Блог: Янги ўзбек алифбоси нима бўлади?

Фото муаллифлик ҳуқуқи Taqvim.uz

Қозоғистон лотин графикасига асосланган янги алифбога ўтишини маълум қилди. Жараён шу йил бошланиб, 2025 йилда тўлиқ якунланиши керак.

Ўзбекистонликлар шу янгилик баҳона яна бир бор янги алифбо ҳақида эслаб олишди. Ўзбекистон 20 йилдан ортиқ вақт мобайнида тўлиқ жорий этишни эплай олмаётган лотин алифбоси ҳақида. Асосан икки хил гап. Бир тараф Қозоғистон бекор қилди, бизга ўхшаб на у ва на бу алифбода ёза оладиган чаласаводлар кўпайгани қолади, демоқда. Иккинчи тараф эса, ахир бу Ўзбекистон эмас, Қозоғистон худди Туркманистон ва Озарбайжон каби ўз вақтида лотинга ўтади, биз ўшанда ҳам аросатда юрган бўламиз, дея уқтирмоқда.

Менимча, икки тарафнинг ҳам гапида жон бор. Қозоғистонда алифбони ўзгартириш масаласи кеча пайдо бўлгани йўқ. Нурсултон Назарбоев бу ҳақда анча олдин гапирган ва вақти келиб, Қозоғистон албатта лотинга ўтишини таъкидлаган эди. Яъни бу қарор пухта ўйланиб, пишиб етилгач, қабул қилинмоқда. Қолаверса, Қозоғистонда алифбо алмашиши "сиёсий сабабларга кўра" амалга оширилаётган бўлса ҳам, алифбонинг ўзи сиёсатдан холи. "Туркия алифбосига ўхшаб қолмасин" (Ўзбекистонда, масалан, Туркия билан боғлиқ ҳамма нарса пантуркизм сифатида кўрилади) деган важ билан амалда қўлланилиши қийин харф ва белгилар киритилмаслиги аниқ.

Яна бир муҳим жиҳат, Қозоғистон янги алифбони иқтисодий томондан анча оёққа туриб олган, ахборот технологиялари ривожланган, аҳоли, айниқса ёшлар инглиз тилини яхшигина ўзлаштирган бир даврда киритмоқда. Яъни Қозоғистонда янги китоблар чоп этиш, дастурлар яратишда иқтисодий муаммолар ҳам, компютерда йўқ рамзлар билан боғлиқ муаммолар ҳам, инглиз тилини билган одамларда янги алифбога кўника олмаслик билан боғлиқ муаммолар ҳам бўлмайди. Камида муаммолар у қадар оғриқли бўлмайди.

Шу ўринда инглиз тили ва уни биладиган аҳолининг ўрни янги алифбо жорий этилишида жуда муҳим эканини таъкидлаб ўтиш лозим. Турли атамалар, жой номлари, исм-фамилияларнинг русча эмас, асл ёки инглиз тилидан олиниши лотинга ўтишнинг асл мақсадларига эришишга имкон беради. Лотин алифбоси шунчаки, кирилл алифбосининг транслитерацияси бўлиб қолишининг олдини олади. Масалан, Стокҳолм Стокгольм, Зюрих Сюрих ёки Ҳарри ва Ҳитлер Гарри ва Гитлер шаклида ёзиладиган бўлса, лотин алифбосига ўтишнинг ҳожати йўқ.

Қозоғистонда янги алифбо бошқа тўсиқларга дуч келиши мумкин. Масалан, баъзи рус оммавий ахборо воситалари "Қозоғистон Россиядан узоқлашмоқда", "Лотинга ўтиш Қозоғистондаги русийзабон аҳолига салбий таъсир ўтказади" деган маънода мақолалар чоп этишди. Қозоғистондаги руслар лотинга ўтишни ўзларига қарши ҳаракат сифатида баҳолаб, ўзларини жарбланувчи қилиб кўрсатиши эҳтимоли ҳам йўқ эмас. Россиянинг четдаги русийзабон аҳолини ҳимоя қилиш истаги кучли эканини ҳисобга олсак... Ҳай майли, иш бу даражагача етиб бормаслигига умид қиламиз.

Хўш, Ўзбекистон, аниқроғи, ўзбек алифбоси нима бўлади?

Менимча, Ўзбекистон ўзи учун аниқ, узил-кесил бир қарорга келиб олиши ва икки алифболик даврига нуқта қўйиши керак. 1993-йили лотинга ўтиш қарори хато бўлганини, алифбо ислоҳоти муваффақиятсиз тугаганини, янги алифбони ўрганиш ва ўргатишга сарф этилган маблағлар ҳавога учганини тан олиб, кирилл алифбосига қайтиш мумкин. Бу ўринда рус пропагандасининг, ўзбеклар бизсиз алифбони ҳам эплолмай, совет даврида биз тузиб берган алифбога қайтишга мажбур бўлди, қабилидаги гап-сўзларига чидаш кераклигини ҳам эслаб ўтиш ўринли бўлса керак. Иккинчи йўл-амалдаги алифбога айрим ўзгартиришлар киритиб (аслида энг яхши йўл 1993-йилги илк алифбога қайтиш бўлар эди), лотинга ўтиш жараёнини кучли назорат остига олиб (кириллни тақиқлаш деса ҳам бўлади), ҳеч бўлмаса, Қозоғистон билан баробар лотин алифбосига ўтиш жараёнини якунлаш керак.

Блог муаллифларининг нуқтаи назари таҳририят нуқтаи назарини акс эттирмайди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook - BBC UZBEK

Google+BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - uzbekbbclondon

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг