Президентлар қизлари: отасидек қудратли

Президент Доналд Трамп қизи Иванка билан Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP Getty Images

Иванка Трамп Оқ Уй тарихида президент отасига маслаҳат берадиган илк қиз бўлмоқда, шу муносабат билан Би-би-си дунёдаги таниқли қизлар билан яқиндан танишишга қарор қилди.

Оқ Уй маъмурияти эълон қилишича, Иванка Трамп Американинг янги "биринчи қизи" бўлади.

Айтилишича, бундан кейин 35 яшар Иванка Доналд Трампнинг "кўзи ва қулоғи" бўлади, бироқ Оқ Уйнинг Ғарбий қанотидаги иш фаолияти учун маош олмайди.

Иванка Трамп дунё бўйлаб кузатилаётган қудратли шахсларнинг отасига "тиргак" бўлаётган энг охирги тадбиркор аёлдир.

Шу муносабат билан Би-би-си мухбири Валериа Перассо оталарининг қудратли қизлари ролларига назар ташлайди.

Оилавий кампания

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

43 яшар Марям Навоз Шариф Покистон Бош вазири Навоз Шарифнинг қизи.

Одатда оилавий хайрия жамғармасига раҳбарлик қиладиган Марям Навоз Шариф 2013 йилда отасининг муваффақиятли қайта сайланиши кампаниясида салмоқли рол ўйнади.

Ҳозирги пайтда у отаси етакчилик қиладиган Покистон Мусулмон Лигаси партиясида фаолият юритади.

"У доим диққат марказида", дейди Шариф хоним билан бир неча марта юзма-юз учрашган Би-би-си Урду хизмати ходими Осиф Фаруқий. "У қудратли шахс сифатида танилди, уни ҳатто отасининг сиёсий вориси сифатида ҳам кўришмоқда", дейди Би-би-си мухбири.

Ўтган йили сизиб чиққан "Панама ҳужжатлари"да Навоз Шариф қизи ва икки ўғлининг ҳам номлари кўзга кўринган, бу ҳужжатларда айтилишича, покистонлик сиёсатчи фарзандларининг номлари номи ошкор қилинмаган оффшор компанияларига боғлиқ бўлиб, банк ҳисобларидан Лондонда хашаматли бинолар сотиб олишда файдаланилган.

Навоз Шариф айбловларни рад этган, сизиб чиққан ҳужжатларни "сиёсий мақсадда ўзи ва оиласини нишонга олишда" айблаган эди.

Айбловлар Покистон Олий Маҳкамаси томонидан кўриб чиқилмоқда ва яқин ҳафталарда бу борада Олий суд қарори кутилмоқда.

Рокн-ролл раққосаси

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Россия Президенти Владимир Путин ўз шахсий ҳаёти ҳақидаги маълумотларни жуда сир сақлайди ва яқин-яқингача жаноб Путиннинг икки қизи ҳақида кўпчилик деярли ҳеч нарса билмас эди.

"Россия расмийлари уларга бўлган матбуотнинг ҳар қандай қизиқишини ўта шубҳа билан қабул қиладилар", дейди Би-би-си Рус хизматидан Фамил Исмоилов. "Натижада журналистлар имкони борича ўзларини қизиқтирган ахборотни тўплашга ва бу ахборотни Путин оиласи томонидан тасдиқлатишга эриша олишларини синаб кўришга интиладилар", дейди у.

2015 йили жаноб Путиннинг кенжа қизи Екатерина Катерина Тихонова исми-шарифи билан Москва шаҳрида истиқомат қилиши маълум бўлди.

Ўшандан буён россияликлар матбуот орқали Путиннинг қизи бизнесмен Кирилл Шамалов билан турмуш қурганини, Кирилл жаноб Путиннинг эски дўстининг ўғли эканини, ёш оиланинг газ ва нефт-кимё саноатига ётқизилган сармоялар ортидан 2 миллиард долларлик мол-мулк соҳиблари эканидан бохабар бўлдилар.

Ҳозир ёнинг ёши 30 да ва Москва Давлат университети қошидаги "интеллектуал тараққиёт" лойиҳасига раҳбарлик қилади. Бу лойиҳа эса давлат бюджетидан молияланади.

