Паловдан кейин навбат отларгами?

Президентлар Фото муаллифлик ҳуқуқи turkmenistan.gov.tm

Расмий хабарларга кўра, қўшни Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳаммедов ўзининг зотдорлиги билан бутун дунёда ном таратган Ахалтекин отларини "жаҳон номоддий маданий мероси" рўйхатига киритиши учун Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг ЮНЕСКО жамғармасига ариза бермоқчи.

Тафсилотлари видеолавҳамизда - назардан қочирманг, қизиқ.

Туркманистон раҳбарининг бу таклифи "Туркмен атлары" давлат бирлашмасининг яқинда бўлиб ўтган йиғини чоғида янграган.

Унда мамлакат йилқичилик саноати ва от спорти соҳасининг раҳбарлари ва етакчи мутахассислари иштирок этишган.

Туркманистонда йилқичиликни янада ривожлантириш баробарида, Ахалтекин отларини жаҳон номоддий меросининг ноёб кўриниши сифатида сақлаб қолиш масаласини муҳокама этишган.

Четда Ахалтекин отлари билан машҳур Туркманистон ўзини халқаро от саноати билан уйғунликда кўришни истайди.

Айни мақсадда айнан Ахалтекин отларини назарда тутиб асос солинган ва бош қароргоҳи пойтахт Ашхободда жойлашган халқаро уюшма ҳам бир неча йилдан буён фаолиятда.

Президент Бердимуҳаммедов кейинчалик халқаро миқёсда қайддан ўтказиш учун йиғин чоғида Ахалтекин зотига мансуб отларнинг махсус каталогини тузишга ҳам буйруқ берган.

Айни ўринда эслатиб ўтиш жоиз, Туркманистонда энг зотдор Ахалтекин отларини асраб қолишга қаратилган ишлар, йилларки, шахсан мамлакат президенти бошчилиги остида олиб бориб келинади.

Туркманистондаги Ахалтекин отларининг сони уч мингдан ортади ва бу отлар ўзининг зотдорлиги, гўзаллиги, қанчалар келишганлиги билан ажралиб туради.

Бундан ташқари, апрел ойининг сўнгги якшанбаси Туркманистонда "Ахалтекин отлари" куни сифатида нишонланади.

Ҳар йили шу куни мамлакатда отлар орасида турли хил мусобақалар, пойгалар ва танловлар уюштирилади.

Гўзаллик танлови ғояси ҳам марҳум туркманбоши Сапармурот Ниёзовнинг ўлими ортидан аста-секинлик билан мамлакатининг имижини ўзгартиришга ҳаракат қилаётган Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳаммедов томонидан бундан олти йилча бурун ўртага ташланганди.

Туркман раҳбарининг ўзи ҳам отнинг ашаддий ишқибози экани, бўш вақтларида отда юриб, ҳордик чиқаришни яхши кўриши айтилади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи COURTESY

Ахалтекин отлари Туркманистонда ўзига хос ифтихор рамзига айланган, давлат рамзининг марказидан ўрин олган ва қатор хорижий давлат раҳбарларига энг олий ҳадя сифатида тортиқ этилган.

Яқинда Туркманистонга илк хорижий давлат ташрифини амалга оширган Ўзбекистон янги президенти Шавкат Мирзиёев ҳам ана шундай давлат раҳбарларидан бирига айланганди.

Бундан ташқари, Ахалтекин отлари акси бу йилги ёпиқ иншоотларда бўлиб ўтувчи V Осиё Ўйинлари рамзида ҳам ўз ифодасини топган. Ўйинларга эса, пойтахт Ашхобод мезбонлик қилади.

Марҳум Туркманбоши Сапармурот Ниёзовнинг 2004 йилда атайин Ахалтекин отларига атаб нақ 20 миллион АҚШ долларига ҳордиқ марказини қурдириши кўпчиликни ҳайрону лол қолдирганди.

Ҳордиқ марказининг яна чўмилиш ҳавзаси, тиббиёт масканларига эга экани ва ҳаво совутгичлар билан шамоллатиб турилиши ҳам айтилганди.

Туркманистондан олинган сўнгги янгилик ЮНЕСКО томонидан ўзбекча ва тожикча паловнинг "жаҳон номоддий маданий мероси" рўйхатига киритилишидан саноқли ойлар ўтиб ўртага чиқмоқда.

Ўтган ўн йил ичида, яна шунингдек, Наврўз байрами, Шашмақом, Катта ашула, Аския санъати ва Бойсун маданий муҳити ҳам бу рўйхатдан жой олган.

Асраб қолиш учун ЮНЕСКОнинг бу рўйхатига бутун инсоният учун қадр-қимматга молик бўлган маданий ва табиий қадриятлар киритилади.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber да: +44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook- BBC UZBEK
  • Google+ BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - bbcuzbekradio
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.