Президент ўғли карьерасида яна бир муҳим қадам

Рустам Имомали Фото муаллифлик ҳуқуқи President.tj

Пойтахт Душанбе ҳокими этиб тайинланишидан бор-йўғи уч ой ўтиб, Тожикистон президентининг тўнғич ўғли яна бир мақомни эгаллади.

Рустам Имомали президент отасининг буйруғи асосида Халқ депутатлари Душанбе шаҳар кенгашининг раисига айланди.

Тафсилотлари видеолавҳамизда - назардан қочирманг.

Кенгаш кеча сешанба куни бўлиб ўтган мажлисида президент Имомали Раҳмоннинг бу хусусдаги буйруғини маъқуллади.

Рустам Имомали бундан икки ҳафта бурун, шаҳар кенгашига оралиқ сайловлардаги ғалабаси ортидан расман Душанбе ҳокими сифатида ўз вазифасининг ижросига киришган.

Аммо бу лавозимга шу йилнинг 12 январь куни тайин этилганди.

Маҳаллий кузатувчиларга кўра, Халқ депутатлари Душанбе шаҳар кенгашининг раислиги Тожикистон президенти тўнғич ўғли сиёсий карьерасида олдинга қўйилган яна бир муҳим ва асосий қадамлардан бири бўлади.

Яъни, уларнинг айтишларича, янги мақоми Рустам Имомалига келаси йил бошида Тожикистон парламенти Олий палатаси раислигига йўл очади.

Тожикистон парламенти Олий палатаси раиси эса, давлат бошқарув тизимида мамлакат президентидан кейин иккинчи муҳим шахс саналади.

Таъкидлаш жоиз, бу - Тожикистон президенти тўнғич ўғли 29 ёшли Рустам Имомали эгаллаётган биринчи давлат лавозими эмас.

Тарихча ўрнида

Бор-йўғи 29 ёшда эканига қарамай, Рустам Имомали Тожикистон ҳукумати қошидаги Божхона Хизмати Контрабанда ва божхона қоидаларининг бузилишига қарши кураш бошқармаси бошлиғи.

Тожикистон президентининг тўнғич ўғли 2009 йилда Республика Ёшлар қўмитаси раисининг ўринбосари этиб тайинланган.

Бунинг ортидан Тожикистон ҳукумати қошидаги Инвестиция ва давлат мулки қўмитасининг Кичик ва ўрта бизнесни ривожлантириш бошқармаси бошлиғи лавозимини ҳам эгаллаган.

Ўз ўрнида алоҳида таъкидлаш жоиз, Ёшлар Иттифоқи Тожикистон президентлигига ўз номзодини илгари суриш ҳуқуқига эга бўлган ягона жамоат ташкилоти саналади.

Рустам Имомали, бундан ташқари, Тожикистон Футбол Федерацияси президенти ва мамлакатдаги етакчи футбол жамоаларидан бири бўлган - "Истиқлол"нинг асосчиси ва ҳамсоҳибларидан бири бўлади.

Тожикистон президентининг тўнғич ўғли яна МДҲ ҳудудидаги энг ёш генерал ҳам ҳисобланади.

Рустам Имомали Тожикистон Давлат Университетида "Халқаро иқтисодий алоқалар" соҳаси бўйича таҳсил олган.

Бундан ташқари, Россия Ташқи ишлар вазирлиги қошидаги Дипломатия академиясининг тингловчиси ҳам бўлган.

Оилали ва уч фарзанднинг отаси.

Муносабатлар

Рустам Имомалининг бор-йўғи 29 ёшда эканига қарамай, "мансаб пиллапояларидан жадаллик билан юқорилаб бораётгани" Тожикистон ичкарисида турлича талқинларга сабаб бўлмай қолмаётир.

Тожикистон ҳукумати мухолифати ва танқидчиларига кўра, Рустам Имомали ва яна қатор фарзандларини турли лавозимларга тайин этиш билан президент Раҳмон мамлакатда ўз ҳокимиятини мустаҳкамлашга уринмоқда.

Ўтган йил май ойида тожикистонликлар Имомали Раҳмонни умрбод президентга айлантирувчи конституцион ўзгартиришларга оид референдумида овоз беришган.

Асосий конституцион ўзгартиришлар президент Раҳмонга қанча хоҳласа, шунча муддатга ҳокимиятда қолишига рухсат бериш; президентликка номзодини илгари суришни 35 ёшдан 30 ёшгача пасайтириш; ҳамда диний асосдаги сиёсий партияларни тақиқлашни ҳам кўзда тутган.

Раҳмоннинг айни пайтдаги ва ҳисобда тўртинчи президентлик муддати 2020 йилда ниҳоясига етади.

2015 йилда парламент унга "миллат пешвоси" мақомини берган, бу шахсга сиғинишни кучайтириши тўғрисида хавотирларни ҳам уйғотган.

"Миллат пешвоси" Раҳмонга ички ва ташқи сиёсатда қарор чиқаришда, ҳатто у ҳокимиятдан кетганидан сўнг ҳам катта ваколатлар беради.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.