‘Мен фақат буйруқни бажарганман’

Хавфсизлик хизмати ходимлари Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Бу ҳақда Россиянинг Санкт-Петербург шаҳридаги сўнгги портлаш ҳодисасини ташкиллаштиришда гумон қилинаётган асосий гумондорлардан бири - Аброр Азимов баён қилган.

Унинг устидан дастлабки маҳкама жараёни кеча - сешанба куни Москва шаҳар Басманный туман судида бўлиб ўтган.

Аброр Азимов маҳкама жараёнида ўзининг бевосита айбдор эмаслигини айтган.

"Иштироким бор, аммо тўғридан-тўғри эмас. Мен ўшанда бу амалга ёрдам бераётганимни билмаганман", - дея баён қилган у.

Шу пайтга қадар имконли бўлган расмий ва норасмий хабарлардан эса, Аброр Азимовга ким, қандай буйруқ бергани тафсилотлари маълум эмас.

Бундан аввал ҳимоячиси Армен Задоян мижозининг ўз айбига иқрор бўлгани ҳақида билдирган.

Бу ҳақда Россиянинг қатор йирик ахборот агентликлари ҳам хабар беришганди.

Айблов

Энди эса, маҳкама қарорига мувофиқ, тергов томони келаси 45 кун ичида Аброр Азимовга қарши расман ўз айбловларини илгари суришлари керак бўлади.

Басманный туман суди сешанба кунги дастлабки маҳкама тингловида уни 3 июнга қадар ҳибс остида қолдиришга қарор қилган.

Айни шу маҳкама тинглови тафсилотларидан маълум бўлишича, агар, терговчилар айтилган муддат ичида бу ишга муваффақ бўлишмаса, Аброр Азимов учун кўзда тутилган эҳтиёт чораси ўзгартирилади.

Россия махсус хизматларининг иддао қилишларича, айнан у "Санкт-Петербург метросидаги терактнинг бевосита ижрочиси эканликда гумон қилинаётган Акбаржон Жалиловни бу ишга тайёрлаган".

Аброр Азимов 18 апрель куни Москва вилоятининг Одинцово туманида қўлга олинган ва ҳозир гумондор мавқеида.

Россия расмийлари дастлабки тергов доирасига кирадиган ва гумондорнинг айбини тасдиқлайдиган бирор далилни ҳозирча ошкор этгани йўқ.

Гумондорлар ва портлаш

Расмий хабарларда ҳам Аброр Азимов ва ҳам Акбар Жалиловларнинг асли қирғизистонлик, аммо жорий пайтда Россия фуқаролари эканликлари айтилади.

3 апрель куни Санкт-Петербургдаги "Сенная площадь" ва "Технологический институт-2" метро бекатлари ўртасида бораётган вагон портлаган.

Натижада 15 киши қурбон бўлган, ўнлаб кишиларга тан жароҳати етган.

Жароҳатланганлар орасида бир Ўзбекистонлиси дохил бир қанча Марказий Осиё давлатлари фуқароларининг борликлари ҳам айтилган.

Бундан ташқари, метронинг "Қўзғолон майдони" бекатида қўлбола бомба топилгани ҳам хабар берилган.

Россия терговчилари ушбу тергов доирасида саккиз киши ҳибсга олингани, улар бир террорчилик гуруҳининг аъзолари деб гумон қилинаётгани ҳақида хабар тарқатганлар.

Қамоққа олинганларнинг олти нафари Санкт-Петербургда, иккитаси Москва шаҳрида бўлганлари, уларнинг ҳаммаси Марказий Осиё республикалари фуқаролари экани айтилган.

Дастлабки маҳкама жараёни ортидан, уларни ҳам шу йилнинг 2-3 июнь кунларига қадар ҳибс остида қолдиришга қарор қилинган.

Ўша пайтда олинган хабарлар тафсилотларидан уларнинг орасида айрим Ўзбекистон фуқаролари борлиги ҳам аёнлашганди.

Энг сўнггида таъкидлаш жоиз, шу пайтга қадар Санкт-Петербургдаги портлаш ҳодисасига масъулиятни расман бирор бир гуруҳ ўз зиммасига олиб чиқмаган.

Худди шунинг баробарида айни теракт омиллари нима бўлгани ҳам ноаёнлигича қолмоқда.

Видео учун бу ерга босинг - BBCUZBEK YouTube

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг