Қозоқ хонандалар нега мустақиллик кунини билишмайди?

Фото муаллифлик ҳуқуқи KTK
Image caption Жазира Байырбековага кўра Қозоғистон 1986 йилда Совет Иттифоқи таркибидан мустақил бўлиб чиққан.

Қозоғистонлик санъаткорларнинг мамлакат Мустақиллик куни борасидаги билимлари, аниқроғи бу каби билимнинг уларнинг кўпчилигида йўқлиги жамоатчиликни ҳайратга солди.

Бу каби сўровни ўтказган КТК каналининг оммабоп "Instaлайық" дастури машҳур хонандаларнинг ватанпарварлигини синаб кўрмоқчи бўлди.

Рэпер ва журналист Жан Ахмадиев артистлардан Қозоғистон қачон мустақилликка эришганини сўради.

Хонанда Жазира Байырбекова мустақиллик куни, яъни 16 декабрни тўғри топди, аммо йилда янглишди - унга кўра Қозоғистон 1986 йилда Совет Иттифоқи таркибидан мустақил бўлиб чиққан.

34 ёшли Серикбол Сайлаубек эса: "Билмайман қачон давлатимиз истиқлолга эришганини. У вақтда мен ёш бола эдим", - дея жавоб берди.

Қўшиқчи Женис Исқақова мактаб дастуридан савол бермасликни сўради.

"Ўша пайтда бурним битиб қолиб саҳнада "Менинг Қозоғистоним" деган қўшиқни айтгандим. Албатта, бу кунни билишимиз керак", - дея қўшимча қилди у.

Ижтимоий тармоқларда фикр қолдирган қозоғистонликлар "ўз ватани тарихи билмаган" санъаткорларни қоралашди.

Қозоғистон Совет Иттифоқининг 15 республикаси ичида охиргиси бўлиб - 1991 йилнинг 16 декабрида мустақиллик эълон қилган.

Аммо, Ўзбекистондан фарқли ўлароқ, мустақиллик куни Қозоғистонда дабдаба билан нишонланмайди.

Қозоқ таҳлилчиларига кўра, 2011 йилнинг 16 декабрида Жанаўзен шаҳрида юз берган нефть соҳаси ходимларининг қўзғолони даврида 15 кишининг отиб ўлдирилиши ҳам айни сананинг аҳамиятига путур етказган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber да: +44 78-58-86-00-02.

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг

Алоқадор мавзулар