"Ҳадя" бепул хайрия дўкони очилди

Ўш шаҳридаги Амир Темур номидаги маҳалла аҳолиси очган "Ҳадя" дўконидан эҳтиёжманд оилалар кийим-кечак ва озиқ-овқат маҳсулотларини олишлари мумкин.

Дўкон бутунлай хайр-саховат эвазига ишлайди ва камчиқим инсонлар бу ердаги маҳсулотларни бепул оладилар.

"Биз аҳоли орасида ночор яшаётган оилаларни кўриб, шу фикрга келдик" - дейди Амир-Темур ҳудудий кенгаш раҳбари Муҳаммадамин Қанатов.

"Кимлардир озиқ-овқатга пул тополмайди, бошқалар боласи учун мактаб кийими олиб беролмайди".

Унинг айтишича, ушбу дўкон очилишига маҳаллий тадбиркорлар кўмак кўрсатишган. Кейинроқ бошқа саховатпеша инсонлар ҳам дўконга пул ва турли маҳсулотлар келтиришган.

"Қорасув" улгуржи бозоридаги тижоратчилар ҳам бу дўкон учун ўз маҳсулотларини арзонлаштирилган нархда беришмоқда.

Айнан қайси оилаларнинг эҳтиёжмандлигини аниқлашда эса ҳудудий кенгашлар ёрдам беришади. Маҳаллалар эҳтиёжманд инсонлар рўйхатини тузишади ёки улар ҳақида алоҳида маълумотнома беришади.

Аммо дўкондан текин маҳсулот олишда муайян чекловлар бор. Масалан, бир марта маҳсулот олган киши фақат бир ойдан кейин келиб, бепул кийим ёки озиқ-овқат олиши мумкин.

Дўкон эгаларига кўра, шу асно барча камбағал оилаларга мавжуд молларни теппа-тенг тақсимлаш имконини беради.

Ҳозирги кунда дўконга нафақат Ўш шаҳри аҳолиси, балки Қорасув, Ўзган, Аравон, Новқат ва бошқа туманлардан ҳам одамлар келишмоқда.

"Мен бу дўконни телевизордан кўриб, қишлоқдаги аёллар билан келдим. Оиламизда ёш болалар кўп. Уларнинг барчасига ҳар доим ҳам кийим-кеча олиб беришга қурбимиз етмайди" - дейди аравонлик Барнисо Тўлўнова.

"Бундай дўконлар шаҳарнинг бошқа туманларида ҳам очилса яхши бўларди" - дейди суҳбатдошимиз.

Ташкилотчиларга кўра, шу кунгача 200дан ортиқ инсон дўкон хизматидан фойдаланган.

Қирғизистон Хитойга чегарадош ва мамлакатдда кичик савдо одамларнинг асосий кун кўриш ва ҳатто бойиш манбаси саналади.

Айни дамда, жамиятда ишсизлик баланд ва камбағаллар сони катта бўлиб қолмоқда.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber да: +44 78-58-86-00-02

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг

Алоқадор мавзулар

Бу мавзуда батафсилроқ