Хабарларга кўра, хорижда унинг номи билан боғлиқ бир неча миллион долларлик шартномалар мавжуд ва у Путининг яқин маслаҳатчиларидан бири ҳисобланади.

Тихонова акробатик рокн-ролнинг ашаддий ишқибози ҳам ҳисобланади ва 2013 йили Швейцарияда бўлиб ўтган Жаҳон чемпионатида бешинчи ўринни эгаллаган.

"Африканинг энг бойи аёли"

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

43 яшар Изабел душ Сантуш Анголани 1979 йилдан буён бошқариб келаётган Президент Жозе Эдуарду душ Сантушнинг тўнғич қизидир.

Изабел давлат бошқарувидаги Sonangol нефт ширкатининг раҳбари ҳисобланади ва 2013 йили Форбс журнали мол-мулкини ҳисоблаб чиқиб уни Африканинг энг бой аёли деб топган, давлатини 3,2 миллиард долларга баҳолаган.

Британияда таълим олган душ Сантуш хоним молия, телекоммуникация ва олмос саноатида ҳам акцияларга эга, бу нарса уни Анголанинг энг таъсири кучли бизнесменлари қаторига қўяди.

Шунингдек, у бир замонлар Анголани колония қилган Португалиянинг электр энергияси, нефт ва газ соҳаларига ҳам сармоя ётқизган.

Халқаро Транспаренси Интернэшнл дунёдаги энг коррупцияга ботган мамлакат деб биладиган Анголада душ Сантуш хонимни отаси президент бўлгани учун шунча бойликка эга бўлганликда тез-тез айблаб туришади. Бу айбловларни унинг ўзи ва маслаҳатчилари кескин рад этиб келишади.

"Мен қўлга киритган муваффақият бир кечада келиб қолгани йўқ. Бу йигирма йиллик меҳнат натижаси", деб айтган душ Сантуш хоним Би-би-сига.

Отасининг суюклиси

Фото муаллифлик ҳуқуқи TURKISH PRESIDENCY/Y. BULBUL/ANADOLU AGENCY/GETTY

Сумайя Эрдўғон 31 ёшда ва у Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғоннинг кенжа ва энг суюкли қизидир.

"Отаси уни жайроним деб атайди", дейди Би-би-си Турк хизматидан Ирем Кўкер. "Туркияда энг гўзал ва қадрли инсонларни оҳу ёки жайрон деб атайдилар".

Сумайя АҚШ ва Британияда сиёсатшуносликни ўрганган ва отаси қудратдаги Адолат ва Тараққиёт партиясига етакчилик қилган пайтида отасига маслаҳатчилик қилган. Бир неча хорижий сафарларда отасига ҳамроҳлик ҳам қилган.

2015 йили Сумайя ўз номзодини парламент аъзолигига илгари суриши мумкинлиги ҳақидаги гап-сўзлар ҳам тарқалди, бироқ бу ўз тасдиғини топмади.

Ҳозирги пайтда у Туркиядаги хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш гуруҳида фаолият юритади.

Сумайя отаси ва Туркия ҳукуматининг қаттиқ ҳимоячиси ҳисобланади.

Президент девони раҳбари ва сенатор

Фото муаллифлик ҳуқуқи PRESIDENCY OF THE REPUBLIC OF TAJIKISTAN

39 ёшли Озода Раҳмон Тожикистоннинг узоқ йиллик Президенти Имомали Раҳмоннинг қизи.

У ҳуқуқшунос дипломига эга ва ўз фаолиятини дипломатияда бошлаган. 2009 йили Ташқи ишлар вазири ўринбосари этиб тайинланган эди.

2016 йили отаси Озодани президент маъмуриятининг раҳбари этиб тайинлади, шунингдек, у Сенат аъзоси ҳамдир.

Озода Жамолиддин Нуралиевга турмушга чиққан ва уларнинг беш фарзанди бор. Жамолиддин Нуралиев Марказий Банк раисининг биринчи ўринбосари лавозимида ишлайди.

