‘Метродаги портлашга ‘Имом Шомил батальони’ масъул’

Метродаги портлаш Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

SITE Intelligince Group сайтининг ёзишича, Россиянинг Санкт-Петербург шаҳридаги метрода уюштирилган портлашга масъулиятни худди шу гуруҳ ўз зиммасига олган, ҳужумчи эса, "ал-Қоида" тармоғининг буйруғи асосида иш тутган.

Портлаш шу йилнинг 3 апрель куни "Сенная плошадь" ва "Технологический институт" метро бекатлари оралиғида амалга оширилган.

Ҳодиса оқибатида жаъми 16 киши қурбон бўлган ва 50 га яқини яраланганди.

Хабарларда яраланганлар орасида бир нафар ўзбекистонлиси дохил қатор Марказий Осиё фуқаролари борлиги ҳам айтилганди.

Шу пайтга қадар портлашга масъулиятни бирор бир гуруҳ расман ўз зиммасига олмаган, аммо ушбу воқеага алоқадорлик гумони билан Москва ва Санкт-Петербургда барчаси Марказий осиёликлардан иборат жаъми 10 киши ҳибсга олинган. Улар аксариятининг меҳнат муҳожирлари эканликлари англашилган.

Ҳужумчи эканликда ҳам ўша портлаш чоғида ҳалок бўлган асли қирғизистонлик Россия фуқароси 22 ёшли Акбаржон Жалилов гумон этилмоқда.

Россия судлари дастлабки маҳкама жараёнлари ортидан қўлга олинганлар барчасини шу йилнинг 2-3 июнь кунларига қадар ҳибс остида қолдиришга қарор қилган.

18 апрель куни ФСБ Москва вилоятининг Одинцов туманида метродаги портлаш ташкилотчиларидан бири - 1990 йилда туғилган Аброр Азимовнинг ҳибсга олингани ҳақида ҳисобот берган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Ҳибсдаги шахс "ҳудкуш ҳужумчи Акбаржон Жалиловни" тайёргарликдан ўтказганликда гумон қилинмоқда.

Дастлабки маҳкамада Азимов портлашга тўғридан-тўғри алоқаси йўқлигини айтган.

Шу куннинг ўзида Новая Москвада портлаш ижроси деб гумон қилинаётган шахснинг акаси Акрам Азимов ҳам ҳибсга олинган.

1988 йилда туғилган Акрам Азимовнинг яқинларига кўра, у Қирғизистонда, Россияга топшириш мақсадида қўлга олинган.

Гумондорнинг онаси катта ўғли шифохонадан ўғирлаб кетилганини айтган.

"Ал-Қоида" тармоғи билан алоқадорликда кўрилса-да, "Имом Шомил батальони" ҳақида кўп нарса маълум эмас, у ҳарбий доираларда номи у қадар чиқмаган гуруҳлардан бири саналади.

Таҳлилчиларга кўра, гуруҳ ўз номи билан 19-асрда Кавказнинг Рус империясидан мустақиллиги учун кураш олиб борган, Чеченистон ва Доғистоннинг учинчи имоми - Имом Шомилга нисбат бераётган бўлиши мумкин.

Аён бўлишича, гуруҳнинг Санкт-Петербург метросидаги портлашга масъулиятни ўз зиммасига олганига оид баёноти дастлаб Мавританиянинг ANI ("Нуакшот") ахборот агентлиги томонидан чоп этилган.

Буюк Британиянинг нуфузли "Рейтер" ахборот агентлиги ёзишича, Ғарбий ва Шимолий Африкадаги жиҳодчи гуруҳлар бу агентликдан, одатда, ўз баёнотларини эълон қилишда фойдаланиб келишган.

SITE Intelligince Group сайтидаги ушбу баёнот тафсилотларига таянилса, Акбаржон Жалилов "ал-Қоида" тармоғи раҳбари Айман аз-Заваҳирий йўл-йўриқлари асосида иш тутган.

Метродаги портлашнинг ўзи эса, "Сурия, Ливия ва Чеченистонни тилга олган ҳолда, Россиянинг мусулмон давлатларидаги зўравонликлари учун қасос амали" экани айтилган.

Гуруҳ баёнотида, бунга қўшимча, "ҳали яна кўплаб ҳужумлар режалагани" хусусида сўз юритган.

Аммо уларнинг айни мазмундаги даъволарини ҳалича мустақил манбалардан тасдиқлашнинг имкони бўлмаган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи TASS

Россия Федерал Хавфсизлик Хизмати раҳбари Александр Бортников яқинда "теракт буюртмачиси шахсини аниқлашга муваффақ бўлишгани"ни баён қилган, аммо унинг номини очиқламаганди.

"Ҳозиргача расман эълон қилинган маълумотлар Питер метрополитенидаги ҳодисанинг террорчилар томонидан тайёрланганини кўрсатмоқда", -деганди Россия махсус хизматлари раҳбари.

"Имом Шомил батальони"нинг интернет нашрларида пайдо бўлган айни мазмундаги баёноти борасида ҳозирча россиялик масъуллар расман бирор бир муносабат билдиришмаган.

Шу соатларда бу янгиликка "ал-Қоида" тармоғи ва раҳбарининг муносабати ҳам маълум эмас.

"Ал-Қоида" тармоғининг ўзи эса, Россия томонидан расман "террорчи ташкилот" сифатида тан олинган.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.