тўқнаш келдим.

Россиялик бу журналист ўзаро чегарадаги мустақил ҳудудда аёли билан турарди.

Унинг мен билан суҳбатида айтишича, ўзининг бу каби ғайритабиий равишда Қирғизистондан чиқариб юборилганидан ҳайрон.

Воқеа

Григорий Михайлов қарийб 15 йилдан буён Бишкекда яшаб келган.

Шу ерда таҳсил олиб, кейинчалик Россия "Регнум" ахборот агентлигининг Қирғизистондаги муҳаррири сифатида фаолият юритиб келган.

"Оқшом соат 6лар чамасида аёлим билан шаҳар марказида сайр қилиш мақсадида таксидан тушдик. Ўша пайтда бизга ўзини Ички Ишлар Вазирлигининг 10-бошқармаси полковниги дея таништирган киши келиб, ҳужжатларимизни сўради. Айнан паспортимни. Олдимда паспортим йўқ эди. Сабаби, мен шунчаки сайр қилгани чиққанман. Тортишиб қолдик. Мен унга ҳужжат олиб юришим шарт эмаслигини айтдим. Полковник эса шартлигини айтди. Кейин у қўпол равишда мен ва аёлимни ўз машинасида уйимга олиб боришини ва паспортимни олиб чиқиб кўрсатишимни талаб қилди" - дейди Григорий.

Унинг сўзларига кўра, аёли милиция ходимларининг хатти-ҳаракатларини видеотасвирга ҳам олмоқчи бўлган, аммо изн беришмаган.

"Аёлим уйдан паспортимни олиб чиқди. Мен Россия фуқаросиман. Ўша пайтда ҳақиқатан ҳам менинг Қирғизистондаги регистрация муддатим якунланган эди. Милиция ходимлари мени шу нарса билан айблаб, давлатдан ташқарига чиқиб, қайта киришим кераклиги ва шу тариқа қайдимни қайта янгилаб олишим кераклигини айтишди. Мен ва аёлимни Қозоғизстон билан чегарадаги "Оқ йўл" пунктига олиб бориб, ўтказиб юборишди. Ўзлари чегара ҳудудига киришмади" - дея эслайди Григорий.

Қўлида фақат паспорт ва уйининг калити билангина, тез орада орқага қайтиш мақсадида йўлга чиққан рус журналисти Қозоғистон чегарасини кесиб ўтиб, Қирғизистон чегара пунктига келганида эса, унга исми аллақандай тақиқланган рўйхатда экани ва давлатга киришга ҳаққи йўқлигини айтишади чегара ходимлари.

"Менга ҳеч қандай бир расмий қоғоз кўрсатишмади. Қачондан бери, қандай рўйхатда эканлигимни ҳам айтишмади. Фақат Қирғизистон Ташқи Ишлар Вазирлигига мурожаат қилишимни айтишди. Мени алдов, қандайдир бир қўрқитиш йўли билан чегарага олиб келиб, мамлакатдан чиқариб юборишди" - дейди россиялик журналист.

Фаолият

Григорий Михайловдан бунинг Қирғизистондаги иш фаолияти билан боғлиқми-йўқлиги борасида аниқ бир нарса дея олмаслигини айтади.

"Бунгача менга ҳеч қандай бир расмий ёки норасмий огоҳлантириш бўлмаган. Билмаяпман, бу нима билан боғлиқ эканлигини. Мен Қирғизистонда ўн беш йилдан бери яшайман ва ишлаб келаяпман. Ўз иш фаолиятим давомида Қирғизистондаги сиёсий ва иқтисодий масалаларни ёритиб келаман. Расмий Москва ёки Бишкек менга ҳеч қачон у ёки буни ёз, деб буйруқ беришмаган. Мен ўзим мустақил равишда ишлайман" - дея тушунтиради Россияннинг "Регнум" маълумот агентлигининг Бишкекдаги муҳаррири Григорий Михайлов.

У айни пайтда Олма отадаги мехмонхоналарнинг бирида қолмоқда.

"Мазкур холат юзасидан Россиянинг Бишкекдаги элчихонасига хабар бердим. Фақат дам олиш кунларига тўғри келганлиги сабаб, уларнинг жавоблари бироз кечикиши мумкин. Қирғизистон Ташқи Ишлар Вазирлигидан ҳам бу ҳақда сўрайман, албатта" -дейди журналист.

Ҳозирча Қирғизистон Ташқи Ишлар Вазирлиги мазкур холат юзасидан маълумот бермади.

Марказий Осиёда "демократия оролчаси", дея аталувчи Қирғизистонда бу каби холатлар биринчи марта кузатилаётгани йўқ.

2015 йилнинг декабрь ойида "Хьюман Райтс Вотч" инсон ҳақларини сақлаш халқаро ташкилотининг Қирғизистондаги ваколатхонаси раҳбари Мира Ритман ҳам Истанбулдан Бишкекка учиб келган пайтда, аэропортдан орқага қайтарилган.

Ўша пайтда ҳам Қирғизистон Ташқи Ишлар Вазирлиги юз берган ҳодисани изоҳларкан, ҳуқуқбонга тақиқ қўйилганини айтиш билан чекланган, холос.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber да: +44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook- BBC UZBEK
  • Google+ BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - bbcuzbekradio
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг