Генерал Дўстум уй ҳибсидами?

Генерал Дўстум Фото муаллифлик ҳуқуқи COURTESY

Бундай даъво билан қўшни Афғонистон Президенти Муҳаммад Ашраф Ғанийнинг турмуш ўртоғи, мамлакат биринчи хоними Рула Ғаний чиққан.

"Афғонистон президенти биринчи муовинига нисбатан қонун қўлланган".

Бу борадаги махсус лавҳамизни YouTube каналимизда кўринг.

"У ҳануз ўз ҳовлисида, уй ҳибсига ўхшаш бир ҳолатда. Бирор бир расмий вазифаси ижросида эканини кўрмайсиз", - деб айтган Афғонистон биринчи хоними.

Рула Ғаний хонимларининг бу сўзларидан Буюк Британиянинг 'The Times' нашрида 26 март санаси билан чоп этилган мақолада иқтибос келтирилган.

Мақоланинг ўзи эса, "Афғонистон президенти биринчи муовини жинсий зўравонликка оид даъволарни рад этаркан, юзага келган қарама-қаршилик", - деб номланади.

Худди шу мақоланинг ўзида генерал Абдулрашид Дўстум юқори мақомли маслаҳатчиси Устод Ҳамидуллоҳнинг ҳам Афғонистон биринчи хоними даъволарига муносабати келтирилган.

Устод Ҳамидуллоҳ Афғонистон президенти биринчи ўринбосарининг "уй ҳибсида" эканига оид иддаони "бўлмағур гап", деб атаган.

Генерал Абдулрашид Дўстумнинг "ҳануз Афғонистон президенти биринчи муовини экани ва истаган пайтда хоҳлаган жойига бора олиши мумкин"лигини таъкидлаган.

Худди шу манзарада Афғонистон президенти биринчи муовинининг ўзи ҳам тарафдорларига мурожаат билан чиққан.

"Айрим муаммолар борлиги, аммо бу билан уларнинг бошларини оғритиб ўтириш нияти йўқлиги"ни айтган.

"Сиёсатга кирганимдан буён ҳамиша фитналар марказида бўлиб келганман. Яқинда уйим атрофига 30 га яқин танк ҳам жойлаштиришди. Аммо менга бунинг пашшачалик фарқи йўқ", - деб баён қилган генерал Абдулрашид Дўстум.

"Улар агар нимадир бўлгудек бўлса, Кобулда нималар юз беришини англаб етишлари шарт. Мен қачон ҳаққимни ва адолатни талаб қилсам, шунга ўхшаш ҳолат юз беради. Мен қонуний йўлда буларнинг барчасини ҳал қиламан".

69 ёшли Афғонистон биринчи хоними мамлакатда бирор бир расмий мақомга эга эмас, аммо, бир неча йилдан буён айрим хайрия-кўмак ташкилотларига кўнгилли равишда ҳамкорлик қилиб келаётгани айтилади.

Тарихча ўрнида

Ўтган ой охирида Афғонистон биринчи вице-президенти идораси генерал Абдулрашид Дўстум сиёсий мухолифи ва Жаузжон вилояти собиқ ҳокими Аҳмад Ишчи иддаолари билан боғлиқ тергов жараёнига кўнгилли равишда ҳамкорлик қилиш ниятида эканликларини баён қилган.

Генерал Абдулрашид Дўстум ўз хавфсизлик хизмати бошлиғи генерал Саттор дохил етти нафар тан қўриқчисини масъуллар қўлига топширгани айтилган.

Афғонистон Ички ишлар вазирлиги матбуот воизи эса, улар барчасининг 22 февраль куни мамлакат Бош прокуратура идораси қаршисида ҳозир бўлишганини маълум қилган.

Сиддиқ Сиддиқий еттовлон устидан расман тергов жараёни бошланганини ҳам билдирганди.

Афғонистон биринчи вице-президентининг жаъми тўққиз нафар тан қўриқчиси Аҳмад Ишчини зўр билан олиб қочиш ва унга нисбатан номақбул муносабатда бўлишда айбланишмоқда.

