Афғонистон: ИШИДга қарши ‘бомбаларнинг онаси қўлланди’

Бомба Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

АҚШ Афғонистондаги ИШИД гуруҳига қарши ўз арсеналидаги энг йирик ядровий бўлмаган бомбасини қўллаган ва 36 нафар жангарисини ўлдирган.

Бу ҳақда Афғонистон Мудофаа вазирлиги расман билдирган.

Ҳаво ҳужуми чоғида жангарилар яширинган ерости мажмуаси нишонга олинган.

Вазирликка кўра, ҳужум чоғида тинч аҳолидан ҳеч ким жабр кўрмаган.

"Ҳаво ҳужуми натижасида ИШИДнинг Афғонистондаги муҳим бошпанаси ва ерости йўллари тармоғи яксон этилди, гуруҳнинг 36 жангариси ўлдирилди", - дейилади Мудофаа вазирлигининг бу хусусдаги расмий баёнотида.

Пентагон эса, жума куни тунда бу ҳақда хабар берган.

Афғонистондаги ИШИД гуруҳига қарши ўз ихтиёрларидаги ядровий бўлмаган энг йирик бомбани қўллаганликларини айтган.

"Бомбаларнинг онаси"

"GBU-43" русумидаги бомбанинг узунлиги 9 метрни ташкил этган, оғирлиги эса, 10 тонна бўлган.

У "бомбаларнинг онаси" сифатида маълум бўлган, 2003 йилда синаб кўрилган, бундан аввал ҳарбий амалиётларда қўлланилмаган.

Бомба Афғонистоннинг Покистон билан чегарадош шарқий Нангархор вилоятининг Ачин туманидаги ИШИД жангарилари фойдаланиб келган ерости йўллари тармоғига ташланган.

Афғонистондаги АҚШ Кучлари Бош қўмондони генерал Жон Николсон айтишича, "жиҳодий гуруҳлар йўқотишларга учрашмоқда ва худди шу боис ҳам, ўз мавқеъларини сақлаб қолиш учун қўлбола портловчи ускуналар, бункер, ерости йўлларидан фойдаланишмоқда.

"Бу - ғовларни йўқ этиш ва ўз ҳарбий амалиётларимиз суръатини ушлаб туриш учун энг мақбул ўқ-дори", - дея баён қилган генерал Николсон.

АҚШ янги президенти Дональд Трамп бу ҳаво ҳужумини ўзлари учун "катта муваффақият" сифатида баҳолаган.

Пентагон ва Афғонистон Мудофаа вазирлигининг бу хусусдаги баёнотига ҳозирча ИШИД гуруҳи бирор бир муносабат билдирмаган.