Озода давлат лавозимларига эга бўлган Президент Раҳмоннинг ягона қизи эмас. Ўғли Рустам Душанбе шаҳрининг ҳокими, унинг синглиси Рухшона ҳам Ташқи ишлар вазирлигида ишлайди.

Жаноб Раҳмоннинг бошқа қариндошлари ҳам ҳукумат ва бизнесларда юқори лавозимларни эгаллашган ва бу нарса Президент Раҳмонни Тожикистоннинг энг бой-бадавлат ва энг қудратли одамига айлантирган.

Гулнора ва Лола Каримовалар

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Тожикистонга қўшни Ўзбекистонда ҳам бир муддат марҳум президент Ислом Каримовнинг тўнғич қизи Гулнора Каримова отасининг сиёсий вориси сифатида кўрилган вақт бўлди.

2013 йил июлигача Гулнора Каримова Ўзбекистоннинг БМТдаги ва Женевадаги бошқа халқаро ташкилотлардаги элчиси сифатида фаолият юритганди.

Гулнора Каримова ҳам Ташқи ишлар вазирининг ўринбосари, "Форум" жамғармаси раҳбари, "Гули" бренди эгаси сифатида ҳам танилганди.

Гулнора Каримованинг номи Ўзбекистон мобил алоқа бозорига кириш билан боғлиқ коррупция можароларига аралашгани ортидан қатор Оврўпо мамлакатларида тергов бошланди, 2014 йил бошларида Гулнора Каримова Тошкентда уй қамоғига олингани хабар қилинди.

Шундан сўнг ҳатто отаси Ислом Каримовнинг дафн маросимида ҳам Гулнора Каримова кўринмади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи LOLA KARIMOVA-TILLAEVA

Президент Ислом Каримовнинг иккинчи қизи Лола Каримова-Тиллаева отаси ҳаётлигидан тортиб, шу кунгача Ўзбекистон Республикасининг ЮНЕСКО жамғармаси қошидаги доимий вакиласи бўлишдан ташқари, Ўзбекистондаги икки йирик жамоатчилик хайрия болалар ташкилоти Васийлик кенгаши раисаси саналади.

Худди шунинг баробарида Ўзбекистон Гимнастика Федерацияси президенти, Осиё Гимнастика Иттифоқининг фахрий президенти ва агар, интернетда имконли бўлган айрим маълумотларга таянилса, Москва Давлат университетининг Тошкентдаги филиали раҳбари муовини ҳам бўлади.

Лола Каримова-Тиллаева 2016 йил ноябр ойида онаси Татьяна Акбаровна Каримова билан марҳум Ислом Каримов номидаги жамоатчилик хайрия жамғармасини таъсис этганликларини маълум қилган.

Жинсий озчилик овози

Фото муаллифлик ҳуқуқи JOHNNY NUNEZ/ WIREIMAGE/ GETTY IMAGES

Куба Президенти Раул Кастронинг қизи Мариэла Кастро инқилоб етакчиси Фидел Кастронинг жиянидир.

"Унинг онаси Вилма Эспин хотин-қизлар ҳуқуқларининг чемпиони сифатида кўриларди", дейди Би-би-си Мундо хизматидан Лиллиет Хередеро. "Бугун Мариэлани онасининг изидан бораяпти, дейиш мумкин".

1962 йили туғилган Кастро хоним парламент аъзоси ва жинсий озчилик аъзоси ҳисобланган инсонларнинг ҳақ-ҳуқуқлари ҳимоячиси сифатида танилган.

Мариэла Кастро Жинсий маърифат бўйича Миллий Марказга раҳбарлик қилади. Бу ташкилот ҳукумат томонидан молияланади ва ВИЧ-СПИД олдини олиш, гейлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишдек масалалар билан шуғулланади.

У Кубадаги жинсни ўзгартириш амалиётини бепул қилган қонун қабул қилинишида муҳим рол ўйнади ва бу қонун 2008 йили қабул қилинди.

"Шунга қарамасдан унга мубоҳасали шахс деб қарашади. Кўп одамларнинг айтишича, у президентнинг қизи бўлгани учунгина унга бундай ташаббус билан чиқишига изн беришган", дейди Хередеро.