Санкт-Петербург метро портлаши: Ака-ука Азимовлар ким?

Image caption Вазира Мирзааҳмедова

Метродаги портлашни уюштирганликда гумонланиб қўлга олинган Аброр ва Акром Азимовларнинг оиласи ва қўшнилари уларни бу ҳужумни ташкиллаштирганликларига ишонмайди.

Қирғизистоннинг Жалолобод шаҳри четроғида жойлашган оила дарвозаси ичкаридан қулфланган.

Афтидан портлашни уюштирганликда айбланиб қўлга олинган фарзандлари ҳақида сўраб келаётган журналистлар оила тинчини бузиб қўйган.

Уйда Аброр ва Акромнинг онаси, кичик укаси билан яшайди.

Маҳаллий бозорда савдо билан шуғулланувчи Билол, акаси Акром март ойининг охирида Қирғизистонга бурнидаги гайморитини даволатиш учун келганини, яқин орада Аброр ҳам келиши кутилаётган бўлганини айтади.

Ва уларнинг бу ишга қўл урмаганига ишонади.

"Телевизордан акам Аброрни қўлга олганда ёнидан пистолет топилганини кўрсатаяпти. Биз ака-укалар бир-биримизни яхши биламиз. Видеода ҳам кўриниб турибди, Аброр озғин бола. У ҳеч қачон шимини камарсиз киймаган, яъни, кийган кишими ўзига лойиқ турмаган. Тасвирда эса камарсиз ётибди ва гўёки, орқа тарафига пистолет ҳам қистириб олган. Агар Аброр шимини камарсиз кийган бўлса, у ҳолда унинг ортида пистолет тушиб кетмай, қандай турибди. Агар видеога диққат билан назар солинса, бу атайин уюштирилгани аён бўлади. Сабаби видеодаги кадрлар узилиб, монтаж қилинган. Аввалига Аброрни орқа тарафидан келиб, уни ушлади, кейин эса видео қирқилаяпти. Аброр бу ишни қилиши мумкин эмас. Ахир биз ёшликдан бирга улғайганмиз ", - дейди Билол Азимов.

Унинг сўзларига кўра, акалари Россияда фақат пул топиш мақсадида ишлаганлар. Жорий йилнинг бошларида Азимовлар ягона синглисини турмушга узатганлар. Акалари тўйга келиб, қайта Россияга кетган.

"Бизнинг оила бой ҳам эмас. Акаларим Жалалободга қайтиб келиб, уй қуриш ниятида эдилар. Аброр ўзининг бемор қизини даволатиш учун пул жўнатиб, тўплаётганди", - дея қўшимча қилади Азимовларнинг кичиги Аброр.

Санкт-Петербург метросидаги портлашни амалга оширганлиги айтилаётган Ўшлик Акбаржон Жалилов билан ака-ука Азимовлар қандай таниш бўлган, деган саволга Билол: "Акаларимни у бола билан ҳеч қандай танишлиги бўлмаган", дея жавоб қайтарди.

Азимовлар оиласи ҳозирда Аброр ва Акром учун бошқа ҳимоячи ёллаш ҳаракатидалар.

"Аброрнинг адвокати айтаяптики, гўёки у айбини қисман бўйнига олган. Ҳимоя қилиш ўрнига қайтанга уни қоралаяпти. Бирон марта бўлса ҳам биз билан Аброрни қандайлигини сўраб боғланмади. Бу ерда, адвокат эмас, иккита прокурор бўлаяпти", дейди Аброр Азимов.

Унинг сўзларига кўра, оила ўз ҳавфсизликлари учун хавотирда ва юридик ёрдам сўраб, махаллий "Справедливость" инсон ҳақларини ҳимоя қилиш нодавлат ташкилотига мурожаат қилганлар. Ташкилот вакиллари билан доимий алоқадалар.

Акром ва Аброр Азимовлар 2013 йили Россия фуқаролигини олган. Уларнинг онаси Вазира Мирзахмедова турмуш ўртоғи билан болалари ёшлиги пайтида ажрашиб кетган. Ёлғиз она 4 ўғил ва бир қизни бозорда савдо қилиб, қийинчилик билан вояга етказган. 2010 йилда Акром ва Аброр ўғилларини олиб яхши пул топиш илинжида Украинага кетган ва 2013 йилда Москвага келганлар.

"Саҳналаштирилган воқеа"

Санкт-Петербург метросидаги портлашни уюштирганликда айбланаётган ака-ука Азимовларнинг онаси, Вазира Мирзааҳмедова тўнғич ўғли Аброрни Қирғиз махсус хизматлари Ўшдаги ҳусусий касалхонадан ўғирлаб кетиб, Москвага ноқонуний жўнатиб юборганини айтади.

"Ўғлим Акром 12 апрелда Ўшдаги "Хосият" ҳусусий касалхонасига бурнидаги гаймарит касалини даволатиш учун ётган. 14 апрелда эса амалиёт қилинган. Эртаси куни Ўшдаги Ҳавфсизлик идораси ходимлари келиб, ўғлимни қўлига кишан солиб, клиника ходимларига ҳам қулоқ солмай олиб кетишибди. Мен бу ҳабарни эшитиб Ўшга келдим. Касалхонадан сўрасам, ҳавфсизлик идорасига олиб кетилганини айтишди. У ерга борсам, менга ҳеч ким жавоб бермади. 5 соат идора дарвозаси ёнида йиғлаб турдим. Бир идора ходими мени кўриб, она экансан, эзилиб кетдинг, бу ерда сени киргизмайди. Адвокат билан келсанг, кейин жавоб беришади, деди. Қўшни бинода адвокатлар хизмати деган эълон тахтачаси бор экан. Ўша ердан адвокат ёлладим ва у хавфсизлик идорасига расмий сўровнома ёзди. Жавобни эртаси куни оламиз, деди. Ўшда мени ҳеч кимим йўқ, адвокатнинг бир танишиникида тунаб қолдик. Тунда кичик ўғлим қўнғироқ қилиб, Аброр ўғлимни Россияда ушланганини телевизорда кўрсатганини айтди. Бу хабарни эшитиб, мен яна ваҳимада Жалолободга йўл олдим", дея эслайди Вазира опа биз билан суҳбатда.

