Қирғизистондаги митинглар анатомияси

Кыргызстандагы митингдер

Қирғизистонда митинглар жамиятдаги жараёнларнинг ажралмас бир бўлаги сифатида шаклланган. Инқилоб ортидан бу ерда икки ҳукумат алмашди.

Мамлакатда кунлар исий бошлаши билан сиёсий кучларнинг фаоллашуви одатга айланиб қолаётгандек. Маҳаллий мутахассислар Қирғизистонда ҳар йили ёз келиши билан қўзғалиб қоладиган митинглар сабабини "амалга ошмаган инқилоб" тезиси билан тушунтиради. 2010 йилдан бери Қирғизистонда қаршилик кўрсатиш сиёсатининг табиати ҳам жиддий ўзгаришларга учрамоқда.

Қирғизистонда митинглар табиати ўзгармоқда

Апрел инқилобидан кейинги намойишларни ўрганган тадқиқотчи Асел Дўлат Қирғизистонда ўтказилиб келинаётган митинглар характерида 4 хусусиятни ажратиб кўрсатади.

"Биринчиси, 2010 йилдан бери Қирғизистонда бўлаётган митинглар борган сари заиф ташкилотчилик билан ўтмоқда. Иккинчи хусусият биринчиси билан узвий боғлиқ. Қаршилик кўрсатиш акцияларининг хулосаси, фойдаси кам бўлаяпти. Учинчидан, мамлакатдаги митинг-пикетлар мунтазам давом этмаяпти. Бошқача айтганда тинч намойишлар олдингидек узоқ муддатга чўзилмай, бир икки йиғилишлар билан чекланиб кўламли даражага чиқмаяпти".

Тўртинчидан, қаршилик кўрсатиш сиёсатида янгилик, инновацион технологиялар тажрибада қўлланилмаяпти. Яна бир эътиборли томони, 2010 йилдан сўнг Қирғизистондаги сиёсий тизимни англаш қийин бўлиб қолди, дейишади мутахассислар.

Сабаби сиёсий саҳнада янги институтлар пайдо бўлиб, айримлари кучсизланса, баъзилари аксинча янги кенг ҳуқуқларга эга бўлиб қолди. Ечимлар қабул қилишнинг расмий ва норасмий каналлари аралашиб гибрид система пайдо қилди.

Бу оддий одамларнинг тизимни тушуниб етишини бироз оғирлаштириб қўйди. Бошқача айтганда, фуқаролар уларнинг муаммоларига ва талабларига ким жавобгар эканлигини билмай қолишди.

"Сиёсатшунослик илмида "айбга нисбат бериш муаммоси" (blame attribution problem) деган тушунча бор. Бу фуқароларнинг талабларига ким жавобгар эканлигини англатади. Бунга қадар Қирғизистондаги авторитар тизимда айбдор одам яққол кўриниб турарди. Муаммоларга кимга бориб тақалишини ҳамма биларди. Масалан, "Акаев кетсин", "Бакиев кетсин" деган чақириқлар ҳали ҳам одамларнинг ёдида. Бошқача айтганда, митинглардаги бу шиорлар орқали одамларнинг норозилиги кимга қаратилгани тушунарли эди. Бироқ 2010 йилдан кейин жавобгарлар кўпайиб кетди. Шундай бўлса-да, яқиндан бошлаб жавобгарлар сони қисқариб, барча норозиликлар Президент маъмуриятига қаратила бошлади, десак бўлади. Бироқ бунга қадар бу система тарқоқ эди", - дейди Асел Дўлат.

Қирғизистонда учинчи инқилобга асос борми?

Қирғизистонда кунлар исий бошлаши билан фаоллашадиган митинглар - учинчи инқилоб бўладими, деган саволларни пайдо қилади. Бу йилги ёз ҳам намойишлардан ҳоли эмас. "Ата Мекен" партияси лидери Ўмурбек Текебаевнинг қамалиши ва "Заноза" нашри билан "Азаттиқ" радиосига нисбатан Бош прокуратура даъволари йирик митинглар уюштириш учун хамиртуриш ташлади.

