‘Ҳамма милиционер театрга тушсин’

Милиция ходимлари Фото муаллифлик ҳуқуқи COURTESY

Қўшни Тожикистон Ички ишлар вазири милиция ходимларининг ойига икки марта театрга боришларини шарт қилиб қўйган.

Вазирлик Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати раҳбари Умаржони Эмомалининг Би-би-си Рус Хизмати билан суҳбатида айтишича, "бу - милиция ходимларининг маданий даражаларини ошириш ва уларнинг ижобий образларини яратиш учун муҳим".

"Биз вазир билан бирга театрга тушдик ва бу ҳаммамизга ёқди. Кейин ҳар ҳафта шундай қилишга қарор қилдик", - деб айтган у.

Мухбиримиз Анора Саркорованинг хабар беришича, милиция ходимлари энди ҳар дам олиш кунларида театрга тушишади.

Қиймати АҚШ долларида 1 дан 3 долларгача тушувчи чипта пулини ҳам улар ўзларининг ёнларидан тўлашлари керак бўлади.

Тафсилотлари видеолавҳамизда - назардан қочирманг.

Тожикистон Ички ишлар вазирлиги билдиришидан маълум бўлишича, милиция ходимлари театрга ўз оила аъзоларини ҳам таклиф этишлари мумкин бўлади. Аммо бу - уларнинг ўз ихтиёрларидаги иш бўлади.

Аммо вазирлик милиция ходимларининг айнан қайси театр ва қанақанги спектаклларга тушишлари тафсилотларини беришдан бош тортган, фақат саҳналаштирилган пьесаларнинг Ватанга муҳаббат ва ватанпарварлик руҳида бўлиши шартлигини айтишган.

Мухбиримизга кўра, театрлар учун бу каби маданий юришлар нафақат реклама, балки-да бюджетлари учун салмоқли миқдордаги пул дегани ҳам бўлади.

Тожик кинемотографияси каби театри ҳам жиддий инқирозни бошидан кечирмоқда.

Мавжуд вазият сабаб, ёш актерлар театрларни ташлаб кетишмоқда, спектакллар эса, ярим бўш залларда ўтмоқда, дейди мухбиримиз Анора Саркорова.

Энг сўнггида таъкидлаш жоиз, бу - Тожикистон Ички ишлар вазирлигининг илк бор бунга ўхшаш ғаройиб таклиф билан чиқиши эмас.

Вазирлик йил бошида, агар, ўз ишларини йўқотмай дейишса, оғир вазнликдан азоб чеккан милиция ходимларининг озишларини шарт қилиб қўйганди.