Туркманистон 2025 йилгача тамакидан бутунлай қутиладими?

Туркман чоллари сигарет қутиларини намойишкарона ёқмоқда
Image caption Туркман чоллари сигарет қутиларини намойишкарона ёқмоқда

Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедов мамлакатда кашандаликка бутунлай барҳам беришга қаратилган Миллий дастурни тасдиқлаган. Унга биноан йиллар давомида олиб борилган чора-тадбирлар натижасида мамлакатда нос ва тамаки чекувчи қолмайди. 2025 йилгача тамакидан ҳоли давлат қуриш режалари олдин ҳам маълум қилинганди

Президент Бердимуҳамедов 2017-2021 йилларда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг "Тамаки маҳсулотлари билан курашиш" конвенциясини амалга ошириш борасида Миллий дастур қабул қилган. Бу ҳақда Интерфакс агентлиги Туркманистон Давлат ахборот агентлигига таяниб хабар бермоқда.

Хабарда айтилишича, ушбу дастур соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, тамаки истеъмоли билан курашиш, умр кўриш ёшини узайтириш ва 2025 йилгача Туркманистонни тамакидан ҳоли ҳудудга айлантириш учун самарали чораларни амалга ошириш учун қабул қилинган.

Туркманистон тамаки маҳсулотларига қарши 2011 йилдан бери фаол курашади. Ўшанда тамаки маҳсулотларига акциз солиқлари кескин оширилганди. икки йилдан сўнг жамоат жойларда чекиш расман тақиқланди. Аҳолидан сигарет ва нос чекишни ташлаш қатъий сўрай бошланди.

Шундан сўнг туркман дўконлари ва бозорларидан сигаретлар ғойиб бўлди. Бир қути сигарет нархи 13 долларга чиқиб кетди. Соғлиқ хавфсизлигини сақлаш хизмати Ашхобод бозорларида тез-тез тамакига қарши рейдлар ўтказиб туради.

Сигарет сотаётган сотувчиларга энг кам иш ҳақининг 10 баробари миқдорида (5900 манат ёки 1680 доллар) жаримага тортилади.

Президент Гурбангули Бердимуҳамедов, собиқ тиш дўхтири шифокори, аҳоли орасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилб келади. Маҳаллий телеканалларда унинг спорт турлари билан шуғулланаётганини тез-тез намойиш қилиб турилади.

2013 йилнинг апрел ойида Халқаро журналиситлар иштирокидаги ана шундай намойишларнинг бирида Президент Бердимуҳамедов отдан йиқилиб тушган эди.

Жаҳоннинг энг репрессив давлати

Бу кампанияга бош-қош бўлаётган Туркманистон президенти жаҳондаги энг репрессив давлат раҳбарларидан биридир. У ўзгача фикрлашга тоқат қилмайди.

Президент Бердимуҳаммедова раҳбарлиги остида мамлакатда инсон ҳуқуқлари вазияти жаҳондаги энг абгорларидан бири бўлиб қолмоқда.

Лекин ҳозирда ўз мамлакатини тамакидан ҳоли, дея эълон қилиш ҳаракатига тушган экан, Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти унинг режаларини қўлламоқда.

Унга ҳатто чекишни камайтиргани учун мукофот берилган.

Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти раҳбари билан мукофотни ушлаб тушган президентнинг расми Туркманистон халқаро андазаларга мос мамлакат, деган тасаввурни яратишга хизмат қилмоқда.

Туркманистон президенти айнан ана шундай ном ва обрў орттириш ниятида.

У мамлакатидаги инсон ҳуқуқлари вазиятининг савол остига олинишини ёқтирмайди, қамоқхонларда йўқ бўлиб кетган ҳукумат танқидчилари ҳақида сўз юритилишини истамайди.

Нима учун президент умрбод бўлиши кераклиги ҳақидаги савол кўтарилишини ҳам хоҳламайди.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқалибоғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.

Алоқадор мавзулар

Бу мавзуда батафсилроқ