Ўш, Жалалободда мухолифат лидерлари бирикиб қурултой чақиришди, Бишкекка юриш уюштириш масалалари кўтарилмоқда.

Бишкекдаги мухолифат 29 март куни телерадиокомпания қаршисида намойиш ўтказишга тайёргарлик кўрмоқда. 26 март куни парламентнинг собиқ депутати, узоқ муддат хорижда юриб Қирғизистонга қайтган Садир Жапаровнинг тарафдорлари уни қўлллаш учун намойишга чиқди. Ҳуқуқ-тартибот органи ходимлари билан тўқнашув бўлиб 60 дан ортиқ киши маъмурий тартибни бузганлиги учун қамоққа олинди.

Мамлакатда бўлаётган қаршилик кўрсатиш сиёсатини яқиндан кузатиб келаётган жамоат фаоли Динара Ошурахунова Қирғизистонда айни дамларда бунгача амалга ошган икки инқилоб арафасидаги ҳолатлар қайтарилаётганини айтади.

"Бу ҳодисалар, ҳукуматнинг ҳаракатлари - барчаси айни ўхшашлик билан қайталанмоқда. Боз устига таниқли сиёсатчиларни қамаш, уларнинг тарафдорларига нисбатан куч ишлатиш чоралари, ундан сўнг айрим медиа воситаларини ёпишга ҳаракатлар, қўрқитиб-ҳуркитишлар. Биз бу нарсаларни 2005 ва 2010 йилларда бошимиздан ўтказганмиз. Ҳозир ҳам худди шундай бўлаяпти", - дейди Ошурахунова.

Бироқ 2015 йили "лола инқилоби" шарафига яратилган истироҳат боғи очилиш маросимида Президент Алмазбек Атамбаев Қирғизистонда учинчи инқилобга асос йўқлигини таъкидлаганди.

"Владимир Путин билан бўлган учрашувда мен ноўрин ҳазил қилган бўлишим мумкин. Бироқ Қирғизистонда учинчи инқилоб бўлмайди. Менга ишонаверинглар. Ҳозир Қирғизистон умуман бошқа мамлакат, инқилоб қилишга асос йўқ. Вазият ярата олишмайди. Мабодо кимдир ҳаракат қилса қонун доирасида жавоб беради. Ўйинлар ва савдолашишларнинг даври битган", - деганди Президент.

Ростдан ҳам Қирғизистонда вақт ўтган сари одамларнинг митинг-пикетларга нисбатан иштиёқи ўлиб бораётганга ўхшайди. Мамлакатда норозилик акцияларига чиққанларни ёқтирмайдиганлар, қўлламайдиганлар пайдо бўлмоқда. Ижтимоий тармоқларда кўчага чиққанларни айбловчи постлар ёзилмоқда. Митингларни қўлловчилар билан қизғин баҳсларни кўриш мумкин.

Тадқиқотчи Асел Дўлатга кўра, мамлакатда бирин-кетин ўтаётган митинглардан наф бўлмаётгани жамоатчилик ҳаракатининг сустлашганидан дарак беради. Унинг айтишича, Қирғизистонда одамларнинг сиёсатга бўлган ишончи ўлиб бормоқда.

"Сиёсий тизимдан кўнгил қолиши, унга ишонмаслик бошқа барча нарсага нисбатан ишончнинг йўқолишига олиб келади. Мобиллашув микродинамикасида бу қандай ишлайди? Сиёсий тизимга, ундан сўнг одамларга, фуқароларга ишонч ўлади. Тадқиқотимда фукароларнинг намойишларга бўлган изоҳлари ва муносабатларини ўргандим. Сиёсий тизимга ва сиёсатга ишончнинг камайиши намойишларнинг обрўйини тушириб юборди. Бошқача айтганда, бугунги кунда қаршилик билдириш, ижтимоий қарши туриш эмас, фейк (қалбаки) қолди", - дейди "Манас" қирғиз-турк университети доценти Асел Дўлат.

