Россия бойлари: Алишер Усмонов биринчи ўнталикда

Фото муаллифлик ҳуқуқи Ria Novosti
Image caption Ўтган ой Forbes Алишер Усмоновни дунёдаги энг бой одамлар рўйхатида 66-ўринга қўйган.

Forbes журналининг русча нашри мамлакатдаги 200 нафар энг бой шахсларнинг йиллик рейтингини эълон қилди.

Рейтингда биринчиликни иккинчи йил кетма-кет "Новатэка" ширкатининг ҳамсоҳиби Леонид Михельсон эгаллаган.

Журнал унинг бойлигини 18,4 миллиард доллар деб баҳолаган.

Иккинчи ўринда "Северстал" соҳиби Алексей Мордашов (17,5 млрд), учинчи ўринда эса Новолипецк металлургия комбинати раҳбари Владимир Лисин (9,3 млрд).

Бойлигининг ўсиши бўйича энг етакчи ўринлардан бирини Президент Путинга яқинлиги билан танилган "Стройгазмонтаж" эгаси Аркадий Ротенбергга тегишли.

Биринчи юзликдан Telegram асосчиси Павел Дуров ҳам ўрин олган.

Умумият-ла, Forbesнинг хулоса қилишича, Россиянинг энг бой 200 одами ўтган бир йилда янада бойишган.

Уларнинг умумий сармояси ҳажми 100 миллиард долларга ошиб, 460 миллиард долларга етган.

Мамлакатдаги доллар миллиардерларининг сони 77 дан 96 кишига кўпайган.

Бешинчи ўрин

Ўтмишда Россиянинг энг бой одами саналган асли ўзбекистонлик Алишер Усмонов эса бу йил биринчи ўнталикдан ўрин олган.

Нашр USM Holdings эгасини 15.2 миллиард доллар бойлик билан бешинчи ўринга қўйган.

Ўтган ой Forbes Алишер Усмоновни дунёдаги энг бой одамлар рўйхатида 66-ўринга қўйганди.

Ўтган йил октябрида Алишер Усмонов Россия солиқ резидентлигидан чиққан.

Бунга миллиардернинг бир йил давомида мамлакатда 183 кундан кам бўлгани расман сабаб қилиб келтирилган.

Британиянинг ҳам энг бадавлат шасхларидан бўлган Усмонов ўтган йил биринчи марта Швейцариянинг ўнта энг бой одамлар рўйхатига киритилган.

Швейцариянинг 'Bilan' журнали Усмоновнинг бойлигини 12-13 миллиард швейцар франки ёки 11,8-12,8 миллиард доллар деб баҳолаганди.

Ўтган йил охирида Алишер Усмонов Ўзбекистонга қайтишни "исташи" ва "режалаётгани"ни айтган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio