‘Ўзбеклар ва туркманларга ҳақ беринг’

Намойишлар Фото муаллифлик ҳуқуқи facebook

Худди ана шундай талаб билан Афғонистоннинг Туркманистон билан бевосита чегарадош шимолий Жаузжон вилояти марказида минглаб кишилар намойишга чиқишган.

Улар миллий бирдамлик ҳукуматини адолатга чақиришган, ҳукумат таркибидан ўзларига муносиб ҳақ берилишини талаб қилишган.

Шибирғон шаҳрида маҳаллий вақт билан эрталабки соат 09:00 ларда бошланган бу йирик намойишнинг ҳануз давом этаётгани айтилади.

Катта сондаги намойишчиларнинг қўлларида ўз талаблари битилган плакатлардан ташқари, Афғонистон давлат байроқларини кўтариб олишгани кузатилади.

Уларнинг огоҳлантиришларича, ўз талаблари қондирилмаган тақдирда, бунга ўхшаш намойишларни бутун Афғонистон бўйлаб йўлга қўйишни режалашган.

"Ҳозир тинч йўл билан изҳор этаётган талаблари инобатга олинмаса, бошқа танловларга қўл уришлари мумкинлигини ҳам назардан соқит этишмаган".

Аммо, ҳозирча, уларнинг бу талабларига президент Муҳаммад Ашраф Ғаний ва миллий бирдамлик ҳукуматининг муносабати маълум эмас.

Кобулдан мухбиримиз Фазл Аҳмад Ёлғузнинг хабар беришича, Афғонистон биринчи вице-президенти генерал Абдулрашид Дўстум орада намойишчилар билан телефон орқали мулоқот қилишга уриниб кўрган, аммо алоқа узилиб қолган.

Туркманистонга бевосита чегарадош Жаузжон - Афғонистон биринчи вице-президенти генерал Абдулрашид Дўстумнинг она вилояти бўлади.

Эслатиб ўтиш жоиз, бундан аввал генерал Абдулрашид Дўстумнинг ўзи ҳам Афғонистон президенти ва ижроий раисига қарши кескин танқидлар билан чиққан.

Икковлонни миллатчилик, президент Муҳаммад Ашраф Ғанийни, бунга қўшимча, қудратпарастликда айблаганди.

Тарихча ўрнида

Генерал Абдулрашид Дўстум ўтган йил ҳисобидан учинчи йирик ҳарбий амалиётларига бошчилик қилиш учун октябр ойи бошида Афғонистон шимолига жўнаб кетган, Туркманистонга бевосита чегарадош Фарёб ва Тожикистонга қўшни Қундуз вилоятларини жангарилардан тозалашга аҳд қилганди.

Аммо кутилмаганда ҳарбий карвони пистирмага дуч келаркан, янги бошлаган амалиётларидан қарийб икки ҳафтача ўтиб, генерал Абдулрашид Дўстум Фарёбдан Жаузжон маркази Шибирғондаги уйига қайтиб кетган.

Толибларнинг пистирмаси натижасида Афғонистон биринчи вице-президентининг яраланганига оид хабарлар олинган, аммо унинг девони бу каби даъволарни кескин рад этиб чиққанди.

Бунинг ортидан, Шибирғонда экан, генерал Абдулрашид Дўстум Афғонистон президенти ва ижроий раисига қарши кескин танқидлар билан чиққан.

Худди ана шу омилга мувофиқ, мамлакат хавфсизлик кучлари ўртасида ҳамоҳанглик йўқлигини айтиб, мавжуд ҳолатни ҳам жиддий танқид остига олган.

Тезда Лоя Жирга чақирилиши ва қудратни мамлакат конституциясига мувофиқ тақсимланишини талаб қилганди.

Ўшандаги жавоб

Президент Муҳаммад Ашраф Ғаний бунга жавобан кескин баёнот билан чиққан, биринчи вице-президентнинг бу каби танқидлари масъул идоралар томонидан текширилиши лозимлигини айтган.

Аммо бунинг ортидан ҳам генерал Абдулрашид Дўстум ўз мавқеида қатъий қолишини баён қилган, талаблари марказий ҳукумат томонидан жиддийлик билан инобатга олинмас экан, пойтахт Кобулга қайтмаслиги билан огоҳлантирган.

Афғонистон президенти ва биринчи вице-президенти ўртасидаги бу каби зиддият миллий бирдамлик ҳукумати сафларида навбатдаги сиёсий бўҳронга замина ҳозирлаган.

Афғонистондаги хавфсизлик билан боғлиқ вазият жиддий издан чиқиб бораётган бир манзарада аввалига мамлакат ижроий раиси, бунинг ортидан, биринчи вице-президент билан юз берган бу каби ҳолат халқаро миқёсда ҳам яхшигина хавотирларга сабаб бўлмай қолмаган.

Мавжуд муаммога Афғонистон сиёсий тажрибасида биринчиси бўлган миллий бирдамлик ҳукуматининг ташкил топишига воситачилик қилган Америка Қўшма Штатлари жиддий аралашиши лозим, деган даъватлар янграй бошлаган бир манзарада Шибирғондан президент Ғанийнинг биринчи муовинига сим қоққанига оид хабарлар олинган.

Илк мулоқот

Бу хабарлардан жаноб Ғаний генерал Абдулрашид Дўстумнинг норозилигини жоиз ва талабларини ҳақли, деб топгани англашилган. Аммо президент томонидан уларнинг ижроси борасида аниқ ваъдалар янграмагани ҳам аён бўлганди.

Афғонистон биринчи вице-президентининг бу телефон мулоқотидан мамнун қолгани, аммо ўз мавқеи ва талаблари ижросида қатъий қолиш ниятида экани маълум бўлганди.

Бунинг ортиданоқ, генерал Абдулрашид Дўстум норасмий ташриф билан аввалига Ўзбекистон, бунинг ортидан, Туркияга жўнаб кетган ва унинг орадан уч ҳафтача ўтиб, яқинда Афғонистонга қайтгани маълум бўлганди.

Норасмий ташриф экани боис, генерал жанобларининг бу икки мамлакатга сафари тафсилотлари расман ошкор этилмаган, аммо жаноб Дўстумга яқин манбалар Би-би-си Ўзбек Хизмати билан суҳбатида унинг Ўзбекистон раҳбарияти вакиллари билан мулоқотлар олиб бориши эҳтимолини ҳам назардан соқит этишмаганди.

Ўз ўрнида, улар Тошкентга норасмий ташрифнинг президент Муҳаммад Ашраф Ғаний билан мавжуд зиддиятга ҳеч бир алоқаси йўқлигини ҳам алоҳида таъкидлашганди.

Аммо Афғонистон биринчи вице-президенти девони раҳбарининг Би-би-си Ўзбек Хизмати билан суҳбати тафсилотларидан Туркияда экан, генерал Абдулрашид Дўстум ва президент Муҳаммад Ашраф Ғаний ўртасидаги телефон мулоқотлари давом этгани англашилганди.

Бундан ташқари, орада Афғонистон раҳбарининг бир қанча намояндаси ва махсус ҳайъатининг Туркияда бўлиб қайтгани ҳам ойдинлашганди.

Изҳорот

Ҳали Шибирғонда экан, генерал Абдулрашид Дўстум ўзининг танқидларидан мақсад - миллий бирдамлик ҳукумати сафларига рахна солиш эмас, уни ислоҳ этиш бўлгани ва ҳозир ҳам худди шу истакда эканликларини айтган.

Ўзининг пойтахт Кобулга қайтиш-қайтмаслиги масаласини президент Ғаний билан қандайдир салбий муносабатларда эканига боғлаш ноўрин эканини ҳам таъкидлаган.

Девони раҳбари эса, "Афғонистон биринчи вице-президенти орада кечган вақт давомида ҳам бу тузумни ўзлари қуришгани, шу боис ҳам, уни ҳимоя қилишга доимо тайёр ва баҳамижиҳат эканликлари"ни таъкидлаб келганини айтган.

Иноятуллоҳ Фараҳманд ўшанда Би-би-си Ўзбек Хизмати билан суҳбатида "бу талаблари - қонуний" экани ва ҳануз "уларнинг амалга ошишини исташлари"ни баён қилганди.

Шундай эса-да, бу масалада, ҳалича, "бирор бир ўзгариш кузатилмагани"ни таъкидлаганди.

Худди шу манзарада узоқ муддатли кечикишлар ва жиддий можаролар ортидан, Афғонистонда ва ниҳоят янги таркибдаги мустақил сайлов ва сайлов шикоятлари комиссияси расман қасамёдга келтирилган.

Бу эса, ўз навбатида, туман, шаҳар ва миллий кенгашларга сайловлар, бунинг ортидан эса, миллий бирдамлик ҳукуматига оид битимда кўзда тутилган Лоя Жирганинг чақирилишига замина ҳозирлаши мумкин, деган умидларни ҳам пайдо қилмай қўймаган.

Айнан ана шу Лоя Жиргада эса, Афғонистондаги қудрат тақсимотининг мамлакат конституциясига мувофиқ амалга оширилиши кўзда тутилган.

Қайтиш ва янги иддаолар

Генерал Абдулрашид Дўстум ушбу воқеалар ортидан, уч ой деганда, яъни ўтган йил охирида Афғонистон шимолидан пойтахт Кобулга қайтган.

Аммо январь ойи охирида сиёсий рақиби ва Жаузжон вилояти собиқ ҳокими Аҳмад Ишчи Афғонистон биринчи вице-президентига нисбатан жиддий даъволар билан чиққан.

Генерал Абдулрашид Дўстумнинг буйруғи билан ўзининг зўр билан олиб қочилганлиги ва номақбул муносабатда бўлинганини иддао қилган.

Афғонистон биринчи вице-президентининг шахсан ўзи ва идораси бу каби айбловларни кескин рад қилган ва буларнинг барчаси "иғвогарлик амали" эканини баён қилган, Аҳмад Ишчини улар эмас, балки Афғонистон хавфсизлик кучлари ушлаганликларини айтганди.

Афғонистон Президенти Муҳаммад Ашраф Ғаний Аҳмад Ишчининг даъволарини синчковлик билан ўрганишга ваъда берган, ўтган ой охирида мамлакат Бош прокуратура идораси генерал Абдулрашид Дўстум 9 нафар тан қўриқчисини ҳибсга олишга буйруқ берган.

Уларни уч бор сўроқ бериш учун ўз ҳузурларига чақиргани, аммо бу хусусдаги сўровлари бежавоб қолганидан шикоят қилиб чиққан.

Афғонистон биринчи вице-президенти девони раҳбари Иноятуллоҳ Фараҳманд ўшанда Би-би-си Ўзбек Хизмати билан суҳбатида генерал Абдулрашид Дўстум тўққиз тан қўриқчисидан икки нафари устидан текширув жараёнлари бундан анча аввал бошланганини билдирганди.

Февраль ойи охирида Афғонистон биринчи вице-президенти идораси генерал Абдулрашид Дўстум сиёсий мухолифи ва Жаузжон вилояти собиқ ҳокими Аҳмад Ишчи иддаолари билан боғлиқ тергов жараёнига кўнгилли равишда ҳамкорлик қилиш ниятида эканликларини баён қилган.

Генерал Абдулрашид Дўстум ўз хавфсизлик хизмати бошлиғи генерал Саттор дохил етти нафар тан қўриқчисини масъуллар қўлига топширгани айтилган.

Афғонистон Ички ишлар вазирлиги матбуот воизи эса, улар барчасининг 22 февраль куни мамлакат Бош прокуратура идораси қаршисида ҳозир бўлишганини маълум қилган.

Сиддиқ Сиддиқий еттовлон устидан расман тергов жараёни бошланганини ҳам билдирганди.

Воқеаларнинг бу каби ривожи эса, Абдулрашид Дўстумнинг пойтахт Кобулдаги уйи атрофига юзлаб хавфсизлик кучлари ва танклар жойлаштирилиши, ҳовлисига элтувчи аксарият йўллар тўсиб қўйилишидан саноқли кунлар ўтиб кузатилганди.

Аммо генерал Абдулрашид Дўстум ўз тан қўриқчиларини масъул идоралар ихтиёрига топшириш қарорининг бу каби ҳарбий сафарбарликка бирор бир алоқаси бор-йўқлиги номаълум қолганди.

"Уй ҳибси"

Март ойи охирида эса, Афғонистон Президенти Муҳаммад Ашраф Ғанийнинг турмуш ўртоғи, мамлакат биринчи хоними Рула Ғаний генерал Абдулрашид Дўстумнинг "уй ҳибси"да эканига оид иддао билан чиққан.

"У ҳануз ўз ҳовлисида, уй ҳибсига ўхшаш бир ҳолатда. Бирор бир расмий вазифаси ижросида эканини кўрмайсиз", - деб айтганди.

Худди шу манзарада Афғонистон президенти биринчи муовинининг ўзи ҳам тарафдорларига мурожаат билан чиққан.

"Айрим муаммолар борлиги, аммо бу билан уларнинг бошларини оғритиб ўтириш нияти йўқлиги"ни айтганди.

Афғонистон Президенти Муҳаммад Ашраф Ғаний ва президентлик саройи эса, воқеаларнинг бу каби ривожи юзасидан бирор бир расмий шарҳ ёки баёнот билан чиқмаган.

Аммо Афғонистон биринчи вице-президенти девони раҳбари Иноятуллоҳ Фараҳманд Би-би-си Ўзбек Хизмати билан суҳбатида генерал Абдулрашид Дўстум ҳали-ҳануз Кобулда экани ва ўз қонуний вазифаси ижросида давом этаётганини билдирганди.

Генерал Абдулрашид Дўстум Афғонистон тарихидаги илк ўзбек миллатига мансуб вице-президент бўлади.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber да: +44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook- BBC UZBEK
  • Google+ BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - bbcuzbekradio
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг