Санкт-Петербург: ‘Ҳамма гумондорлар ҳибсга олинди’

Санкт-Петербург Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Россия маҳкамаси расмий хабарларда келтирилган исм-шарифларидан аксариятининг Марказий Осиё фуқаролари эканликлари англашилган жаъми 8 гумондордан олти нафарини 2 июнь, қолган иккисини 3 июнга қадар ҳибс остида қолдиришга қарор қилган.

Саккиз нафар гумондордан олтитаси Санкт-Петербург, қолган иккитаси Россия пойтахти Москвада қўлга олинишгани хабар берилганди.

Улар 3 апрель куни Санкт-Петербург метросида амалга оширилган ва ўндан ортиқ инсоннинг умрига зомин бўлган портлашга алоқадорликда гумон этилишмоқда.

Россиянинг қатор етакчи ахборот агентликлари эса, бир аёл киши дохил гумондорлардан икки нафарининг Ўзбекистон фуқароси экани ҳақида ёзмоқда.

Сўнгги олти гумондорга оид қарорни ўтган жума куни Невский туман суди чиқарган, терговчиларнинг бу хусусдаги аризаларини қондириб, уларни 2 июнь кунига қадар ҳибс остида қолдиришга қарор қилган.

Аммо бу хусусдаги расмий хабарларда улардан аниқ қанчасининг қай бир Марказий Осиё давлати фуқароси эканликлари, Россияга қачон, қандай мақсад билан келганликлари ва қандай мақомда эканликларига оид тафсилотлар тўлиғича келтирилмаган.

"Интерфакс" ва РИА Новости ахборот агентликлари эса, бир ўзбекистонлиси дохил улардан айримларининг Россияда қурилиш ишларида банд бўлишгани ҳақида ёзмоқда.

Би-би-си Ўзбек Хизматининг айни мазмундаги хабарларга ойдинлик киритиш мақсадида Ўзбекистоннинг Москвадаги элчихонаси билан боғланиш уринишлари, ҳозирча, самара бергани йўқ.

Тергов томони даъвоси

Худди шу маҳкама ишлари манзарасида тергов томони яна бир бор ўз даъвосини такрорлаган, гумондорлар қўлга олинган Санкт-Петербург шаҳридаги квартирадан "Площадь Восстания" метро бекатида зарарсизлантирилгани билан бир хил портловчи ускуна топилганини баён қилган.

"Площадь Восстания"даги портловчи ускуна эса, "Сенная площадь" метро бекатида амалга оширилган портлашдан қисқа вақт ўтмай топилгани хабар берилганди.

Пойтахт Москвада қўлга олинган қолган икки нафар гумондорни 3 июнь кунига қадар ҳибс остида қолдириш қарори Басманный туман суди томонидан янграган.

Тергов томонига кўра, бу икковлон Санкт-Петербург метро йўналишида портлаш уюштирган шахс билан алоқада бўлишган.

Аммо

Би-би-сига имконли бўлган хабарларга кўра, Санкт-Петербургда қўлга олинган олти нафар гумондордан бештаси маҳкама ҳукмига ошкора норозилик билдиришмаган.

Аммо, аён бўлишича, Москвадаги икки гумондор ўзларини озод этишларини талаб қилишган, маҳкаманинг ўзларини ҳибс остида қолдиришга оид ҳукми юзасидан шикоят аризаси билан чиқишларини маълум қилишган.

Санкт-Петербург метросидаги портлашга алоқадорлик гумони билан жаъми саккиз кишининг қўлга олингани 6 апрель куни расман маълум қилинган.

Худди ўша кун тонгида шаҳардаги квартираларнинг биридан портловчи ускуна топилгани ва зарарсизлантирилгани хабар қилинганди.

"Сенная площадь" ва "Технологический институт" метро бекатлари ўртасида 3 апрель - душанба куни кундузи амалга оширилган портлаш 14 кишининг умрига зомин бўлган.

Ҳодисада Марказий Осиё фуқаролари дохил камида 50 киши яраланган, улардан аксариятининг ҳануз касалхонада эканликлари айтилади.

Расмий хабарлардан яраланганлардан бирининг Ўзбекистон фуқароси экани маълум бўлган, Москвадаги Ўзбек элчилиги Би-би-си Ўзбек Хизмати билан суҳбатида ўз ватандошларининг яраси енгил эканлигини билдирганди.

Россия Тергов қўмитаси портлаш юзасидан "Теракт" моддаси бўйича жиноий иш қўзғатган.

Санкт-Петербургда қурбонлар хотирасига расман уч кунлик мотам эълон қилинган.

Портлаш, фаразлар ва кайфият

Портлашдан кун ўтиб, сешанба куни терговчилар бу - асли ўшлик, аммо ҳозирда Россия фуқароси бўлган 22 ёшли Акбаржон Жалиловнинг "иши" эканини иддао қилиб чиқишган.

Аммо шу пайтгача бирор бир гуруҳ ёки шахс ҳодисага масъулиятни ўз зиммасига олмаган.

Худди шунинг баробарида Санкт-Петербурдаги сўнгги портлаш ортида турган омиллар ҳам номаълумлигича қолмоқда, яъни унинг қандай мақсадда амалга оширилгани сабаблари ҳалича маълум эмас.

Санкт-Петербургда бўлган фаол суҳбатдошимизнинг айтишича, портлашга алоқадорлик гумони билан аксарият Марказий Осиё фуқароларининг ҳибсга олиниши шаҳардаги меҳнат муҳожирларининг кайфиятларига ўта салбий таъсир қилган.

Кўпчилиги ноқонуний мавқеъда бўлган бу мигрантлар ҳануз ўз иш жойларига қайтишдан қўрқиб ўтиришибди, "яна полиция ушлаб, олиб кетмасмикан", деган хавотирда, ҳатто, кўча-куйга чиқишдан ҳам ҳадиксирашади, дейди у киши.

Бу суҳбатдошимизнинг айтишича, шаҳардаги текшир-текширлар ҳали-ҳамон тинмаган.

Кўчалар ва жамоатчилик жойларида одатийсидан кўра катта сондаги полиция ва махсус бўлинма ходимлари кўзга ташланади.