ФСБ: Санкт-Петербург метросидаги портлаш буюртмачиси аниқланди

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images
Image caption Портлашда 15 киши ҳалок бўлган, 50дан ортиқ одам жароҳатланган.

"Санкт-Петербург метросидаги портлаш буюртмачиси аниқланди", - дея билдирган Россия Федерал Хавфсизлик Хизмати директори Александр Бортников.

У "буюртмачи"нинг шахсига оид тафсилотларни очиқламаган.

Журналистларнинг саволига жавоб бераркан, Бортников "ҳа, кимлиги аниқланди", - деб айтган.

"Ҳозиргача расман эълон қилинган маълумотлар Питер метрополитенидаги ҳодисанинг террорчилар томонидан тайёрланганини кўрсатмоқда", -деган Россия махсус хизматлари раҳбари.

Тергов 1995 йилда туғилган асли қирғизистонлик Россия фуқароси Акбаржон Жалиловни портлашнинг бевосита ижрочиси, деб ҳисоблайди.

Сешанба куни ФСБ Москва вилоятининг Одинцов туманида метродаги портлаш ташкилотчиларидан бири - 1990 йилда туғилган Аброр Азимовнинг ҳибсга олингани ҳақида ҳисобот берган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи ALEXEI DRUZHININ/TASS
Image caption Бортников эҳтимолий буюртмачининг номини очиқламаган.

Ҳибсдаги шахс "ҳудкуш ҳужумчи Акбаржон Жалиловни" тайёргарликдан ўтказганликда гумон қилинмоқда.

Чоршанба куни Москва маҳкамаси Азимовни уч кунлик ҳибсга олиш ҳақида қарор чиқарган.

Дастлабки маҳкамада Азимов портлашга тўғридан-тўғри алоқаси йўқлигини айтган.

"Мен қатнашганман. Лекин тўғридан-тўғри эмас. Мен нима қилаётганимни билмаганман, менга буйруқ беришди, қилдим", - деган Аброр Азимов.

Аброр Азимовнинг оила аъзолари ҳам унинг айбсизлигини таъкидлашган.

'Ўғирлаб кетилган'

Шу куннинг ўзида Новая Москвада портлаш ижроси деб гумон қилинаётган шахснинг акаси Акрам Азимов ҳам ҳибсга олинган.

1988 йилда туғилган Акрам Азимовнинг яқинларига кўра, у Қирғизистонда, Россияга топшириш мақсадида қўлга олинган.

Гумондорнинг онаси катта ўғли шифохонадан ўғирлаб кетилганини айтган.

Вазира Азимованинг Интерфакс агентлигига айтишича, унинг ўғли Акрам 14 апрел куни Ўшдаги касалхонада жарроҳлик амалиётини бошидан кечирган, аммо эртаси куни ҳуқуқ-тартибот ходимлари уни шифохонадан қўлига кишан солиб олиб кетишган.

3 апрел куни Президент Путиннинг Санкт-Петербургга ташрифи чоғида шаҳар метросининг "Сенная площадь" ва "Технологический институт" бекатлари ўртасида бораётган поезд вагонида портлаш содир бўлган

Портлашда 15 киши ҳалок бўлган, ўнлаб одамлар жароҳатланган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio