Толибон ва ИШИД Афғонистон шимолида илк бор тўқнашди

ИШИД Фото муаллифлик ҳуқуқи video

Минтақавий таҳлилчиларга кўра, Толибон бу билан Афғонистоннинг аксарият Марказий Осиё давлатлари билан бевосита чегарадош ва стратегик жиҳатдан ўта муҳим шимолий, шимолий-шарқий минтақаларида ИШИД жангари гуруҳи кучайишининг олдини олмоқчи.

Бу ҳудудларда фақат ўз таъсирини сақлаб қолмоқчи, Афғонистонда ягона энг йирик ва қудратли жанггари гуруҳ сифатида қолмоқчи.

Хабар қисқа тафсилотларини видеолавҳамизда ҳам томоша қилишингиз мумкин.

"Афғонистоннинг Балх вилояти Ўзбекистон, Жаузжон ва Фарёб Туркманистон, Қундуз эса, Тожикистон билан бевосита чегарадош жойлашган. Бу вилоятлар стратегик жойлашуви жиҳатдан жуда муҳим. Буни Афғонистон Толибон ҳаракати яхши билади. Россия ҳам худди шу боис толиблар билан алоқада. Чунки ҳар икки томон ҳам бу ҳудудларда ИШИД гуруҳи фаоллашуви ва кучайишига қарши", - дейди Покистондан Толибон масалалари бўйича мутахассис Раҳимуллоҳ Юсуфзай Би-би-си Ўзбек Хизмати билан суҳбатида.

Суҳбатдошимизга кўра, худди шу боис ҳам, ҳозир Афғонистоннинг бу минтақасида авваллари кузатилмаган бир шаклда янги иттифоқлар бўй кўрсатмоқда.

"Афғонистондаги энг йирик жанггари гуруҳ - Толибон ҳаракати бўлади. Бу ИШИД бўладими, Ўзбекистон Исломий ҳаракати ва ёки Покистондаги бошқа бир жанггари гуруҳ, Толибон уларнинг кучайиши ва ўз қудрати учун таҳдидга айланишини истамайди", - дея ўз сўзларида давом этади Раҳимуллоҳ Юсуфзай.

Расмий Кремль ҳам сўнгги пайтларда "Афғонистон Толибон ҳаракати билан яқинлашиш ҳаракатида" эканига оид хабарларни такрор ва такрор айнан Афғонистоннинг аксарият Марказий Осиё давлатларига бевосита чегарадош шимолий ва шимолий-шарқида ИШИД жангари гуруҳи фаоллашуви билан боғлиқ хавотирлари билан изоҳлаган.

Ҳаракат билан "мулоқотда" эканликлари сабабини ҳам "ИШИДга қарши курашда манфаатлари бир-бирига мос" экани билан тушунтирган.

Аммо Афғонистон Толибон ҳаракатига, ҳатто, "қурол-яроғ етказиб бериш"га тушиб қолганликларига оид АҚШ томонининг сўнгги йилларда такрор ва такрор янграб келаётган баёнотларини изчил равишда рад этиб келади.

Таъкидлаш жоиз, икки рақиб гуруҳ ўртасидаги "шиддатли жанг" Афғонистон биринчи вице-президенти генерал Абдулрашид Дўстум Яқин Шарқда деярли пароканда бўлиб улгурган ИШИД гуруҳи Марказий Осиё давлатларини кўзлаб, Афғонистон шимолига минглаб жангариларини сиздириш ниятида эканига оид огоҳидан қисқа вақт ўтмай кузатилган.

Жаузжон эса, генерал Абдулрашид Дўстумнинг она вилояти бўлади.

Суҳбатдошимиз Раҳимуллоҳ Юсуфзайнинг айтишича, бу икки гуруҳ ҳозир анъанавий равишда Афғонистон шимолида жуда катта қудратга эга бўлиб келган Афғонистон биринчи вице-президентининг ўзига ҳам таҳдидга айланиб боришмоқда.

Бошқа томондан, қақшатқич қуролли тўқнашув Афғонистон Толибон ҳаракатининг бу йилги баҳорги амалиётига оид баёноти арафасида юз берган.

Толибон

Фото муаллифлик ҳуқуқи courtesy

Ҳаракат жума кунги баёнотида Афғонистондаги ўз назорати остида бўлган ҳудудларни янада кенгайтириш, аллақачон ўз ихтиёрида бўлган минтақаларни тараққий топтиришдан ташқари, у ерларда ўз сиёсатини тарғиб этиш истагини ҳам баён қилган. Бу йил ўзларининг ҳам ҳарбий ва ҳам сиёсий жабҳада иш олиб боришларини таъкидлаган.

Толибон жорий пайтда Афғонистон ҳудудининг 10 фоизига эгалик қилса, яна 20 фоизидан ортиқроғида уларнинг ҳозирликлари борлиги айтилади.

Лондондан Мудофаа масалалари бўйича ҳарбий таҳлилчи Пол Рожерс эса, Афғонистон шимоли-шарқидаги куни-кечаги иттифоқчиларнинг бугун нега рақибга айланишгани сабабини худди мана шу омил билан изоҳлайди.

"Америка томонининг ишонишича, ҳозир Афғонистон ҳудудининг 57 фоизигина афғон ҳукумати назорати остида. Бор-йўғи ўтган йил бу рақамлар 72 фоизни ташкил этган. Шундай экан, толиблар ҳозир ошиғимиз олчи келмоқда, деган бир ўйда. ИШИД жангарилари эса, худди шу манзарада Толибон назорати остида бўлган ҳудудларга кўз тикишмоқда. У ерларга кириб бориш, толибларни ўзлари билан ҳисоблашишга мажбур қилишмоқчи. Шундай қудратга эга бир куч сифатида тан олдиришмоқчи. Бунга ИШИД гуруҳининг ўтган ой пойтахт Кобулдаги ҳарбий касалхонага қарши уюштирган ҳужуми ҳам мисол. Чунки орадан ой ўтиб, Толибон шимолий Балх вилоятидаги ҳарбий базани нишонга олди. Булар барчасининг афғон ҳукумати қанчалик босим остида қолаётган бир пайтда кузатилаётган назарда тутилса, воқеаларнинг сўнгги ривожи Афғонистон шимоли-шарқида ҳам бугун бу икки жангари гуруҳ ўртасида қудрат учун талаш бошланганига далолат қилади", - дейди таҳлилчи Пол Рожерс.

Унинг айтишича, бу каби вазият Афғонистонга чегарадош барча минтақа давлатлари учун бирдек хавотирли бўлмай қолмайди.

"Ҳозир Афғонистонда бўлган хорижий иттифоқ қўшинларининг сони 13 мингдан ортади ва улардан аксариятини америкалик ҳарбийлар ташкил этишади. Америка катта эҳтимол билан Афғонистондаги ўз ҳарбийлари сонини оширишга боради. Аммо Толибон ҳаракати ўзининг бу йилги баҳорги амалиётига оид баёнотида келаси бир неча ойнинг ўзидаёқ хорижий иттифоқ қўшинларини нишонга олишга ваъда қилган. Устига устак, сиёсий жабҳада ҳам кураш олиб боришини айтган. Яъни, Толибон бу билан ўзларига миллий бирдамлик ҳукумати сари йўл очишда давом этмоқчи. Агар, ўз фуқароларининг ҳам толиблар сафларида жанг қилишлари ва бу тўқнашувларнинг шундоққина биқинларида кечаётгани назарда тутилса, мавжуд ҳолат Афғонистонга бевосита чегарадош минтақа давлатларининг яққол хавотирларига сабаб бўлмай қолмайди", - дейди суҳбатдошимиз.

Илк жанг

Фото муаллифлик ҳуқуқи courtesy

Ўтган икки йил ичида айнан Афғонистон шимоли ва шимоли-шарқида яқин иттифоқчи сифатида кўрилган бу икки жанггари гуруҳ ўртасидаги дастлабки шиддатли жанг куни-кеча мамлакатнинг Туркманистонга бевосита чегарадош шимолий Жаузжон вилоятида кузатилган.

