Назарбоев: Лотин алифбосига тайёргарлик бошлансин!

Президент Назарбоев Қозоғистонда Кирилл алфавитидан Лотинга ўтишни 2025 йилгача якунига етказишни таклиф этмоқда. Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Президент Нурсултон Назарбоев Қозоқ алифбосини Кириллчадан Лотинга ўтказишга тайёргарликни бошлаш ҳақида ҳукуматига буйруқ берган.

Бу ҳақда жаноб Назарбоев ўзининг "Егемен Казахстан" рўзномасида чоп этилган мақоласида маълум қилган.

"Биз тайёргарлик ишларини бошлаймиз. Ҳукумат Қозоқ тилини Лотинга ўтказиш графигини тузиб чиқишим лозим", деб ёзилган мақолада.

"2017 йил охиригача олимлар ва жамоатчилик вакиллари билан маслаҳатлашувлардан кейин Қозоқ алифбосининг ва Лотин имлосининг ягона стандарти ишлаб чиқилиши керак", деб ёзган Президент Назарбоев.

Президент Назарбоев Қозоғистонда Кирилл алфавитидан Лотинга ўтишни 2025 йилгача якунига етказишни таклиф этмоқда.

"Егемен Казахстан" рўзномасидаги мақоласида жаноб Назарбоевнинг ёзишича, Қозоғистонда 1940 йили Кирилл алифбосига ўтиш қарори сиёсий қарор бўлган.

"Лотин алифбосидан 1929 йилдан 1940 йилгача фойдаланилган. 1940 йил 13 ноябрида Қозоқ тилини Лотин алифбосидан Рус имлосига асосланган алифбога ўтказиш ҳақидаги қонун қабул қилинган. Шу тарзда Қозоқ алифбосининг у ёки бу алифбога ўзгартирилиши сиёсий мазмунга эга бўлган", деб ёзган Президент Назарбоев.

"Бугун болалар мактабда Инглиз тили и ўрганишаяпти ва Лотин ҳарфларини ҳеч бир муаммосиз ўзлаштираяптилар. Шунинг учун ёш авлод учун ҳеч қандай муаммо бўлмайди. [...] Биз 2018 йили янги алифбони ўргатиш бўйича мутахассисларни ҳамда Лотиндаги дарсликларни тайёрлашни бошлашимиз керак. Кейинги икки йил мобайнида биз ташкилий ва услубий ишларни амалга оширишимиз лозим", дейилади Назарбоевнинг мақоласида.

Бугунги кунда Лотиндаги Қозоқ алифбосидан Туркия ва бошқа Ғарб давлатларида яшайдиган Қозоқ диаспораси вакиллари фойдаланадилар.

Бироқ бу алифбо ҳеч қандай мақомга эга эмас.

Шунингдек, ватанини тарк этган Қозоқ муҳожирлари Қозоқ Араб алифбосини ҳам қўллайдилар.

Қозоғистонда 1929 йилдан 1940 йилгача фойдаланилган Лотин алифбоси Яналиф ёки янги Турк алифбоси деб кўрилган.

Яналиф СССРда ташкил қилинган янги алифбо бўйича махсус қўмита томонидан тузиб чиқилган.

Қозоғистонда Лотин алифбосига ўтиш масаласи 2007 йилдан буён муҳокама этилади.

Бизни Телеграмда ҳам кузатиб боринг:https://t.me/bbcuzbek