"Амалга ошмаган инқилоб"

Қирғизистон расмий маълумотларига таянилса, митинглар сони йилдан йилга ўсмоқда. 2015 йили мамлакат бўйлаб 434 намойиш бўлган, 2016 йилда уларнинг сони 596 га етган. Йил бошидан бери уч ойнинг ичида 88 намойиш ташкил қилинган.

Мутахассислар Қирғизистондаги туганмас митингларнинг сабабига турли изоҳ беришади. Сиёсатшунос Медет Тулегенов Қирғизистондаги норозилик акцияларига "амалга ошмаган революция" дея изоҳлайди.

"Мен "амалга ошмаётган инқилоб" тезиси устида жуда кўп ўйландим. Икки марта революция бўлган жойда, кўпинча биринчиси мақсад-муродига етмай қолган бўлиб чиқади. Битмай қолган бундай цикллар роҳатсизлик яратади. "Амалга ошмай қолган революция" тезисида бошланиш мантиқи бор, бироқ интиҳо логикаси йўқ бўлади. Бу ерда Троцкийдан "перманентлик революцияси"ни мисол келтириш мумкин", - дейди Медет Тулегенов.

Сиёсатшуносга кўра, 2010 йилдан бошлаб ўтказилаётган митинглар характерига хос яна бир хусусият ташқи омилларнинг пайдо бўлиши. Масалан, элчихоналар олдида норозилик акциялари кўпайди.

Сўнгги йилларда Қирғизистонда дипломатик элчихоналар қаршисида митинглар кўпайганини кўриш мумкин.

28 феврал куни Россия Президенти Владимир Путиннинг Қирғизистонга ташрифи арафасида жамоат фаоли Ўндуруш Тўқтўнасиров Қирғизистон фуқаросининг ўлимига олиб келган йўл транспорт ҳодисасига сабабчи бўлган элчихона ходимининг жазога тортиш талаби билан митингга чиқди.

2016 йилнинг 26 майида АҚШ элчихонаси олдига 300 одам тўпланиб "Компаньон" банкига қарши норозилик акцияси уюштирди.

Туркия элчихонаси олдида 2015 йилнинг 27 ноябрида норозилик намойиши ўтган. Йиғилганлар Туркия ИШИД билан ҳамкорлик қилиб, нефт савдоси билан шуғулланаяпти, деган айбни қўйишган. Улар Россия ҳарбий учоғининг Турк ҳаво кучлари томонидан уриб туширилишига ўз норозилигини билдирган.

Ўша йилнинг 27 февралида Белоруснинг Бишкекдаги элчихонаси олдида 30-50 чоғли одам йиғилиб Бакиевни экстрадиция қилиш талабини қўйган. Йиғилганлар "Бакиевларга ўлим", "Белорус жиноятчиларни яширма", "Лукашенко, кимни ҳимоя қилаётганиннгни биласанми?" каби чақириқлар билан чиқишган.

Митингчи-рекордчи - Ўндуруш Тўқтўнасиров

Белорус элчихонаси қаршисида Бакиевнинг экстрадициясини сўраш, Россия элчихонаси олида қирғиз фуқаросини уриб кетган элчихона ходимини жазога тортиш бўйича акциялар билан машҳур, "митингчи-одам" Ўндуруш Тўқтўнасиров 2010 йилдан бери 100 дан ортиқ тинч намойишлар уюштирган.

Фаолнинг айтишича, ушбу акцияларнинг кўпчилиги ўз фойдасини берди, айрим сиёсий ечимларни чиқаришда таъсир ўтказди.