Минтақадан олинган хабарларга кўра, икки кунлик қақшатқич жангларда ҳар икки рақиб томон ҳам ўнлаб жангариларини бой беришган.

Аммо, шунда ҳам, Жаузжон вилояти ҳокими матбуот воизи Муҳаммад Ризо Ғафурийнинг Би-би-си Ўзбек Хизмати билан суҳбатида айтишича, жангариларининг сони бир неча баробар кам эканига қарамай, ИШИД толибларга жиддий талофат етказишга муваффақ бўлган.

Суҳбатдошимизга кўра, Жаузжоннинг, йилларки, икки энг беқарор тумани - Дарзоб ва Қўш-Тепада кечган бу "шиддатли жанглар"да 100 тача ИШИД жангарисига 500 га яқин толиб қарши чиққан.

Унинг сўзларидан аён бўлишича, ҳар икки жанггари гуруҳ ҳам бу жанг учун Афғонистоннинг шимолий ва шимолий-шарқийлари қолиб, ҳатто, ғарбий вилоятларидан ҳам ўз жангариларини мазкур ҳудудга келтиришган.

"Икки кунлик ўзаро жангларда жаъми 91 нафар жангари ўлган бўлса, шундан 76 таси толибларнинг ҳисобига тўғри келади. Уларнинг орасида Толибоннинг икки туман учун тайин этган ҳокими ва қатор қўмондонлари ҳам бор. Бундан ташқари, ИШИД жангарилари толибларнинг айрим туман ҳокимлари муовинлари ва бир нечта юқори мартабали қўмондонларини асир олишга ҳам муваффақ бўлишган. Ўзлари эса, икки қўмондонлари дохил бор-йўғи 15 нафар жангариларини бой беришган", - дейди Муҳаммадризо Ғафурий.

Суҳбатдошимизнинг айтишича, бу асирлар ҳануз ИШИД жангариларининг қўлида қолмоқда.

Ҳудуддаги вазият ҳануз ўта ҳассос, ҳатто, ҳозир ҳам томонлар янги жангга шай, дейди у.

Жаузжон вилоят ҳокими матбуот воизининг айтишича, ҳар икки рақиб тараф ўртасидаги қақшатқич қуролли тўқнашувга ҳам ИШИД жангарилари томонидан толиблар йиққан катта миқдордаги ўлпоннинг тортиб олиниши ва улар гиёҳванд моддалар контрабандачилари етакчиларидан бирининг ўлдирилиши сабаб бўлган.

Муҳаммад Ризо Ғафурийнинг айтишича, ҳам ИШИД ва ҳам Толибоннинг таъсири катта бўлгани боис, жанг майдони ўлароқ ҳар икковлон ҳам Жаузжон вилоятининг бу икки туманини танлашган.

Аммо Афғонистоннинг бутун шимолий ва шимолий-шарқий минтақалари назарда тутилганда ҳам, охирги пайтларда, айниқса, Дарзоб туманида ИШИД жангариларининг фаоллашиб бораётганига оид хавотирлар кучайган.

Шу йил бошида, ҳатто, уларга қарши курашиш учун ўнлаб афғон аёллари қўлларига қурол олишга мажбур бўлишгани, ИШИД гуруҳининг ўз зиндонини ташкил қилиб, маҳаллий аҳоли устидан маҳкамалар ўтказишгача бораётганига оид хабарлар ҳам олинган.

Жаузжон вилояти ҳокими матбуот воизи Муҳаммадризо Ғафурийнинг айтишича, бу икки жангари гуруҳ Шибирғон шаҳридан Дарзоб ва Қўш-Тепага элтувчи йўлларни ҳам тўсиб қўйишган.

"Шу боис ҳам вазиятни тинчитиш учун афғон ҳарбийларининг у ерларга қуруқлик орқали етиб боришлари имконсиз", - деркан, суҳбатдошимиз, "ҳаводан кўмак сўраб, ўзларининг марказий афғон ҳукуматига мурожаат қилишгани, аммо Афғонистоннинг бошқа қатор шимолий вилоятларида ҳам ҳарбий амалиётлар бораётгани боис, ҳозирча кўмак борасидаги сўровлари бежавоб қолаётгани"ни ҳам қўшимча қилади.

Дарзоб ва Қўш-Тепа

Фото муаллифлик ҳуқуқи courtesy

Агар, орада Жаузжон вилояти ҳокими матбуот воизи Муҳамадризо Ғафурий билан қилган суҳбатларимиз тафсилотларига таянилса, ИШИД сўнгги пайтларда толиблар ҳисобидан ўз сафларини кенгайтириб, ҳам Дарзоб ва ҳам Қўш-Тепада янада фаоллашиш ҳаракатида.

Унга кўра, бу масалада ИШИД гуруҳига Ўзбекистон Исломий Ҳаракати аъзолари кўмак беришмоқда.

Биргина ўтган йилнинг ўзида бу икки туманга ҳаракатга аъзо 55 оила келиб ўрнашишган. Аммо уларнинг қаердан ўтиб келишгани маълум эмас, дейди матбуот воизи.

Унинг сўзларидан маълум бўлишича, бу жангарилар Толибон ва ИШИД ўртасида воситачилик қилишмоқда, ИШИД га толиблар ҳисобидан ўзига янги жангарилар ёллашига кўмак қилишмоқда.

Жаузжон - Афғонистоннинг ИШИД жангари гуруҳининг Марказий Осиё билан бевосита чегарадош бир вилояти учун тайин этган ҳокими илк бор қўлга олинган вилоят бўлади.

Ҳодиса ўтган йил август ойида юз берган, ҳибсга олинган ҳоким Мавлавий Боз Муҳаммад Жаузжоннинг айнан Дарзоб ва Қўш-Тепасида ИШИД жангари гуруҳининг фаолиятини ёйиш истагида бўлгани айтилганди.

Худди ўша йилнинг октябрь ойида эса, ИШИД жангарилари бор-йўғи бир неча куннинг ўзида ўнга яқин тинч фуқарони ўлдиришган, қурбонлар орасида кексалардан ташқари, аёлларнинг ҳам борликлари айтилган.

Ҳатто, афғонистонлик масъулларнинг ўзлари ҳам, Ғарб бошчилигидаги катта сондаги хорижий иттифоқ қўшинларининг 2014 йилги оммавий сафарбарлиги ортидан, бу каби ҳолатга гувоҳ бўлишмаганини эътироф этиш даражасига боришганди.

Аммо орада кечган вақт давомида ИШИД жангари гуруҳи ўзларига қарши янграётган бу каби баёнотларнинг бирортасига расман муносабат билдиришмаган. Шу пайтгача Жаузжондаги қотилликларга ҳам масъулиятни ҳеч бир шаклда ўз зиммаларига олиб чиқишмаган.

Афғонистон биринчи вице-президенти генерал Абдулрашид Дўстумнинг яқинда қилган баёнотига таянилса эса, Ўзбекистон Исломий ҳаракати марҳум ҳамасосчиси ва раҳбари Тоҳир Йўлдошнинг ўғли ҳам қатор жангарилари билан айнан Жаузжон вилоятининг Дарзоб туманига ўтган.

Ўғлининг ИШИД гуруҳи номи остида Афғонистоннинг аксарият Марказий Осиё давлатларига бевосита чегарадош шимолий вилоятларида фаоллашиш ҳаракатида эканига оид хабарлар отаси - Тоҳир Йўлдош ўлимидан қарийб ўн йилча ўтиб ўртага чиққан.

Шимоллик масъуллар Ўзбекистон Исломий ҳаракати марҳум раҳбарининг ўғли Сарипул ва Жаузжон вилояти ўртасидаги минтақаларда катта молиявий имконият билан фаолият бошлаганидан жиддий ташвишларини изҳор этиш даражасига ҳам боришганди.

