Президент Атамбоев: Қирғизистондаги вазиятни беқарорлаштирмоқчилар

Алмазбек Атамбоев Фото муаллифлик ҳуқуқи COURTESY

Президент Алмазбек Атамбоевнинг ишонишича, қатор оммавий ахборот воситалари Қирғизистондаги вазиятни беқарорлаштиришни ўз олдиларига мақсад қилиб қўйганлар.

Шунингдек, Президент Атамбоев сўз эркинлиги баҳонасида айрим матбуот органларини ўзига нисбатан туҳмат ва ёмонотлиқ қилиш кампаниясини олиб бораётганликда айблаган.

Алмазбек Атамбоев имзоси билан баёнот матни 11 март куни Қирғизистон президентининг расмий веб-сайтида эълон қилинган.

«Охирги вақтда Қирғизистон Республикасида матбуот эркинлиги ҳуқуқи шиори остида гўёки мустақил журналист, оммавий ахборот воситаси ва сиёсатчиларнинг бир гуруҳи ўзлари учун жазосиз бўҳтон қилиш ва ўзларига ёқмаган инсонлар, биринчи галда умумхалқ сайлови билан сайланган мустақил Қирғизистоннинг Президентига мағзава ағдариш ҳуқуқини талаб қилмоқдалар", деб ёзилган Қирғизистон президенти расмий сайтида.

Алмазбек Атамбоев "эркинлик учун сохта курашчиларга қонун барчага баробарлигини тегишли органлар эслатиб қўядиган фурсат етган"ини айтган, ҳозир Қирғизистон ва халқига "тинчлик, барқарорлик ва бирдамлик керак", деб ёзган.

Президент Атамбоевнинг ушбу баёноти Қирғизистондан Россиянинг "Регнум" ахборот агентлигининг Бишкекдаги Бош муҳаррири Григорий Михайлов чиқариб юборилиши ҳамда Бош прокуратура Қирғизистон шаънини ҳимоя қилиш мақсадида "Озодлик"нинг Қирғиз хизмати ва Zanoza.kg веб-сайтига қарши бўҳтон билан боғлиқ бир неча миллион сомлик жиноят иши қўзғатгани ортидан эълон қилинган.

Бундан олдин Қирғизистон прокуратураси Президент Атамбоевни муҳофаза қилиб мухолиф журналист Дайирбек Орунбековга қарши туҳмат бўйича жиноят иши қўзғатган.

Қудратдаги Социал-Демократик партия эса ўз шаънини ҳимоя қилиб 24.kg веб-сайтига қарши даъво аризаси киритган, маънавий зарарни ундириш учун товон тўлаш талабини илгари сурган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқалибоғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook - BBC UZBEK

Google+BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - uzbekbbclondon

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг