‘Бомбаларнинг онаси’ Россияга ‘қаратилган’ми?

Путин ва Трамп Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Президент Дональд Трамп бошчилиги остидаги янги АҚШ маъмуриятининг кутилмаганда Сурия ва Афғонистонда қисқа вақтнинг ичида кетма-кет амалга оширган ҳужуми ҳозир ҳам минтақавий ва ҳам халқаро таҳлилчилар орасида худди шу каби баҳоларга сабаб бўлмоқда.

Тафсилотлари видеолавҳамизда - назардан қочирманг.

Шу ой бошида АҚШ Идлибдаги "кимёвий ҳужум"га жавобан ўта кескин мавқеъни намоён этган, Бирлашган Миллатлар Хавфсизлик Кенгаши аксарият доимий аъзолари дипломатия тарафдори бўлган бир манзарада расмий Дамашққа нисбатан куч қўллашга қарор қилган.

Таҳлилчилар наздларида сўнгги пайтларда ҳам Сурия ва ҳам Россия учун аҳамияти ортиб бораётган "Шайрат" ҳаво базасини ўнлаб ракеталари ёрдамида бомбардимон қилган.

Расмий Москванинг ғазабнок муносабатига сабаб бўлган мазкур ҳодисадан бир ҳафта ҳам ўтар-ўтмас эса, АҚШ Афғонистоннинг Покистон билан чегарадош, ИШИД гуруҳининг мамлакатдаги асосий "истеҳкоми" ва Яқин Шарқдаги исломий халифатининг "вилояти" сифатида эълон қилган Нангархор вилоятида ўзининг ноядровий арсеналидаги энг йирик бомбасини қўллаган.

Илк бор 2003 йилда синаб кўрилган ва "бомбаларнинг онаси" сифатида маълум бўлган мазкур бомба бунгача америкаликлар томонидан бирор бир ҳарбий амалиётда қўлланмаган бўлган.

Бу воқеълик эса, Россия энг аввало ўзининг минтақадаги геосиёсий манфаатларини кўзда тутиб АҚШ нинг зиддига Афғонистон ва Афғонистон масаласида фаоллашиш ҳаракатида бўлган бир манзарада кузатилган.

Устига устак, АҚШ томонидан Россиянинг шундоққина жанубий чегараларида жойлашган Афғонистонга "бомбаларнинг онаси" расмий Москва мезбонлик қилган ва ўндан ортиқ минтақа давлати иштирокидаги афғон можаросига дипломатик йўл билан ечим топишга қаратилган тинчлик музокараларининг учинчи босқичи арафасида ташланган.

Толибон тузуми қулатилган 2001 йилдан буён ҳар томонлама Афғонистонда етакчи сўзни айтиб келаётган АҚШ томони эса, Россия бошчилиги остида бўлиб ўтган бу музокараларда иштирок этиш таклифини рад этган.

Бунга сабаб қилиб, расмий Москва такроран рад этиб келаётган эса-да, Россиянинг Афғонистон Толибон ҳаракати билан яқинлашиш уринишлари, музокаралар кун тартибидан ўзларининг аввалдан огоҳ этилмаганликлари ва унинг асл мақсадидан бехабар эканликларини асосий важ қилиб келтирган.

Россия пойтахти Москвада ўтган жума куни бошланган учинчи босқич тинчлик музокараларида эса, афғон можароси ечимида муҳим ўрин тутувчи минтақадаги барча йирик ўйинчи давлатлар қаторида илк бор беш Марказий Осиё Республикаси вакиллари ҳам иштирок этишганди.

Фаоллашув

Фото муаллифлик ҳуқуқи COURTESY

Расмий Москва АҚШ ва айрим йирик Оврўпо давлатлари бошчилиги остидаги қатор ҳарбий коалицияларнинг фаоллиги манзарасида ўзининг ҳарбий иштироки "туб бурилиш" ясагани айтилувчи Суриядаги "муваффақиятли" ҳарбий иштирокидан қисқа вақт ўтмай Афғонистонда ҳам фаоллашиш ҳаракатига тушиб қолган.

Кузатувчиларга кўра, бунга бошқа томондан, расмий Кремлнинг Украина инқирозида тутган ўрни боис, Ғарб томонидан устма-уст жорий этилган турли санкциялардан Сурияда фаоллашиш ҳисобига қутулиш уринишлари кутилган натижани бермагани ҳам сабаб бўлган.

Минтақавий таҳлилчилар эса, расмий Москванинг бу каби саъй-ҳаракатларини, ҳозирга келиб, Россиянинг Афғонистон борасида сиёсий тафаккури ўзгаргани билан изоҳлашган.

Россия минтақадаги узоқ муддатли геосиёсий ва геостратегик мақсадлари учун Афғонистоннинг қанчалик муҳим давлат эканини англаб етганини айтишганди.

Таҳлилчиларга кўра, худди шу боис, Россия ҳозир Ғарб бошчилигидаги иттифоқ қўшинларининг 2014 йилги оммавий сафарбарликлари ортидан ҳам, Америка Қўшма Штатларининг Афғонистондаги давомий ҳарбий ҳозирлигини ўзига нисбатан таҳдид сифатида кўрмоқда.

Россия томонининг даъво қилишича, мавжуд вазият Американинг геосиёсий нуқтаи назардан анча узоқни кўзлагани: Афғонистондан туриб, ўзлари, Хитой, Эрон, Покистон ва бошқа муҳим ўйинчи давлатларни кўзининг остида тутиб туришни мақсад қилганига далолат қилади.

Таъкидлаш жоиз, жорий пайтда АҚШ ҳарбийлари афғон тупроғида 10 га яқин базадан истифода этиш имкониятига эга.

2014 йилги оммавий сафарбарлик ортидан Афғонистонда қолган ва ҳозирлик муддатлари расман шу йил якунида ўз ниҳоясига етиши режаланган жаъми 10 мингдан ортиқ хорижий аскарнинг аксариятини ҳам америкаликлар ҳарбийлар ташкил этишади.

Худди шу манзарада Россиянинг кутилмаганда "ИШИД таҳдидига қарши" Афғонистон Толибон ҳаракати билан яқинлашиш, уларга қурол-яроғ етказиб бериш ва молиявий кўмак қилиш ҳаракатида эканига оид хабарлар Афғонистоннинг Суриядан кейин дунёнинг бу икки қудратли давлати ўртасида "янги прокси уруши" майдонига айланишига оид хавотирларни пайдо қилган.

"Россияпараст" янги республикачи президенти Дональд Трамп бошқаруви остида икки геосиёсий рақиб: Америка ва Россия ўртасидаги алоқаларнинг яхшиланишига оид умидлар эса, бор-йўғи бир неча ойнинг ўзидаёқ чиппакка чиқишни бошлаган.

Айниқса, Дональд Трампнинг "Шайрат" ҳаво базасини бомбалаш қарори ортидан, ҳар икки тараф ошкора ва расман шундоқ ҳам илиқ бўлмаган ўзаро алоқаларининг бу яқин тарихда кузатилмаган даражада совиб кетганини эътироф этиш даражасигача боришганди.

Бу орада АҚШ Қуролли кучларининг Бош қўмондони генерал Жон Николсон "жанг жабҳасида ўзгариш ясаш учун" мамлакати ва унинг иттифоқчиларидан Афғонистонга қўшимча минглаб ҳарбийлар юборишларини сўраган.

Генерал Николсон, бундан ташқари, яқинда АҚШ Конгрессида қилган чиқишида Афғонистон Толибон ҳаракати билан "алоқалари учун" Россия ва Эронни кескин танқид қилишга ҳам улгурганди.

Шундай экан...

Фото муаллифлик ҳуқуқи EPA

Франциядан сиёсий таҳлилчи Камолиддин Раббимовнинг Би-би-си Ўзбек Хизмати билан суҳбатида айтишича, Сурия ва Афғонистондаги сўнгги бомбалаш ҳодисаларининг ҳам АҚШ ташқи ва ҳам ички сиёсатига йўналтирилган ишоралари бор.

"Бунинг Россия ва халқаро ҳамжамиятга қаратилган нуқтаси шундан иборатки, Америка анъанавий сиёсатга қайтаяпти. Шу пайтгача Америка, яъни Трамп изоляционизм сиёсатини эълон қилиб келаётганди. Энди эса, бу - Американинг яна қайтадан куч ишлатиш орқали ўзининг қудратини парваришлаш сиёсатига қайтиши, қайтганда ҳам анчайин бир юқорироқ нуқтада қайтаётгани"га далолат қилади, дейди таҳлилчи суҳбатдошимиз.

"Барак Обама президентлиги даврида Американинг ташқи дунёда куч ишлатиш доктринаси борган сари қисқариб борган эди. Лекин Трамп Сурия ва Афғонистондаги кутилмаган, ҳеч кимнинг хаёлига келмаган ҳарбий фаоллашуви билан Россия, расмий Кремлга биздан кутганларинг ноўрин, биз бу ҳудудларни осонликча бермаймиз, сен фақат бизнинг манфаатларимизга бўйсинишинг, бизни тан олишинггина маъқул иш бўлади, деган муждани бераяпти".

Президент Дональд Трамп бошчилиги остидаги янги АҚШ маъмуриятининг Сурия ҳукуматига қарашли "Шайрат" ҳаво базасини бомбалаш қарорига расмий Москванинг муносабати ўта кескин бўлган.

Россия раҳбарияти "Американинг амали - халқаро ҳуқуқ меъёрларининг бузилиши ва бир суверен давлатга қарши тажовуз" бўлганини айтган.

Расмий Москва Ғарб давлатларидан Сурия ҳукуматининг Идлибдаги сўнгги кимёвий ҳужумга алоқадорлигини исботлаши мумкин бўлган далилларни тақдим этишларини талаб қилишини ҳам баён қилган.

Бунинг ортидан Дональд Трамп мамлакати "тўппа-тўғри иш қилгани"ни айтиб чиққан.

Расмий Вашингтон, ўз ўрнида, Москва Сурия ҳукуматига кимёвий ҳужум асоратларини яширишда кўмак берганлигини даъво қилишгача борганди.

Аммо, бир томондан, ўзининг фаоллашиш интилишлари, иккинчи тарафдан, Нангархорда "бомбалар онаси" -таҳдидидан ўзлари жиддий хавотирда бўлган ИШИД гуруҳи жангариларига қаратилган бўлганига қарамай, расмий Москва АҚШ янги маъмуриятининг Афғонистонга оид сўнгги кутилмаган қарори юзасидан тезкор баёнот билан чиқмаган.

Агар, матбуот воизи Дмитрий Песковнинг сўзларига таянилса, айни масала ҳужум эртасига - 14 апрель куни Коллектив Хавфсизлик Ташкилотининг Бишкек мезбонлик қилган ва Россия Президенти Владимир Путин шахсан ҳозир бўлган йиғини чоғида ҳам муҳокама этилмаган.

Афғонистондан келувчи таҳдид масаласи, ҳар доимгидек, умумиятла музокаралар кун тартибида бўлган.

Ўз ўрнида эслатиб ўтиш жоиз, расмий Кремль АҚШ томонининг Бишкекдаги йиғин ортиданоқ Афғонистон масаласига бағишлаб пойтахт Москва мезбонлик қилган кўп томонлама музокараларда иштирок этиш таклифидан бош тортиш қарорига ҳам ошкора ўзининг расмий муносабатини баён қилмаган.

Буёғи нима бўлади?

Фото муаллифлик ҳуқуқи COURTESY

Лондондан халқаро ҳарбий таҳлилчи суҳбатдошимиз Пол Рожерснинг Би-би-си Ўзбек Хизмати билан суҳбатида айтишича, 80-йиллардаги аччиқ тажрибасини ёдда тутган ҳолда, ўзи ҳам эҳтиёткорона сиёсат олиб бораётганига қарамай, Россия Афғонистоннинг минтақадаги геосиёсий аҳамиятини яхши англаб етади.

"Шу боис ҳам, Россия Афғонистоннинг ғарбпараст бир давлатга айланишини истамайди. Худди шу нуқтаи назардан Толибонни дастаклаш фойдали бўлиши мумкин. Чунки ҳаракат ҳам Афғонистонда қудрат учун талашаётган гуруҳлардан биттаси бўлади. Умуман олганда эса, Афғонистондаги сўнгги саъй-ҳаракатлари билан АҚШ яна бир бор катта сиёсатда ўзининг нималарга қодирлигини кўрсатди. Яъни Нангархорга ташлаган "бомбаларнинг онаси" билан Америка жўғрофий жиҳатдан Россия қанчалик яқин бўлмасин, минтақада ўзини асосий ўйинчи давлат сифатида кўришларини истади", - дейди у.

Ҳам минтақавий ва ҳам халқаро таҳлилчиларнинг бирдек эътироф этишларича, Нангархордаги "бомбалар онаси" билан боғлиқ ҳужумнинг бу икки қудрат ўртасидаги шундоқ ҳам совигандан совиб бораётган ўзаро алоқалар ва минтақадаги воқеаларнинг бундан кейинги ривожига таъсири расмий Москванинг бундан кейин қўяжак қадамига боғлиқ бўлади.

"Аммо Россиянинг бунга нима, деб жавоб беришини ҳозир башорат қилиш қийин. Чунки Россия Трамп билан тил топишишни кутган ва уларда ана шу келишув орқали дунёни бошқариш бир тафаккури, концепцияси шаклланаётган эди. Бу нарса амалга ошмади. Демак, расмий Кремлнинг "тарвўзи қўлтиғидан тушиб кетди", дейишимиз мумкин", - дейди Франциядан сиёсий таҳлилчи Камолиддин Раббимов.

"Менимча, Москва ўйланаяпти. Мана шу "агрессивлик" ва фаолликка фаоллик билан жавоб берадиган бўлса, конфронтация жиддий кучаяди. Чунки Трамп доктринаси бу - олдидан таъбир қилиб бўлмайдиган доктрина сифатида шаклланаяпти. Лекин минтақа, Афғонистон ва Сурия учун бу шиддатли курашув, геосиёсий, бир-бирига халақит берадиган ва муаммолар яратадиган бир курашувни англатади, холос".

Шундоққина девор-дармиён қўшнилари бўлган Афғонистондаги вазият эса, йилларки, барча Марказий Осиё давлатларининг бирдек ташвишларига сабаб бўлиб келади.

Айниқса, катта сондаги Ғарб бошчилигидаги иттифоқ қўшинларининг оммавий сафарбарликлари ортидан кечган бор-йўғи ўтган икки йил ичида Яқин Шарқдаги ИШИД жангари гуруҳининг Покистонда ўзининг минтақадаги янги тармоғига асос солиб, Афғонистонга ҳар томондан сизиб киришга муваффақ бўлганига оид хабарлар эса, уларнинг хавотирларини янада кучайтирган.

Уларнинг ўтган жума куни Москва мезбонлик қилган Россия бошчилиги остидаги учинчи босқич тинчлик музокараларидаги илк иштироклари ҳам худди ана шу ўй-ташвишлари манзарасида кузатилган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи COURTESY

Минтақавий таҳлилчиларнинг бирдек эътироф этишларича ҳам, Афғонистон Россия ва АҚШ учун энг аввало геосиёсат масаласи бўлса, Марказий Осиё давлатлари учун бу биринчи навбатда хавфсизлик масаласи бўлади.

Уларга кўра, мавжуд вазиятдан келиб чиқиб айтилса, Марказий Осиё давлатлари Афғонистон масаласида ҳар қандай лойиҳада иштирок этишга тайёр, имкон қадар мана шу лойиҳалар орқали Афғонистондаги вазиятни том маънода барқарорлаштиришдан манфаатдор.

Таҳлилчилар айни ўринда Марказий Осиё давлатларининг АҚШ ёки Россия қадар қудратли эмаслиги омилига диққат қаратишади.

