Мигрант: ‘Санкт-Петербургда ҳануз текшир-текшир’

Россия Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Бу ҳақда Би-би-си Ўзбек Хизмати билан суҳбатида Санкт-Петербургда уч йилдан буён меҳнат муҳожирлигида банд Марказий осиёлик суҳбатдошимиз билдирди.

Унинг айтишича, Санкт-Петербург метро йўналишида амалга оширилган ва ўндан ортиқ инсоннинг умрига зомин бўлган ҳужумдан ўн кунча ўтиб ҳам, шаҳар бўйлаб текшир-текширлар ҳануз тинмаган.

Метро бекатларида ҳалиям ўнлаб полиция ходимлари кўзга ташланади, ҳатто, маҳаллий аҳоли вакилларининг ўзларини ҳам обдан текшириб, сўнгра ичкарига қўйишмоқда, дейди бу суҳбатдошимиз.

Унга кўра, бу каби текширувлардан Санкт-Петербургдаги катта сондаги Марказий осиёлик мигрантлар ҳам меҳнат қилувчи қурилиш сатҳлари-да четда қолмаётир.

Ноқонуний мақомда эканликлари аниқланганлари эса, ортга депортация этилишмоқда, дейди у киши ўзининг айрим танишлари мисолида юз берган воқеаларни ҳам назарда тутиб.

Суҳбат тафсилотлари эса, видеолавҳамизда - назардан қочирманг.

Суҳбатдошимизга кўра, Россияда қонуний мақомда эканига қарамай, ўзи ҳам ҳужумлардан бир ҳафта ўтиб, фақат шу душанба куни яна ишга қайтган.

Чунки метро бекатлари ёпиқ, иш йўқ эди-да, дейди у киши.

3 апрель кунги портлаш ортидан Санкт-Петербургда бўлган фаол суҳбатдошимиз Марказий осиёлик аксарияти ноқонуний мақомда бўлган меҳнат муҳожирларининг "қўрққанларидан иш тугул, ҳатто, кўчага чиқолмай ўтиришгани" ҳақида айтганди.

Бугун - чоршанба куни эса, портлаш қурбонларининг сони 15 кишига чиққан, Ҳарбий-тиббий академияда қолаётган яраланганлардан бири ҳаётдан кўз юмган.

Ҳодисада ўнлаб кишилар яраланган, уларнинг орасида бир ўзбекистонлиси дохил қатор Марказий Осиё фуқароларининг ҳам борликлари хабар берилганди.

Агар, маҳаллий фаолларнинг ҳисоб-китобларига таянилса, ҳам ўзбекистонлик ва ҳам жаъми марказий осиёлик мигрантларнинг сони бўйича Санкт-Петербург пойтахт Москвадан кейин иккинчи ўринда туради.

Худди шу рақамлар манзарасида шаҳарда ярим миллионга яқин ўзбекистонликнинг меҳнат қилиши айтилади.

Маълум бўлишича, аксарияти ноқонуний мавқеъда бўлган бу меҳнат муҳожирлари асосан қурилиш, маиший хизмат кўрсатиш соҳаларида банд ва яна фаррошлик қилишади.

3 апрель кунги портлашга алоқдорлик гумони билан қўлга олинган ва ўтган жума куни бўлиб ўтган маҳкама ортидан, шу йилнинг 2-3 июнь кунларига қадар ҳибсга қолдиришга қарор қилинган 8 нафар гумондорнинг барчаси ҳам Марказий Осиё фуқаролари бўлишади.

Портлаш ижрочиси сифатида эса, 22 яшар асли ўшлик, Россия фуқароси Акбаржон Жалилов гумон этилмоқда.