Генерал Абдулрашид Дўстум эса, мавжуд воқеълик Афғонистон шимолида ИШИДга қарши кураш масаласига жиддий эътибор қаратиш лозимлигини тақозо этишини айтганди.

ИШИД жангарилари

Фото муаллифлик ҳуқуқи video

Ҳозир Афғонистоннинг Туркманистонга бевосита чегарадош Жаузжон вилоятининг биргина бу икки энг беқарор туманидаги ИШИД жангиларининг сони ўнлаб экани тахмин этилади.

Жаузжондаги ИШИД жангариларига асли дарзоблик, ёши 30 лардан ошган, Толибон ҳаракатининг собиқ нуфузли қўмондонларидан бири - Қори Ҳикмат исмли шахснинг бошчилик қилиши айтилади.

"Қори Ҳикмат ҳозир ИШИД жангари гуруҳининг Афғонистон шимолидаги асосий қўмондонларидан бири бўлади. У жорий пайтда Афғонистоннинг икки шимолий вилояти - Жаузжон ва Фарёбда фаол. Бу ҳудудларда афғон ҳукумати учун таҳдидга ҳам айланиб улгурган. Айнан сафларини Қори Ҳикмат тарк этгани боис, бу ерларда толибларнинг сўнгги йилларда қайта кучайиб бораётган таъсири заифлашган. Шу боис ҳам, ҳозир толиблар Қори Ҳикматга қарши чиқишмоқчи. Улар эгаллаб турган ҳудудларни қўлга киритишмоқчи, сафларидаги жангариларни ўзларига қайтаришмоқчи", - дейди Покистондан Раҳимуллоҳ Юсуфзай.

Лондондан халқаро ҳарбий таҳлилчи суҳбатдошимиз Пол Рожерс Афғонистон Толибон ҳаракати томонидан яқинда эълон қилинган ва илк бор лидери Ҳибатуллоҳ Охунзоданинг овози забт этилган видеолавҳада янграган даъватларни ҳам қисман мавжуд воқеъликка боғлайди.

Унда Ҳибатуллоҳ Охунзода ўз жангариларига "кофирларнинг дўстларига шафқат қилмаслик", "мусулмонларга нисбатан эса, ўта шафқатли бўлишлари"ни маслаҳат берганди.

"Ҳозир Афғонистон шимолида оддий толиблар ва ИШИД гуруҳига алоқадор унсурлар ўртасида жиддий нифоқ мавжуд. Бу унсурлар эса, Афғонистон Толибон ҳаракатидан ҳафсалалари пир бўлган, аввалгисидан кўра янада радикаллашган собиқ толиблардир. Жаузжонда икки томон ўртасида яқинда кечган ва тарафлар ўнлаб жангариларини бой берган жанг бунга бир мисол. Толибон лидери эса, ўзининг бу чиқиши билан ички нифоқлар ўзларига таъсир қилмагани, бу йилги баҳорги амалиётлари чоғида афғон ҳукумат кучларига қарши туриш учун катта сондаги толиблар ҳануз бирдам эканликларини кўрсатмоқчи бўлди. Бунинг бундан бошқа изоҳи йўқ", - дейди Пол Рожерс.

Яқин Шарқдаги ИШИД гуруҳи ўзининг минтақадаги илк тармоғига 2015 йилнинг бошида Покистонда асос солган.

Аммо ўтган йил бошида Афғонистоннинг Покистонга бевосита чегарадош шарқий Нангархор вилоятини ўзининг Яқин Шарқдаги халифатининг вилояти, дея эълон қилган.

Ғарб бошчилигидаги иттифоқ қўшинларининг 2014 йилги оммавий сафарбарликлари ортидан кечган ўтган икки йил ичида Афғонистонга ҳар томондан сизиб киришга муваффақ бўлган, Ўзбекистон Исломий Ҳаракати аъзолари ва собиқ толиблар ҳисобидан ўзига юзлаб янги жангарилар ёллашга муваффақ бўлган.

