Назарбоев аёлларнинг қора кийинишига қарши чиқди

Фото муаллифлик ҳуқуқи Akorda.kz
Image caption Назарбоев қозоқ аёлларининг анъанавий кийиниш тарзларини хотирлатган.

Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбоев мамлакатда мусулмон аёлларнинг қора кийиниши ва эркакларнинг узун соқол қўйиб, калта шим кийишини тақиқлашга чақирган.

"Маърифатсизлик натижасида ёшларимиз узун соқол қўйиб, шимларининг почасини қирқиб олаяпти. Ўзини тўла қора кийимга буркаб юрадиган қозоғистонлик қизлар кўпаймоқда. Бу бизнинг анъаналаримизга ҳам, халқимизнинг ҳаёт тарзига ҳам тўғри келмайди. Бу нарсаларни қонунчилик даражасида тақиқлаш масаласини кўриб чиқиш керак", - деб айтган Президент Назарбоев чоршанба куни мамлакат мусулмонлари диний идораси раҳбарияти билан учрашув чоғида.

Унинг сўзларига кўра, қозоқлар фақат "мотам пайтида қора киядилар".

Назарбоев қозоқларнинг маданияти тарихи ва қозоқ аёлларининг анъанавий кийиниш тарзларини хотирлатган.

Унинг фикрича, "қора кийиниш билан дин ўртасида боғлиқлик йўқ".

"Агар ёшлар халқимизга ёт урф-одатларга берилса, давлатимизнинг тақдири нима бўлади?", - деган Қозоғистон раҳбари.

Унинг айтишича, Қозоғистон ҳукумати бунга йўл қўймайди.

"Биз бунга йўл қўймаймиз. Мустақил Қозоғистон ёрқин келажакка эга бўлиши, халқ бирдам, давлат дунёвий бўлиши ва ривожланишда давом этиши керак", - деб айтган Нурсултон Назарбоев.

У аҳоли ўртасида диний маърифатни юксалтириш ҳамда имомларнинг фаолиятида ватанпарварлик йўналишини кучайтиришнинг муҳимлиги ҳақида гапирган.

"Ҳақиқий мусулмон кийимига қараб белгиланмайди. Иймон мусулмоннинг юрагида бўлиши керак", - деб айтган Назарбоев.

Бу Қозоғистон раҳбарининг диний радикаллашув кайфиятлари юзасидан биринчи марта хавотир изҳор қилиши эмас.

Ўтган ой Назарбоев мамлакатда диний экстремизм муаммоларини бартараф этиш учун қонунчиликни ўзгартиришга топшириқ берган.

2016 йил ёзида мамлакат ғарби Оқтўба ва собиқ пойтахт Олма-Отада бўлган отишмалар натижасида 19 киши ҳалок бўлган.

Ҳукумат ҳужум уюштирганларни ноанъанавий радикал диний оқим тарафдорлари эканлигини айтган.

Қозоғистон ҳукумати ўз фуқароларининг Сурия ва Ироқдаги жангари гуруҳларга қўшилаётганидан хавотир изҳор қилган.

Айни пайтда инсон ҳақлари фаоллари ҳукумат диний экстремизмга қарши кураш баҳонасида диндорларнинг ҳуқуқларини поймол қилаётганини айтадилар.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқалибоғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook - BBC UZBEK

Google+BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - uzbekbbclondon

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.

Бу ҳикояни баҳам кўринг Баҳам кўриш ҳақида