Россия тожикистонлик мигрантларга афв қўллаяпти

мигрант Фото муаллифлик ҳуқуқи Anna Moiseenko

Россия ҳукумати тожикистонлик меҳнат муҳожирларига ушбу мамлакатдаги ҳолатини қонунийлаштириш учун бир ойлик муҳлат берди. Бу юртда қонунни бузиб юрган тожик мигрантлари бир ойнинг ичида тегишли ҳужжатларни тўғрилаб олиши мумкин.

Россияда Марказий Осиёдан энг кўп мигрант Ўзбекистондан эканлиги айтилади. Улар ҳам бу каби афвга муҳтожлиги айтилади.

25 мартдан 24 апрелгача Россияда юрган тожикистонлик меҳнат муҳожирлари ушбу мамлакатда яшаш ва меҳнат фаолиятларини қонунийлаштириб олиш имконига эга бўлган. Масалан, Россияда туриш муддати ўтиб кетганлар бир ой давомида миграция хизматига мурожаат қилиши ва яшаш ҳамда ишлаш ҳуқуқини берувчи янги карточка олиши мумкин.

tajmigrant.com сайтининг изланишлар натижасида маълум қилишича, амнистия борасида қонун ёки ҳукуматнинг бирор қарори йўқ. Амнистия Россия Ички ишлар вазирлигининг ички буйруғи асосида амалга оширилади.

Бу вақт оралиғида мигрантларнинг қонунни бузиб юрганлиги маъмурий жавобгарликка тортилмайди. Ушбу енгиллик фақат Россия ҳудудида юрган тожикистонлик меҳнат муҳожирларига нисбатан қўлланилади. Мамлакатдан депорт қилинганларнинг айрим қатламлари ҳам ушбу афвдан фойдаланиши мумкин.

Ушбу амнистия Тожикистон ва Россия Президентларининг феврал ойида Душанбедаги келишувлари асосида амалга ошаётгани хабар қилинмоқда.

Расмий манбаларга кўра, Россияда миллионга яқин тожикистонлик меҳнат муҳожирлари бор. Ўтган йили 416 минг Тожикистон фуқароси ишлаш учун патент олган.

Кузатувчилар Россияда Марказий Осиёдан энг кўп меҳнат муҳожири Ўзбекистондан эканлигини айтишади.

Уларнинг ҳуқуқлари ҳам энг кўп бузилувчилар қаторида. Ўзбекистон ҳукумати бир неча йиллар Россиядаги мигрантлар масаласига кўз юмиб келди.

Марҳум Президент Ислом Каримов уларни "дангасалар" деб атаган. Ўзбекистонда ҳар доим уларни ортга қайтариш учун ҳаракатлар бўлгани айтилади.

Бироқ сўнгги вақтларда Россияда юрган меҳнат муҳожирларига нисбатан Ўзбекистон ҳукуматида муносабат ўзгара бошлагани айтилади.

Шу йилнинг 21 феврал куни Ўзбекистон Меҳнат вазирлиги қошидаги Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги делегацияси меҳнат миграцияси бўйича икки томонлама ҳамкорлик муносабатларини ривожлантириш мақсадида Москвада бўлган.

Делегация Россия ИИВнинг меҳнат миграцияси масалалари бош бошқармасида учрашув ўтказган. Унда Ўзбекистон фуқароларини Россия ҳудудида меҳнат фаолиятларини олиб боришлари учун жалб қилиш масалаларига қаратилган икки мамлакат ҳукумати ўртасидаги келишув лойиҳасига оид масалаларни муҳокама қилинган.

Ҳуқуқ ҳимоячилари меҳнат муҳожирларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида Ўзбекистон ҳукумати етарли ишлар қилмаётгани ва бу борада Россия ҳукумати билан фаол ишлмаётганини айтиб келишади.

Ҳатто фаолиятидаги сустлик боис Ўзбекистоннинг Россиядаги элчиси истеъфосини сўрашган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber да: +44 78-58-86-00-02

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг

Бу мавзуда батафсилроқ