Худди шундан келиб чиқиб, бир неча минг сондаги жангарининг пайдо бўлиши ва ёки минтақадаги вазиятнинг издан чиқиши Марказий Осиё давлатлари хавфсизлиги, бюджети учун катта муаммолар яратишини айтишади.

Аммо, худди шунинг баробарида, уларга кўра, Украина воқеалари ва умуман олганда, постсовет ҳудудидаги кейинги даврдаги агрессивлик сиёсатидан кейин, Марказий Осиё давлатлари ва умуман, постсовет ҳудуди Россия билан тўғридан-тўғри тўқнашмаслик, жаҳлини чиқармаслик: бир томондан, у билан яхши муносабатларда бўлиш, иккинчи тарафдан, у билан маънавий-маданий алоқалари даражасини имкон қадар пасайтириш - бир вақтнинг ўзида зиддиятли сиёсат олиб боришга ҳаракат қилишади.

"Воқеаларнинг сўнгги ривожи манзарасида Афғонистонда бўшлиқ пайдо бўлиши ёки Путин Трамп билан келишадиган бўлса, Марказий Осиё ҳудудларининг Россия геосиёсий тасарруфига ўтиши мумкин, деган тасаввур шаклланаётган эди, хавф-хатар бор эди. Мана шу хавф-хатар ҳозир чиппакка чиқаётганга ўхшайди. Яъни, Вашингтон томонидан Россиянинг тафаккуридаги манфаатларни тан олиш инкор қилинаяпти. Демак, Марказий Осиёда ҳам муқобил геосиёсий ориентир сифатида Вашингтон қолади ва балким, кучаяди", - дея сўзларига якун ясайди Камолиддин Раббимов.

АҚШ ва Россия

Халқаро ҳарбий таҳлилчи Пол Рожерснинг айтишича эса, Россия АҚШнинг Нангархордаги ҳужумини беэътибор қолдирмайди ва албатта, назарида тутади.

Унга кўра, Дональд Трампнинг қай тариқа сиёсат олиб боришини расмий Кремль катта қизиқиш билан кузатиб боради.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

"Чунки Трамп куч қўллаш сиёсатига кўпроқ урғу беришни бошлади. Айни ўринда масала шундаки, Трамп ҳарбий куч Американи яна буюк қилишда кўмак беради, деган хаёлда ва худди шундан келиб чиқиб, ўз ҳарбийларини Обамадан кўра кўпроқ фаоллаштирмоқда. Бунга Сурия, Ироқ, Ливия, Сомали ва Афғонистонда гувоҳ бўлишингиз мумкин. Россия эса, буларнинг барчасини ўта эҳтиёткорлик билан кузатиб боради ва эҳтимолий чора-тадбирларини кўриб қўйиши лозимлигини ҳам билади. Аммо, шунда ҳам, четдаги ҳарбийларининг сонини оширишга бормайди. Чунки биргина Суриянинг ўзи уларга анча қимматга тушмоқда. Россия иқтисоди эса, у қадар кучли эмас. Аммо Путин ҳар қандай урушда ўта устамон ўйинчи. Шу боис ҳам, Россия ортиқча шов-шув қилмасдан, Афғонистонда ўз таъсирларини сақлаб қолиш ва ҳатто, кучайтиришга ҳам муваффақ бўлишига гувоҳ бўлишимиз мумкин", - дейди таҳлилчи Пол Рожерс.

"Россия, менимча, ҳарбийсидан кўра, кўпроқ сиёсий ва ташкилий йўлдан боради. Қурол-яроғ етказиб бериши мумкин бўлади. Аммо бу - анчайин қалтис. Демоқчи бўлганим, Афғонистон дохил Марказий Осиёда ўзининг таъсирини кучайтириш учун Россия турли йўллардан фойдаланади. Улар, айниқса, Афғонистондаги вазиятдан хавотирда. Чунки Толибон қайта фаоллашган. Афғонистон ҳукуматининг мамлакатда хавфсизликни таъминлаши қийин бўлмоқда. Шундай экан, Америка ҳам бунга муваффақ бўлмаяпти. Россия наздида эса, Америка бу ишни эплай олмаяптими, демак, бу - ўзлари учун ҳам ёмон".

Москвадан мустақил ҳарбий эксперт Павел Фельгенгауэрнинг Би-би-си Ўзбек Хизмати билан суҳбатида айтишича эса, Афғонистоннинг Нангархорига ўзининг "бомбалар онаси"ни ташлаш билан президент Дональд Трамп бошчилиги остидаги янги АҚШ маъмурияти дунёга ўзининг ҳеч нарсадан тап тортмаслигини намойиш этмоқчи.

"Ўзларида, дейлик, Барак Обамада бўлгани каби гуманитар-пацифист бир кайфиятнинг йўқлиги, керак ва манфаатли, деб билган тақдирларида, ҳарбий арсеналларида бўлган ҳар қандай қуролни қўллашга ҳозир эканликларига ишора қилмоқчи", - дейди россиялик таҳлилчи.

Аммо, бу суҳбатдошимизга кўра, Нангархордаги ҳужум расмиятчилик нуқтаи назаридан халқаро ҳуқуқ меъёрлари асосида амалга оширилгани боис, расмий Москва бу хусусда бирор бир ошкора баёнот билан чиқишга бормайди, сукут сақлайди.

"Чунки Россия президент Ассад розилиги билан Сурияни бомбалаётгани каби, Америка ҳам Нангархордаги ҳужумни расмий Кобулнинг розилиги билан амалга оширган", - дейди таҳлилчи Павел Фельгенгауэр.

Президент Дональд Трамп бошчилиги остидаги янги АҚШ маъмурияти, агар, ташқи дунёга сиз кўзда тутаётган муждани бермоқчи бўлаётган бўлса, у ҳолда бу Россия ва Афғонистонга шундоққина қўшни Марказий Осиё учун нимани англатади, деган саволимизга эса, таҳлилчи, "бунинг бутун дунё учун турли урушлар эҳтимоли кучайишини англатиши"ни айтиб, жавоб беради.

Аммо, таҳлилчи Павел Фельгенгауэрга кўра, расмий Москва ҳали музокаралар учун имконият бой берилмаган, деган бир кайфиятда ва янги АҚШ маъмурияти билан ҳозир ҳам дипломатик йўлда тил топишишга уриниб кўради.

"Бошқа тарафдан, жорий пайтда келаси саккиз йилни кўзда тутган қуролсизланиш дастури бормоқда. Мавжуд ҳолат эса, Россияга Америкага "қарши туриши"га имкон берувчи "ажойиб" қурол-яроғлар учун қўшимча пул сўрашига имкон бериши мумкин", - дейди суҳбатимиз якунида бу суҳбатдошимиз.

Фото муаллифлик ҳуқуқи COURTESY

Тошкентдан таҳлилчи Анвар Назировнинг айтишича эса, "агар, Кремль Америка билан тортишаман, деб, Толибон билан иттифоқ тузадиган бўлса, бу Афғонистоннинг парчаланиши, фуқаролар урушининг кучайиши, марказий ҳукуматнинг энди-энди, зўрға-зўрға ўз назоратини ўрнатиш ҳаракатларига зарба бериб, ҳам Афғонистонда ва ҳам Марказий Осиёда тинчликнинг жиддий издан чиқишига олиб келиши мумкин. Ҳамда бундан энг аввало минтақа зарар кўради".

Суҳбатдошимизга кўра, худди шу боис ҳам, Марказий Осиё давлатлари ҳозир бир ёқадан бош чиқариб, Бирлашган Миллатлар Ташкилотини шунга жалб қилиб, Афғонистон Совуқ урушнинг майдони эмаслигини англатишга уриниб кўришлари керак.

Бошқа томондан, таҳлилчига кўра, агар, АҚШ Афғонистон масаласида ҳам ҳарбий ва ҳам дипломатик йўлда фаоллашишни бошлайдиган бўлса, Россияга анча қийин бўлади.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқалибоғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМ каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.