Image caption Билол Азимов

Муштипар она, ўғилларини қўлга олинган саналарига эътибор қаратади, яъни 17 апрелда Москва вилоятидаги Одинцовск туманида Россия Федерал Ҳавфсизлик Идораси томонидан ўғли Аброр Азимовни қўлга олингунига қадар, 15 апрелда катта ўғли Акромни Қирғиз ҳавфсизлик идоралари Ўшдаги ҳусусий касалхонадан ўғирлаб кетишган ва Россияга жўнатиб юборган.

"Акромнинг олдида паспорти ҳам, билет сотиб олиш учун пули ҳам бўлмаган. Бу аниқ уюштирилган нарса. Қандай қилиб ўғлим Россияда бўлиб қолиши мумкин", дейди Вазира Мирзааҳмедова.

Унинг сўзларига кўра, бу воқеалар юз бермасдан аввал уйига ўзини электр идораси ходими дея таништирган бир йигит келган ва ўғиллари ҳақида сўраб суриштирган. Ўғли Акром қўлга олингандан кейин айнан шу бола уйидан паспортини олиб кетган.

Россиянинг Федерал хавфсизлик идораси 19 апрелда Москва яқинидаги қишлоқларнинг бирида Аброр Азимовни бекатда ўтирган ҳолида қўлга олади. Уни тинтув натижасида, ёнидан РГД-5 русумли граната топилади.

Тергов қўмитасининг маълумотига кўра, Аброр Азимов, Санкт-Петербург метросидаги портлашни амалга оширган Акбаржон Жалилов билан ҳужум олдидан гаплашган. Акром Азимов эса, ҳалқаро террор ташкилотлари аъзоларига Россия ҳудудига келиб кетишлари учун қалбаки ҳужжатлар тайёрлаш билан шугулланганлиги, ҳамда Туркия ҳудудида террор ташкилоти аъзосидан шахсан пул олганлиги айтилади.

Басманный суди ака-ука Азимовларни, тергов якунлангунига қадар, июнь ойи бошигача қамоқда қолдириш қарорини чиқарган.

"Аброр акам Туркияга бориб келган дейишаяпти. У Кореяга ишлаш мақсадида борганда, давлатга киргизмаган. Шунда у қайтишда Москвага Туркия орқали келган. Фақат аэропортдан ташқарига чиқмаган", дейди Билол Азимов.

"Тўйғаздинглар..."

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP
Image caption Акром Азимов

Акром Азизовни ҳақиқатан ҳам Ўш шаҳридаги "Хосият" ҳусусий касалхонасида давонланганми ёки йўқлигини у ердаги шифоркорлар очиқлашмади.

Уларга кўра, журналистлар саволлари билан "тўйғазганлар".

Исми-шарифини ёзмаслигимизни илтимос қилган клиника шифокори Акром Азимовни ҳақиқатан ҳам 12 апрелдан 15 апрелгача мазкур касалхонада даволанганини тасдиқлади. Унинг бурнидаги гайморити амалиёт қилинган ва буларнинг барчаси беморнинг шахсий қоғозида қайд этилган.

"Бу хусусий клиника. Биз врачлар эса, ишчилармиз. Ким бизга келса, биз даволаймиз. Уларнинг пешонасига "террорист" деб ёзиб қўймаган-ку!? Азимовнинг адвокатига ёзма равишда, унинг бу ерда даволангани ҳақида маълумот берганмиз. Сиз журналистлар эса, гўёки биз врачлар интервью берган, деб турли хил маълумотларни ёзаяпсизлар. Биз ҳеч кимга интервью берган эмасмиз. Сизлар саволларингизлар билан тўйғаздинглар. Бу хусусий шифохона", дейди шифокорлардан бири.

Қирғизистон Миллий Ҳавфсизлик Давлат Қўмитаси Акром Азимовнинг Ўшдаги "Хосият" ҳусусий клиникасидан ушлаб кетилиб, Россияга юборилгани бўйича изоҳ бермаяпти.

Қўшнилар Азимовлар ҳақида

Image caption Хонадон

Ака-ука Азимовларнинг она тарафидан бобоси Жалолободдаги йирик масжидлардан бирида имом бўлган. Онаси Вазира опа эса мадрасада таълим олган. Уларни яқиндан таниган қўшнилари, бу оилани анънавий исломда эканликларини айтади. Улардан бири:

"Мен мадрасада Вазира опа билан ўқиган пайтда уларнинг уйида яшаганман. Вазира опа кичик болалари билан эридан ажрашиб кетган ва уларни қийинчилик билан катта қилган", дея эслайди Азимовлар оиласини яқиндан таниган Дилбар.

Қўлга олинган ака-ука Азимовларнинг отаси ҳам ўғилларининг айбсиз эканлиги ҳақида Россия оммавий-ахборот воситаларига айтиб келмоқда.

3 апрел куни Санкт-Петербург метросида юз берган портлаш оқибатида 16 нафар инсон вафот этган, 50 ортиғи жароҳатланган. Россиянинг Тергов қўмитаси мазкур воқеага алоқадорликда гумонланиб 10 нафар Марказий Осиёлик мухожирлар қўлга олинганини хабар қилган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Алоқадор мавзулар