Назарбоев: Ворис ҳақида гапиришга ҳали эрта

Назарбоев Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Қозоғистонда ҳокимият алмашиши борасида гап-сўзлар урчиркан, Президент Нурсултон Назарбоев ҳали-бери қудратдан воз кечиш нияти йўқлигига ишора берди. Собиқ Шўро давлатлари ичидаги энг қари Президент бу ҳақда маҳаллий матбуотга берган суҳбатида гапирган.

Конституцияга киритилган сўнгги ўзгаришларга кўра, Президентнинг айрим ваколатлари ҳукумат ва парламентга берилади. Ҳукуматда қилинган сўнгги тайинлашлар матбуотда мамлакатни 1989 йилдан бери бошқараётган 76 ёшли давлат раҳбарининг ворис тайинлаш режасининг бир қисми ўлароқ талқин қилинди.

Ворисга ҳозирча эҳтиёж йўқ

Бироқ Элбоши Президентлик муддати 2020 йилда тугаши боис ворис ҳақида гапиришга ҳали вақт борлигини маълум қилди.

"Албатта, иш жуда ҳам оғир. Бу мамлакат учун яна нима қилишим мумкин, деб ўйлаб, мушоҳада қилиб ҳар доим босим остида бўласан. Лекин мен кераклигимни ҳис қиламан. Ўз вазифамни яхши уддалаяпман ва ишлаяпман. Яна бир марта эсингизга солмоқчиман, мен 2020 йилгача хизмат қилиш учун сайланганман. Бу борада ўйлаб кўришга ҳали вақт бор", - деган Назарбоев маҳаллий журналистлар билан суҳбатда.

Элбоши ушбу гапларни президентлик қилиб чарчамадингизми, мамлакат у танлаган стратегияни давом эттириши керакми, деган саволга жавоб ўлароқ айтган. Мамлакат раҳбари Қозоғистоннинг ривошланиш стратегияси у бошқарувдан кетгандан сўнг ҳам ўзгармаслигини билдирган.

Соғлом Элбоши

Ёши ўтиб бораётган Президент давлат раҳбарининг соғлиғи муҳим эканлигини ҳам айтиб ўтган.

"Аввалам бор, ҳамма нарса халқ ишончига боғлиқ. Кейин мамлакатни бошқараётган одамнинг соғлиғи ва кучига боғлиқ. Президентлик шундайки, сен 100 фоиз кучинг, тажрибанг, қувватинг ва айтиш мумккинки, ҳаётингни беришга тўғри келадиган вазифа. Агар сенинг ҳолатинг шундай ишлашга йўл қўймаса, бу ерда қиладиган ишинг йўқ. Шунинг учун ҳамма нарса вақтга боғлиқ", - деган у.

Ўтган йилнинг октябрида Назарбоевнинг маъмурияти Президент соғлиғи борасида кам учрайдиган баёнот билан чиқди. Оқўрда Назарбоевни "шамоллаб қолганини" айтди. Бу хабар 76 ёшли Элбошининг жиддий хаста эканлиги борасида миш-мишларнинг урчишига сабаб бўлди ва ворис тайинлаш мавзусини ҳар доимгидан ҳам долзарб даражага чиқарди.

Бироқ кейинчалик маҳаллий матбуот Президентнинг яхшилашганини ва ишга қайтгани борасида хабар берди.

Ўлим ёки инқилоб

Совет Иттифоқидан ажралиб чиққанидан буён Марказий Осиёнинг беш давлати раҳбарлари ўз ўрнини икки сабаб билан тарк этишган: ўлим ёки инқилоб.

Масалан, ўтган йилнинг сентябр ойида вафот этган, Ўзбекистоннинг собиқ Президенти Ислом Каримов ҳам унинг вориси ким бўлиши мумкинлиги ҳақида миш-мишларга қарамасдан ҳокимият тепасида қолишига ишора берган эди.

Каримов ҳокимият тепасида кўп ўтиргани учун баъзан танқидларга тутилишини айтганди.

"Мени танқид қилишади, лекин мен ҳали ишламоқчиман. Бунинг нимаси ёмон?", - деган эди у тўртинчи муддатга сайланишдан олдин.

Қирғизистонда 2005 ва 2010 йилларда икки Президентни ағдариб ташлашган.

Бироқ Назарбоев мамлакатда кучли президентлик бошқарувчи сақланиб қолаётганини қайта-қайта такрорларкан, Қозоғистонда инқилоб ёки куч билан ҳокимиятни эгаллаш содир бўлмайдиган кўринади.

"Одамларнинг яхши яшашига шароит яратиб берган бошқарув тизими энг яхшисидир. Мувафаққиятларимиз ва дастурларимизнинг амалга ошаётгани учун уларни бажарилишига мажбур қилаётган қаттиққўл вертикал ҳокимиятдан миннатдор бўлишимиз керак", - деган Назарбоев.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.

Бу мавзуда батафсилроқ