Санкт-Петербург ҳужуми: "Акбаржон содда бола эди"

Шоҳрух Соипов, Ўш

Акбаржоннинг уйи
Image caption Акбаржоннинг болаликдаги уйи

Россиянинг Санкт-Петербург шаҳридаги метрода содир этилган террор ҳуружини амалга оширганлиги айтилаётган Акбаржон Жалиловнинг Ўшлик эканлиги шаҳар аҳолисини ваҳимага солган.

Ўш шаҳар Амир Темур мавзейидаги Беш-капа ҳудудида жойлашган Акбаржоннинг болаликда яшаган уйига қулф осилган, ота-онаси Санкт-Петербург шаҳрига жўнат кетган.

Воқеа содир этилган куннинг эртаси, Акбаржон Жалиловнинг ота-онаси, яқин қариндошлари Россиянинг Федерал Хавфсизлик Хизматининг сўрови асосида Қирғизистон Хавфсизлик Давлат Қўмитасининг Ўш бўлимига олиб келинган ва кечгача ўша ерда ўғли ҳақида маълумот берган.

Маҳалладаги қўшнилар Жалиловлар намунали оила эканлигини айтиш пировардида, диндор эмаслигини ҳам урғулаб ўтдилар.

"Биз бу хабарни эшитиб, шокка тушиб қолдик. Мен Акбаржонни ёшлигидан биламан. У жуда ювош, эслик бола бўлган. Ҳеч ким билан урушмаган. У бундай қилмасди. Кимдир уни нотўғри йўлга бошлаган бўлса керак. Кимки шундай қилган бўлса, уларга Аллоҳ кифоя қилсин. Оиласи ҳам тинч, она-онаси яхши инсонлар" - дейди биз билан суҳбатда қўшниси Сапурахон Исмоилова.

"Амир Темур" мавзейининг ҳудудий кенгаш раиси Анваржон Дадабоев Жалиловлар оиласи 5-6 йил аввал кўчиб келганлигини, Акбаржонни шахсан танимасада, отаси маълум ишлар билан келиб-кетишини айтади.

"Бу оила 2010 йилдан кейин кўчиб келишган. Оилада икки ўғил ва бир қизи бор. Ҳозир бу ерда онаси кичик ўғли билан яшайди. Отаси ва тўнғич ўғли Россияда ишлашади, ўша ернинг фуқароси, Махаллада ҳамма билан яхши муносабатда. Улар билан кўп учрашмайман. Қандайдир бир ҳужжат керак бўлиб қолса, менинг олдимга келишади. Тахминан 5-6 ой аввал кўрганман. Оиласи унчалик ҳам диндор эмас, оддий мусулмонлар каби" - дея таърифлайди Анваржон Дадабоев.

Унинг сўзларига кўра, Амир Темур мавзейи аҳолиси бу маълумотдан таассуфга тушган ва тарқатилаётган хабарлар ёлғон бўлиб чиқса деган умиддалар.

Image caption Акбаржон Жалилов ўқиган мактаб

Акбаржон Жалилов 1995 йилнинг 1 апрелида Ўш шаҳрида туғилган. 2011 йили 16 ёшга тўлганида, Россия фуқаролигини олган ва ўшандан бери Санкт-Петербургда яшаб келган. У Ўш шаҳрининг "Турон" мавзейидаги Тўқтўғул Сотилғанов номли мактабда 8 - синфгача таҳсил олган.

"Акбаржон мактабда ўртача ўқиган. Асосий фанлардан 3 баҳо олган. Онасини кўп чақиртириб, унга ёрдам беришини айтардим. Лекин жуда одобли, тартибли бола бўлган. Ўқувчи ёки ўқитувчилар билан урушиб, айтишганини эслай олмайман. Чизишни яхши кўрарди" - дея эслайди Акбаржоннинг бошланғич синфдаги раҳбари Одинахон Азимова.

Ўқишда пассив бўлсада, бироқ жамоат ишларида фаол бўлиб, синфдошлари билан яхши муносабатда бўлган, дейди Акбаржонни юқори синфда ўқитган раҳбари, ўзбек тили ва адабиёти ўқитувчиси Фотима Қодирохунова:

Image caption Ўқитувчи Фотима Қодирохунова

"Мен Акбаржонни бундай қилганини эшитиб шокка тушиб қолдим. Сабаби, у мактаб даврида ювош бола эди. Хаттоки ота-онасига ўғлидан арзланмаганмиз. Ўқитувчилар ҳам бизга Акбаржон феъл-атворидан нолимасди. Дарслардан 3 ва 4 баҳолар оларди. Ундан нега яхши ўқимаяпсан деб сўрасак, кўзига ёш олиб йиғлаб юборарди. Шанбаликларга фаол қатнашган. Бирор иш буюрсам, ҳеч қачон рад этмаган. Унда қандайдир диний хиссиётларни сезмаганман. Дўстлари билан яхши бўлган. 8-синфдан кейин Амир Темур мавзейига кўчиб кетишганлиги сабаб, бизнинг мактабдан чиқиб кетган" - дея баҳо беради Фотима Қодирохунова.

Мактаб даврида бирга ўқиган синфдошлари билан ҳам суҳбатлашиб, Акбаржон ҳақида фикрларини олайлик дея қилган ҳаракатимиздан натижа бўлмади.

Мактаб билан Акбаржон туғилиб ўсган уйнинг оралиғи тахминан 2 километр. Ҳозир бу уйда Акбаржоннинг отасини эгизак укалари-амакилари яшайди. Уларни ҳам кеча хавфсизлик идоралари сўроққа олиб кетган экан. Сўроқдан чиққанлиги ҳақида эшитиб, бироқ ҳозир қаердалигини билмаётган келинлар Акбаржонни замонавий, хушчақчақ бола дея таърифлайди.

"Биз жуда ҳайратландик. Акбаржон шўх-шодон, фикрлаш қобилияти кенг бола. Уни Россия фуқаролигини олган, у ерда армияда ҳам хизмат қилган деб эшитдик. Сўнги марта уч йил аввал кўрганмиз. Биз билан икки йил яшаган. Ўша пайтдан бери саккиз йил ўтди. Улар Амир Темур шаҳарчасига кўчиб кетишган. Ҳозир ота-онаси яшайди. Ўзи эса Россияда. Уйланмаган. У жуда ҳушмуомала, бирон нарса илтимос қилсак, йўқ демасдан бажарарди. Замонавий кийинарди. Биз у террористга айланганига ишонмаймиз" - дейди келинлардан бири Сурайё биз билан суҳбатда.

Ўш шаҳрида туғилиб ўсган Акбаржон Жалилов Санкт-Петербургдаги кафеларнинг бирида ишлаш билан бирга, махаллий спорт залида машқ қилгани ҳам айтилади.

3 апрелда Санкт-Петербург метросида юз берган портлашда 14 одам вафот этган, 50 дан ортиғи жароҳатланган.

Алоқадор мавзулар

Бу мавзуда батафсилроқ