Усмонов Навальнийга қарши: даъво маҳкамада

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images
Image caption Алишер Усмоновнинг айтишича, уни айблашга Навальнийнинг "маънавий ҳақи" йўқ,

Москванинг Люблино туман маҳкамасига "Металлоинвест" холдинги эгаси Алишер Усмоновнинг мухолифатчи Алексей Навальнийга қарши даъвоси келиб тушган.

Бу ҳақда маҳкаманинг расмий сайтидаги хабарда маълум қилинади.

Унда даъвогарнинг шахсан Алишер Усмонов, жавобгар эса Алексей Навальний ва унинг "Коррупцияга қарши кураш" (ФБК) жамғармаси экани айтилган.

Аввалроқ Усмонов Навальнийни ўзига туҳмат қилишда айблаган ва маҳкамага бериш билан таҳдид қилганди.

2 март куни Алексей Навальнийнинг "Коррупцияга қарши кураш" жамғармаси "У сизга Димон эмас" номли тадқиқотини эълон қилган.

Унда Бош вазир Дмитрий Медведевга алоқаси борлиги айтилган кўп сонли кўчмас мулк объектлари ҳақида сўз боради.

Навальнийнинг даъво қилишича, Россия бош вазири бу мулкка эгалик қилади, аммо уни ўз курсдошлари номидаги нотижорий жамғармалар тармоғи орқали бошқаради.

Жумладан, тадқиқотда таъкидланишича, Медведев фойдаланадиган Рублёвкадаги уйни шу каби жамғармалардан бирига Алишер Бурхонович Усмонов исмли киши совға қилган.

Бу исм Россиянинг энг бадавлат тадбиркорларидан бири, мамлакатдаги энг йирик тоғ-металлургия холдингларидан бўлган "Металлоинвест"нинг эгаси, миллиардер Алишер Усмоновнинг исмига буткул мос тушади.

Медведев Навальнийнинг тадқиқоти оммага тақдим қилинишидан бир ой ўтиб муносабат билдирган.

Унинг айтишича, бу компроматнинг ортида "одамларни кўчаларга олиб чиқиш" ҳаракати турибди.

Медведев тадқиқот материалларини "сафсата ва қандайдир қоғозчалар" деб атаган.

Алишер Усмоновнинг айтишича, уни айблашга Навальнийнинг "маънавий ҳақи" йўқ, чунки у ўз ишларини "шаффоф ва қонуний" олиб боради,

Асли ўзбекистонлик миллиардер 100 мингдан зиёд одамни иш билан таъминлагани, хайрия харажатлари эса йилига 100 миллион доллардан ошишини эслатган.

Алексей Навальний Усмоновнинг таҳдидидан қўрқмаслиги ва уни айблашда давом этишини айтган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook - BBC UZBEK

Google+BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - uzbekbbclondon

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг