Россиянинг ‘фаоллашуви’ Марказий Осиё учун нима дегани?

Путин Фото муаллифлик ҳуқуқи COURTESY

Бу гал Пентагон раҳбарининг баён қилишича, АҚШ Россиянинг Афғонистондаги "ҳозирлиги" ва Толибон билан алоқаларидан ташвишда.

Эслатиб ўтиш жоиз, бунгача Американинг Афғонистон ва Европадаги қатор юқори мартабали генераллари, айрим таниқли сенаторлари ҳам бу каби хавотир билан чиқишган.

Жеймс Мэттисга кўра, "сўз қурол-яроғ ва бошқа нарсалар ҳақида кетмаётган эса-да, Россиянинг Афғонистон Толибон ҳаракатига нисбатан фаоллашаётганига гувоҳ бўлишган".

Пенгатон раҳбарининг таъкидлашича, расмий Москванинг бошқа минтақалардаги фаоллиги манзарасида бу каби вазият, сўзсиз, ўз хавотирларига сабаб бўлмай қолмаган.

Яқин Шарқдаги ИШИД гуруҳининг қадами минтақага етгани аён бўлган ўтган икки ярим йил вақт ичида эса, Россиянинг Толибон билан яқинлашаётгани, уларга, ҳатто, қурол-яроғ етказиб бераётганига оид хабарлар матбуотда кунда-шундалик тус олган.

Аммо расмий Москва бу каби даъволарни изчил равишда рад этиб келади.

Россия томони фақат "ИШИДга қарши кураш ва АҚШга нисбатан қарашларида Толибон билан якдил эканликлари"ни баён қилганди.

Минтақа ва Афғонистондаги ўз манфаат ҳамда мақсадларини кўзда тутиб, бу икковлон Американинг афғон тупроғидаги ҳозирлиги якун топишини исташади.

2014 йилги Ғарб бошчилигидаги иттифоқ қўшинларининг катта сондаги сафарбарлиги ортидан, жорий пайтда Афғонистонда қолган 10 мингдан ортиқ хорижий аскарларнинг аксариятини эса, Америка ҳарбийлари ташкил этишади.

Бундан ташқари, Америка Қўшма Штатлари ҳозир Афғонистонда ўнга яқин ҳарбий базага ҳам эгалик қилади.

2001 йилда Афғонистонда Толибон тузумини қулатишга муваффақ бўлишганига қарамай, АҚШ ва Ғарб бошчилигидаги иттифоқ кучлари ҳозирга қадар афғон можаросига на-да ҳарбий ва на-да дипломатик йўлда якуний ечим топишнинг уддасидан чиқишган.

Янги дипломатик воситачи

Фото муаллифлик ҳуқуқи EPA

Худди шу манзарада Россия ташқи дунёга Афғонистон масаласида ҳам ўзини янги дипломатик воситачи сифатида тақдим этган.

Афғон можаросига ечим топиш учун аллақачон Хитой, Покистон, Ҳиндистон ва Эрон каби минтақадаги асосий ўйинчи давлатлар иштирокидаги тинчлик музокараларига ҳам мезбонлик қилган ва уларни ҳали яна давом этдириш истагини ҳам баён қилган.

Воқеаларнинг бу каби ривожи асосан расмий Кремлнинг Украина инқирозида тутган ўрни сабаб, Россия ва АҚШ ўртасидаги сўнгги йилларда жиддий дарз етган ўзаро алоқалар ҳали-ҳануз ўнгланмаган бир манзарада кузатилган.

Минтақада ўз таъсирини парваришлаш ва янада кучайтириш ҳаракатида бўлган бу икки қудрат ўртасидаги танглик эса, Украина ва Суриядаги воқеалар ортидан, айнан аксарияти Марказий Осиё давлатларига бевосита чегарадош Афғонистоннинг янги прокси уруши майдонига айланишига оид хавотирларни пайдо қилган.

Шу йил январь ойида расман қудратга келган янги президенти Дональд Трамп бошқаруви остида ўзаро алоқаларнинг қайта илишига оид умидлар эса, ҳалича ўзини оқламаган, аксинча, АҚШ сиёсатида аксилроссиявий риторика кучайиши баробарида, Афғонистондаги Америка ҳарбийлари сонини кескин кўпайтиришга оид даъватлар ҳам устма-уст янграй бошлаган.

"Босим"

Фото муаллифлик ҳуқуқи COURTESY

Сиёсий таҳлилчиларга кўра эса, Россиянинг шундоққина биқинларидаги Афғонистонда "фаоллашуви" Марказий Осиё давлатларига нисбатан ҳам геосиёсий ва ҳам хавфсизлик нуқтаи назаридан босимнинг ошиб бораётганини кўрсатади.

"Агар, россиялик экспертларнинг фикрларига қарайдиган бўлсангиз, Россия кейинги даврда бу сўнаётган империя. Сўнишининг асосий индикаторлари эса, бу - биринчиси демография, иккинчиси ҳудудий номутаносиблиги. Яъни, агар, Россиянинг шарқий қисми назарда тутилса, бир квадрат километрга бор-йўғи иккита одам тўғри келади, холос. Унинг иқтисодиёти, сиёсий жозибадорлиги кейинги даврда анча заифлашди. Яъни, президент Путиннинг расмий эътирофига кўра, СССРнинг тарқалиши Россия учун 20-асрдаги энг катта фожеа, тарихий-сиёсий фожеа", - дейди, жумладан, Франциядан сиёсий таҳлилчи Камолиддин Раббимов.

Суҳбатдошимизга кўра, "Россия Марказий Осиёни тўлалигича ўз таъсири остида ушлаб туриш орқали инсоний, геосиёсий, иқтисодий ва сиёсий салоҳиятини парваришлашни ўз олдига мақсад қилиб қўйган".

"Россия Афғонистонга толиблар, "толиблар ҳамкорлиги" орқали қайтар экан, унинг ўша геосиёсий сарҳади, ҳудуди анчагина жанубга кўчган ҳисобланади. Бу орқали эса, Россиянинг Марказий Осиёга таъсир қилиш имкониятлари, яъники, бир томондан, Афғонистондаги воқеалар ва ҳодисалар орқали Марказий Осиё геосиёсати ва хавфсизлигига босим ва ёки таъсир ўтказиш имкониятлари жиддий кучаяди", - дейди бу сиёсий таҳлилчи суҳбатдошимиз.

Ўзбекистоннинг Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти истисно, Россия етакчи ўрин тутувчи ҳарбий-сиёсий блоклар ва иқтисодий иттифоқлардаги иштироки ҳам, йилларки, таҳлилчилар наздларида алоҳида эътибор топиб келган мавзулардан бири бўлган.

Яъни, Туркманистон каби нейтрал давлат эмаса-да, Марказий Осиё давлатлари орасидан фақат Ўзбекистон бу каби ташкилотларга умуман бош қўшмаган ва ёки уларга аъзолиги ҳеч қачон давомий бўлмаган.

Янги режалар

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Худди шу манзарада Пентагон раҳбарининг кеча, жума кунги қилган чиқишида баён қилишича, Афғонистонда АҚШ қўшинлари сонини оширишни тавсия қилиш-қилмаслик борасида ҳалича бир қарорга келмаган.

Аммо, таҳлилчи Камолиддин Раббимовнинг айтишича, агар, бу каби қадамга борса, "АҚШ Россия, Хитой ва расмий Пекиннинг иттифоқчиси бўлган Покистоннинг Афғонистонни кўзлаган лойиҳалари, таъсир доирасини маълум бир маънода камайтира олади".

"Чунки ҳар қандай жойда ҳам сиёсий, геосиёсий бўшлиқ пайдо бўлганда, у ерда парокандалик ва рақобат кучайиб боради. Америка маъмурияти эса, бугун ана шу бўшлиқни сезаяпти", - дейди у.

"Мана, Ироқдан тезда чиқиб кетиш, жиддий бўшлиқ, вакуум пайдо қилди ва ўртада ИШИД ташкилоти пайдо бўлди. Бунинг геосиёсий сабаблари ҳам бор, албатта..".

"Ироқ "фожеаси"дан кейин Американинг вазиятга бераётган баҳоси ўзгарди. Эндиги асосий тенденция, менимча, чиқиб кетиш эмас, Афғонистондаги контингентни қайтадан парваришлаш бўлиши мумкин кейинги йилларда. Бундан кўзланган мақсад эса, жумладан, Россия ва Хитойнинг Афғонистондаги иштирокини имкон қадар пасайтириш".

Худди шу ўринда эслатиб ўтиш жоиз, яқинда Америка томони Россиянинг Афғонистон масаласида айнан Хитой, Покистон ва Эрон билан кучайиб бораётган алоқаларидан ҳам ўз хавотирларини изҳор этганди.

Худди шу манзарада яқинда Россиянинг Афғонистонга бевосита қўшни Тожикистондаги 201-сонли ўқчи бўлинмасини кучайтириш, ҳарбийлари сонини 6 мингга етказиш ҳаракатида эканига оид хабарлар ҳам олинган.

Аммо расмий хабарларда Россиянинг бу истаги Афғонистондан гиёҳванд моддалар контрабандаси ва жангариларнинг хуружини олдини олиш истаги билан изоҳланганди.

Ўтган ой эса, Пентагон раҳбари Жеймс Мэттис мамлакати жорий пайтда Россия билан ҳарбий эмас, фақат сиёсий ҳамкорликка ҳозир эканини баён қилганди.

Муносабат

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Россиянинг Афғонистонда "фаоллашиш" уринишлари ва афғон тупроғидаги ҳарбийлари сонини кескин оширишга оид Америка ҳарбийларининг сўнгги пайтларда устма-уст янграётган даъватларига бирор бир Марказий Осиё давлати расман ўз муносабатини билдирганича йўқ.

Орада Афғонистон Ташқи ишлар вазирининг Россияга, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирининг Кобулга сафарлари кузатилган.

Томонлар ҳар икки учрашув ортидан ҳар томонлама ҳамкорликни кучайтириш истагини изҳор этишган.

Сўз ўз мамлакатлари хусусида кетаётган эса-да, бу хусусдаги муносабатини ҳалича Афғонистон раҳбарияти ҳам расман изҳор этиб чиқмаган.

Афғонистонга бевосита чегарадош бўлган Ўзбекистон раҳбарияти шу пайтга қадар афғон можаросига тинч йўл билан ечим топилишига тарафдорлик қилиб келган.

Шавкат Мирзиёев Афғонистонга оид ўзининг илк расмий баёнотини ҳали муваққат президент экан, ўтган йил октябрь ойида қилган.

Афғонистон билан ҳар томонлама ҳамкорликни кенгайтириш ва мустаҳкамлаш тарафдори эканликларини билдирганди.

Ўзбекистон Толибон тузуми қулатилган 2001 йилдан буён АҚШ бошчилигидаги ҳарбий иттифоқ қўшинларининг Афғонистондаги ҳарбий амалиётлари учун муҳим таъминот йўли вазифасини бажариб келган.

Қўшни Афғонистонни ташқи дунё билан ягона темир йўл ёрдамида боғлаётган ва ўнғай автомобил йўлига эга Ўзбекистон хорижий иттифоқ қўшинларининг оммавий сафарбарликлари ортидан ҳам муҳим мамлакат сифатида қолмоқда.

"Қўшилмаслик сиёсати"

Фото муаллифлик ҳуқуқи Press

Ўзбекистоннинг ҳозирда марҳум президенти Ислом Каримов ҳам ўзининг сўнгги йилларда қилган чиқишларида Афғонистон борасида ўз ақллари билан сиёсат юритишлари ва ўзларига манфаат келтирадиган ишларни қилишларини алоҳида таъкидлаган.

Такрор ва такрор Афғонистон масаласида бетараф сиёсатларига содиқ қолишлари ва у ердаги бирор бир мухолиф гуруҳни қўллаш ниятлари йўқлигини урғулаган.

Афғонистон билан доимо икки томонлама муносабатда бўлишгани ва бундан кейин ҳам худди шу тариқа йўл тутишларини давомий равишда баён қилиб келган.

Аммо Ислом Каримов, "ҳатто, қудратли давлатлар бўлмайдими, ҳозир дунёда ҳеч ким афғон можаросининг эртанги ечими нима бўлишини билмаслиги, мавжуд вазият ўзларини жиддий ташвишга солаётганини" ҳам яширмаганди.

Ўзбекистон янги ҳукумати аллақачон ташқи сиёсатда марҳум Ислом Каримов "концепциясига содиқ қолиш" - қўшилмаслик сиёсатини давом этдиришларини баён қилган.

Ҳали муваққат президенти экан, Шавкат Мирзиёев бундан буёғига ҳам ўзларининг кўпқутбли сиёсат олиб боришларига ишора қилганди.