"Тушунганлар бор. тушунмайдиганлар бор. Бу билан тил топишиб бўлмайди, "митингчи-одам" дейишади. Нима деса деяверишсин, ҳар кимнинг ўз фикри бор. Мен уларни ҳурмат қиламан, бироқ кўп ҳолларда тушуниб муомала қилишади. Айримлар, Ўндуруш учун одат бўлиб қолган, керакли плакатни олади-да чиқиб кетаверади, деб ўйлаши мумкин. Йўқ. Мен учун бирор масалада бўйича пикетга чиқиш, бу драмтеатрда янги спектаклни тайёрлаган режисёр ё бош рольни ўйнаган актёрдай гап. Хавотирланаман, ўйланаман, эртанги акция нима бўлади деб уйқум қочиб, туни билан тўлғониб чиқаман. Бундан ташқари айрим масалалар бўйича тегишли идораларга олдиндан мактуб ёзаман. Улардан менга жавоб келмаса, кейин норозилик акциясига чиқаман. Мен йўқ ердан автоматик равишда пикетга чиқиб кета олмайман", - дейди фаол.

Тўқтўнасировнинг фикрича, Қирғизистондаги ҳар бир одам ўзининг фуқаролик позициясини шу каби акциялар орқали билдириб турса, жамият шунча тез ривожланади.

Бироқ "Фуқаролик жамият ва демократия учун" коалицияси аъзоси Динара Ошурахунованинг айтишича, мамлакатда борган сайин норозилик кўрсатиш салоҳияти камайиб бораётгандек. У бунинг сабабини 2010 йилдан бошлаб оммавий равишда ишлатила бошлаётган ижтимоий тармоқларнинг таъсири деб билади.

"2010 йилдан бошлаб ижтимоий тармоқлар фаол ишлатила бошланди. Долзарб масалаларни таҳлил қилиш ва норозилик кайфиятидаги фикрлар билан баҳамлашиш виртуал оламга кўчди. Оддий қилиб айтсак, биз Facebookда ўтириб протест қилиб қолдик. Бундай бўлаётгани учун ҳукумат мамнун бўлиши керак. Чунки виртуал норозилик унча қўрқинчли эмас. Бироқ ҳукумат ижтимоий тармоқлардаги гаплар учун ҳам жавобгарлик юклаб, уларни сиқувга ола бошлади. Шундан сўнг одамлар ижтимоий тармоқлардан реал акцияларга чиқа бошлашди. Ҳукуматнинг ўзи норозилик жараёнини виртуалдан реал оламга кўчишига мажбур қилди", - дейди ҳуқуқ ҳимоячиси.

Қирғизистонда фақат ижтимоий ва сиёсий мавзуларда намойишлар бўлади. Митингларни ўрганувчи, тадқиқ қилувчи гуруҳлар ҳам бор.

"Қилим шами" ва "Ёшлар ҳуқуқини ҳимоялаш гуруҳи" мамлакатда 2012-2016 йиллар оралиғида ўтказилган митингларни таҳлил қилган. Унга кўра, Қирғизистонда ўтган намойишларнинг 43 фоизи пойтахт Бишкекка тўғри келади. Ундан кейин вилоятлар келади. Ўш ва Жалалобод шаҳарларида ҳам митинглар сони кўп. Энг кам норозилик акциялари Талас ва Норин вилоятларида бўлган.

"Ёшлар ҳуқуқини ҳимоялаш гуруҳи" нодавлат ташкилоти раҳбари Гулшайир Абдирасулова Қирғизистонда ўтган митингларнинг 70 фоизи ижтимоий ва сиёсий талаблар билан ўтишини айтади.

Инсон ҳуқуқлари ва маданий масалалар талаби бўйича ўтган акциялар деярли йўқ. Абдирасулованинг таъкидлашича, мамлакатда ўтаётган норозилик акцияларнинг аксарияти ижтимоий масалаларга бориб тақалади. Бундай талабларда ўтган митингларга ҳукумат томонидан бирор жавоб ё реакция бўлмаса унинг мазмуни сиёсий тус олади.

"Бироқ ўша ижтимоий масала ечилмай қолса, ўша масалани олиб чиққан тинч йиғин талаби сиёсийга айланиб кетади. Амалда шундай бўлади. Муаммо ечимини топмаса норозилик "кетсин", "келсин" каби сиёсий талабга айланиб кетади", - дейди ҳуқуқ ҳимоячиси.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқалибоғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook - BBC UZBEK

Google+BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - uzbekbbclondon

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.

Алоқадор мавзулар

Бу мавзуда батафсилроқ