Воқеаларнинг бу каби ривожи эса, Абдулрашид Дўстумнинг пойтахт Кобулдаги уйи атрофига юзлаб хавфсизлик кучлари ва танклар жойлаштирилиши, ҳовлисига элтувчи аксарият йўллар тўсиб қўйилишидан саноқли кунлар ўтиб кузатилганди.

Аммо генерал Абдулрашид Дўстум ўз тан қўриқчиларини масъул идоралар ихтиёрига топшириш қарорининг бу каби ҳарбий сафарбарликка бирор бир алоқаси бор-йўқлиги номаълум қолганди.

Даъволар ва айбловлар

Ўтган йил охирида сиёсий рақиби ва Жаузжон вилояти собиқ ҳокими Аҳмад Ишчи Афғонистон биринчи вице-президентига нисбатан жиддий даъволар билан чиққан.

Генерал Абдулрашид Дўстумнинг буйруғи билан ўзининг зўр билан олиб қочилганлиги ва номақбул муносабатда бўлинганини иддао қилган.

Афғонистон биринчи вице-президентининг шахсан ўзи ва идораси бу каби айбловларни кескин рад қилган ва буларнинг барчаси "иғвогарлик амали" эканини баён қилган, Аҳмад Ишчини улар эмас, балки Афғонистон хавфсизлик кучлари ушлаганликларини айтганди.

Афғонистон Президенти Муҳаммад Ашраф Ғаний Аҳмад Ишчининг даъволарини синчковлик билан ўрганишга ваъда берган, ўтган ой охирида мамлакат Бош прокуратура идораси генерал Абдулрашид Дўстум 9 нафар тан қўриқчисини ҳибсга олишга буйруқ берган.

Уларни уч бор сўроқ бериш учун ўз ҳузурларига чақиргани, аммо бу хусусдаги сўровлари бежавоб қолганидан шикоят қилиб чиққан.

Афғонистон биринчи вице-президенти девони раҳбари Иноятуллоҳ Фараҳманд ўшанда Би-би-си Ўзбек Хизмати билан суҳбатида генерал Абдулрашид Дўстум тўққиз тан қўриқчисидан икки нафари устидан текширув жараёнлари бундан анча аввал бошланганини билдирганди.

Афғонистон биринчи хонимининг генерал Абдулрашид Дўстум ҳозир "уй қамоғига ўхшаш бир ҳолатда" эканига оид даъволари юзасидан Би-би-си Ўзбек Хизмати яна унинг девони раҳбари Иноятуллоҳ Фараҳманд билан боғланди:

"Ҳеч бир қонун Рула Ғаний хонимларига Афғонистон президентининг хотини сифатида бир ҳакамнинг вазифасини бажариш ва бир маҳкаманинг ҳукмини чиқариш ҳаққини берган эмас. Ҳозиргача бу даъво юзасидан дастлабки текширув ишлари якун топмай туриб, президент хонимининг бундай баёнот билан чиқиши - Афғонистон ички ишлари, Бош қонуни, миллий манфаат ва маслаҳатга қарши бир нуқтаи назар, деб биламан".

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди
Афғонистон президенти биринчи муовини девони раҳбари билан суҳбат.

"Истагимиз - биринчидан, Рула Ғаний ўз мавқеини билдирсин. Кимлиги, вазифаси нималиги, қайси қонун асосида вазифасига нималар кириши энг аввало очиқланиши керак. Афғонистон президенти биринчи ўринбосари халқнинг раъйи билан бу мақомга келган, ана ундан кейин фикр билдирсин", - дейди суҳбатдошимиз.

Афғонистон Президенти Муҳаммад Ашраф Ғаний ва президентлик саройи эса, ҳозирча, воқеаларнинг бу каби ривожи юзасидан бирор бир расмий шарҳ ёки баёнот билан чиқмаган.

Афғонистон биринчи вице-президенти девони раҳбари Иноятуллоҳ Фараҳманднинг айтишича, генерал Абдулрашид Дўстум ҳали-ҳануз Кобулда ва ўз қонуний вазифаси ижросида давом этмоқда.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber да: +44 78-58-86-00-02

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг