Россия: Мигрантлар жаримага тортилмайди

Мигрантлар Фото муаллифлик ҳуқуқи COURTESY

Москвада бўлган ва миграцияга оид қонунчиликни бузган тожикистонликлар вақтинча маъмурий жавобгарликка тортилишмайди.

Амалда бўлган амнистияга оид битимга мувофиқ, бу фақат бир ойлик - 25 мартдан 24 апрелгача бўлган муддатни кўзда тутади.

Бу вақт оралиғида пойтахт полицияси қонунбузар Тожикистон фуқароларига қарши маъмурий иш очишга ҳақли бўлишмайди.

Аммо, алоҳида таъкидланишича, бу каби дахлсизлик фақат миграцияга оид қонунчиликка амал қилмаганларнигина кўзда тутади.

Яъни, ўғрилик, қотиллик ва бундан бошқа жиноят турларини содир этган тожикистонликлар бунга умид қила олишмайди.

Томонлар ўртасидаги амнистияга оид битим Россия Президенти Владимир Путиннинг шу йил февраль ойида Душанбега сафари чоғида имзоланган.

Россия томони ўз ҳудудида бўлган 200 мингга яқин Тожикистон фуқаросини амнистия этишга рози бўлганди.

Тафсилотлари видеолавҳамизда - назардан қочирманг.

Бу, айрим манбаларда, Россиядаги тожикистонлик мигрантларнинг 35 фоизига тенг миқдор экани айтилади.

Хабарларга кўра, амнистияга оид битим уч категориядаги мигрантларни кўзда тутади.

Яъни, Россия ҳудудига кирган, қолиб кетган, аммо ҳуқуқ-тартибот ходимлари томонидан ушланмаган, қолиш муҳлати тугагач, бир ой ичида Россиядан чиқишга улгурмаган тожикистонликлар бу каби авфга умид қила олишлари айтилади.

Мигрантларнинг қонуний ҳимоясини кўзда тутиб, Россияда бўлган фаоллар янги битимнинг яхши иш эканини айтишади.

Аммо, уларга кўра, ҳатто шунда ҳам, патент олиб, қонуний ишлаш Россияда каттагина сарф-харажатга тушгани боис, катта сондаги меҳнат муҳожирларининг бундай имкониятдан фойдаланишлари ҳақида сўз юритиш ўринсиз бўлади.