"6 Марказий осиёлик ИШИДга одам ёллаган"

Санкт-Петербург метросидаги портлашдан кейин кучайтирилган хавфсизлик чоралари Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Россия ҳуқуқ-тартибот органлари Санкт-Петербург шаҳрида асли келиб чиқиши Марказий Осиё республикаларидан бўлган 6 шахсни қўлга олганлари, бу одамлар ўзини "Исломий Давлат" деб атайдиган ва "Жабҳатул-Нусра" гуруҳлари учун жангариларни ёллашда гумон қилинаётганлари ҳақида хабар тарқатдилар.

Расмийлар "Ўрта Осиё республикаларининг 6 фуқароси" ҳибсга олинганларини айтмоқдалар, бироқ уларнинг айнан қайси мамлакатлар фуқаролари эканликлари сир сақланмоқда.

Расмийларга кўра, қўлга олинган кишилар "асосан Ўрта Осиё республикаларидан келган одамларни террорчилик жиноятлари содир этишга ва гуруҳлар фаолиятига жалб қилиш билан шуғулланганлар".

Россия Тергов қўмитаси бу қўлга олинган шахсларнинг Санкт-Петербургдаги 3 апрелдаги метродаги портлашга алоқаси бор-йўқлиги ҳамда портлаш уюштирувчиси билан бу одамларнинг таниш-таниш эмаслиги борасида ҳозирча маълумот йўқлигини маълум қилган.

3 апрел куни тушки соат 14:30 ларда Санкт-Петербурга метросининг "Сенная" ва "Технологический институт" бекатлари ўртасида бораётган поезд вагонида портлаш рўй берган.

Портлаш оқибатида 11 инсон ҳалок бўлган, қарийб 50 киши яраланган.

Шифохонада яна уч инсон ҳаётдан кўз юмди.

Портлашдан кейин метронинг "Қўзғолон майдони" бекатида ҳам портловчи модда топилгани ва уни зарарсизлантиришга муваффақ бўлингани ҳақида хабар тарқатдилар Россия расмийлари.

Санкт-Петербургдаги портлаш ташкилотчиси борасида ҳам шу кунгача ҳам қарама-қарши хабарлар тарқалмоқда.

Дастлаб ҳали Россия ҳуқуқ-тартибот органлари ҳужумда кимни гумон қилаётганларини очиқламасдан туриб Қирғизистон хавфсизлик қўмитасининг ҳужумчининг 1995 йилда Ўшда туғилган Акбаржон Жалилов экани ҳақидаги хабари тарқалди.

Кейинроқ эса Санкт-Петербург метросида портлашни содир этишда гумонланаётган шахснинг Россия фуқаролигини олгани хабар қилинди.

Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги гумондорнинг Қирғизистон фуқароси экани ҳақидаги оммавий ахборот воситаларида тарқалган хабарлар ҳаиақатга тўғри келмаслиги ҳақида баёнот тарқатди.

"Таъкидлаш лозимки, Акбаржон Жалилов ҳеч қачон Қирғизистон Республикаси фуқароси паспортини олмаган. Чунки Россия фуқароси бўлган отасининг аризасига биноан 2011 йили 16 ёшга тўлган пайтида Россия Федерацияси фуқароси паспортини олган ва ўша вақтдан буён Россия Федерацияси ҳудудида яшаб келган", дейилади Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги баёнотида.

Санкт-Петербург метросидаги портлаш учун масъулиятни ҳеч қайси ташкилот ўз зиммасига олмаган.

Россия Тергов қўмитаси портлаш юзасидан "террорчилик хуружи" банди бўйича жиноят иши қўзғатган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook - BBC UZBEK

Google+BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - uzbekbbclondon

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.

Бу мавзуда батафсилроқ