Назарбоев: Қозоғистонда рус тили йўқолиб кетмайди

Prezident Nazarboyev Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Президент Нурсултон Назарбоев Лотин алифбосига ўтиш билан Қозоғистон ўзини Россия таъсиридан қутқазишга интилаётгани ҳақидаги фикрлар асоссиз деган мазмунда баёнот берган.

Президент Назарбоевнинг айтишича, Қозоғистонда рус тили ва рус маданиятини унутишмайди ва қозоғистонликлар Кирилл алифбосидан фойдаланишда давом этаверадилар.

"Мен ҳар хил хавотирларни эшитаяпман. Лекин биз Кириллчадан воз кечмаймиз, биз рус маданияти ва рус тилини ёддан чиқармаймиз. Рус тили орқали биз жаҳон маданиятини ўрганганмиз, у доим биз билан. Бизнинг қўшнимиз доим ёнимизда ва биз ҳар доим ҳамкорлик қиламиз", деб айтган Қозоғистон президенти.

Шу йил 12 апрелида Президент Назарбоев Қозоқ алифбосини Кириллдан Лотинга ўтказиш бўйича ўз ҳукуматига топшириқ берган эди.

Назарбоев: Лотин алифбосига тайёргарлик бошлансин!

Бу ҳақда жаноб Назарбоев ўзининг "Егемен Казахстан" рўзномасида чоп этилган мақоласида маълум қилган.

Президент Нурсултон Назарбоев Қозоғистон Лотин алифбосига 2025 йили тўла ўтиши лозимлигини таъкидлаган.

Ўзининг мақоласида Президент Назарбоевнинг изоҳлашича, янги Лотин алифбоси ташқи дунё билан мулоқотни енгиллаштиради, болаларнинг инглиз тилини тезроқ ўрганишларига ёрдам беради.

Қозоғистонда Лотин алифбосига ўтиш масаласи 2007 йилдан буён муҳокама этилади.

Президент Назарбоев 2012 йили декабрида Лотин алифбосига ўтиш таклифини илгари сурган эди.

"Егемен Казахстан" газетасидаги катта мақоласида Элбоши Қозоғистонда Кирилл алифбосига ўтиш сиёсийлаштирилган жараён бўлганини таъкидлаган эди.

"Лотин алифбосидан 1929 йилдан 1940 йилгача фойдаланилган. 1940 йил 13 ноябрида Қозоқ тилини Лотин алифбосидан Рус имлосига асосланган алифбога ўтказиш ҳақидаги қонун қабул қилинган. Шу тарзда Қозоқ алифбосининг у ёки бу алифбога ўзгартирилиши сиёсий мазмунга эга бўлган", деб ёзган Президент Назарбоев.

Қозоғистонда 1929 йилдан 1940 йилгача фойдаланилган Лотин алифбоси Яналиф ёки янги Турк алифбоси деб кўрилган.

Яналиф СССРда ташкил қилинган янги алифбо бўйича махсус қўмита томонидан тузиб чиқилган.

Бугунги кунда Лотиндаги Қозоқ алифбосидан Туркия ва бошқа Ғарб давлатларида яшайдиган Қозоқ диаспораси вакиллари фойдаланадилар.

Бироқ бу алифбо ҳеч қандай мақомга эга эмас.

Шунингдек, ватанини тарк этган Қозоқ муҳожирлари Қозоқ Араб алифбосини ҳам қўллайдилар.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook - BBC UZBEK

Google+BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - uzbekbbclondon

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг

Бу мавзуда батафсилроқ