ИШИД гуруҳи минтақадаги илк тармоғининг дастлабки икки лидери этиб ҳам Афғонистон ва Покистон Толибон ҳаракатининг ўз вақтида марҳум Мулла Муҳаммад Умарга яқин бўлган икки собиқ юқори мартабали қўмондонини тайин этган.

Бошқа томондан, ИШИД гуруҳининг ҳам Афғонистон ва ҳам Покистонда фаоллашуви Толибон сафларида илк бор парчаланиш юз берган бир пайтга тўғри келган.

Айрим минтақавий таҳлилчилар наздларида, ўз қадамини Афғонистонга қўя олишида Яқин Шарқдаги ИШИД гуруҳига айнан, сўнгги йилларга келиб, Толибон ҳаракати сафларида кузатилаётган тарқоқликлар яхшигина қўл келган.

Аммо, шунда ҳам, Толибон ҳаракати раҳбариятининг ИШИДнинг минтақада фаоллашиш саъй-ҳаракатларига қарши мавқеи кескин бўлган.

Ҳаракат раҳбарияти худди ўша йилнинг ўзида ИШИД гуруҳи ва Яқин Шарқдаги исломий халифати халифи Абу Бакр ал-Бағдодийга очиқ мактуб билан чиққан, уларни Афғонистондан узоқроқ туришга даъват қилганди.

Толибон бутун ҳаракат номидан эканини билдирган мактубида ўша пайтда дунёдаги энг қудратлиси бўлган бу жангари гуруҳдан "ўзлари ва Афғонистоннинг ички ишларига аралашмаслиги"ни сўраган.

Ўз навбатида, ҳаракат ИШИД гуруҳини Афғонистондан ортиқ жангари ёлламасликка ҳам даъват қилган.

Бунинг ортидан эса, гуруҳни, агар, ўз даъватларига қулоқ тутмаса, қарши жавоб беришга мажбур бўлишлари билан ҳам огоҳлантирган.

Қақшатқич жанглар

Фото муаллифлик ҳуқуқи courtesy

Ўтган икки йил вақт оралиғида Афғонистондаги ИШИД гуруҳи жангариларининг анъанавий равишда Толибон ҳаракатининг таянч нуқталари сифатида кўриб келинган ҳудудларга кўз тиккани, толиблар билан қақшатқич жангларга киришиб кетгани ҳам аён бўлган.

Хабарларда рақиб томонларнинг бу жангларда ўнлаб жангариларини ҳам бой беришгани айтилган.

Бу каби ҳолат Афғонистоннинг қатор шарқий, ғарбий ва жанубий вилоятларида деярли бир вақтнинг ўзида кузатилган.

Халқаро ҳарбий таҳлилчилар баҳосида анчайин дипломатик тилда битилган бу мактубда Толибон ҳаракати "Афғонистондаги америкалик ишғолчилар ва уларнинг қулларига қарши жиҳод ягона байроқ, ягона раҳбарият ва якто қўмондонлик остида бўлиши шарт"лигини ҳам урғулаган.

Бунга шаръан фақат ўзлари ҳақли эканликлари ва Афғонистонда ўзларига ҳамоҳанг равишда яна бир бошқа гуруҳнинг фаолият юритишига ҳожат кўрмасликларини ҳам баён қилган.

Халқаро ҳарбий таҳлилчилар бу мактуби билан лидерлари қолган толибларни ИШИД сафларига ўтишдан қайтаришни ҳам мақсад қилганини айтишганди.

Толибон ҳаракати эса, сўнгги ўн йилликларда минтақада етакчи жиҳодчи гуруҳ бўлиб келган.

Ҳаракат миллатчи ғояга эга, асосини ҳам маҳаллий паштун қавмига мансуб жангарилар ташкил этишади.

Ҳар икки Толибон ҳаракати ҳам шу пайтгача эътиборларини фақат Афғонистон ва Покистонга қаратиб келишган, у ерда ўз исломий халифаликларини барпо этишни мақсад қилишган.

Лекин раҳбариятининг худди ана шу даъвати манзарасида ҳам, толибларнинг 2001 йилдан буён Афғонистонда эришишга муваффақ бўлган энг йирик ютуқлари ҳам айнан ИШИД жангарилари бошчилигида мамлакат шимоли-шарқида уюштирган йирик ҳужумлари ҳисобига тўғри келган.

Толиблар, маҳаллий афғон масъуллари наздларида, юзлаб ИШИД жангарилари бошчилиги остида Афғонистоннинг Тожикистонга бевосита чегарадош шимолий-шарқий Қундуз вилоятига кенг кўламли, мувофиқлаштирилган ҳужумлар уюштиришнинг уддасидан чиқишган, муайян муддат бўлсин, такроран маркази Қундуз шаҳрини босиб олишга муваффақ ҳам бўлишган.

Ўзбекистон Исломий ҳаракати

Фото муаллифлик ҳуқуқи video

Яқин-яқингача Афғонистон ва минтақадаги энг йирик жанггари гуруҳлар саналувчи Толибон ҳаракати, "ал-Қоида" ва "Ҳаққоний" тармоғининг яқин иттифоқчиси саналган Ўзбекистон Исломи ҳаракати эса, 2015 йилда Яқин Шарқдаги ИШИД гуруҳига байъат келтирган, лидери Усмон Ғозий эса, худди ўша йили ўзларининг тўлиғича Афғонистонга қайтганликларини баён қилганди.

Афғонистонда Толибон тузумининг қулатилиши билан якун топган АҚШ бошчилигидаги иттифоқ қўшинларининг 2001 йилги ҳарбий амалиётлари ортидан кечган 14 йил давомида гуруҳ асосан Покистоннинг қавмлар яшовчи Вазиристон минтақасидан бошпана топиб келган.

ИШИДга байъат келтириб, унинг Афғонистондаги Хуросон қанотига қўшилишидан сўнг Ўзбекистон Исломий ҳаракати Афғонистоннинг, айниқса, жанубий Зобул ва шарқий Ғазний вилоятларида анчайин фаол бўлган.

Ҳаракат шов-шувли одам ўғирлаш ҳолларига қўл урган, улардан бирининг бошини танасидан жуда этгани акс этган видеолавҳасини ошкор қилиши ортидан, шундоққина Марказий Осиёнинг биқинидаги Афғонистонга Яқин Шарқдаги ИШИД гуруҳининг шафқатсиз жанг олиб бориш усуллари кириб келаётганига оид жиддий хавотирларга ҳам асос берганди.

Бунинг ортидан, афғон ҳукумати уларга қарши кенг кўламли қатор ҳарбий амалиётларга қўл урган, орада Афғонистоннинг айни шу икки шарқий вилоятида Ўзбекистон Исломий ҳаракати ва Толибон ўртасида қақшатқич жанглар кечганига оид хабарлар ҳам олинган.

Бунинг ортидан "The Long War Journal" нашрида лидерининг минтақадаги анъанавий иттифоқчиларидан воз кечиш қарори унинг тарафдорлари учун ҳалокатли бўлгани ҳақида мақола ҳам чоп этилган.

"Айнан толиблар билан жанубий Зобул вилоятида кечган жангларда улар мағлубиятга учраган, Ғозийнинг аксарият издошлари ўлдирилган, ўзининг тақдири эса, номаълум: айрим гап-сўзларга кўра, у жанглар маҳали ўлдирилган ва ёки асирга олинган", деб ёзганди нашр.

Ўшандан буён ҳаракат лидери Усмон Ғозийнинг тақдири номаълумлигича қолган, аммо гуруҳнинг инглиз ва араб тилларида битилган ўтган йилги баёноти тафсилотларидан лидери Усмон Ғозийнинг айнан ИШИДга байъат келтириш қарори ортидан, 2015 йил ҳаракат сафларида парчаланиш юз бергани англашилган.

Ўзбекистон Исломий ҳаракати сафларидан яна Толибон ва "ал-Қоида"га тарафдорлик қилувчи ўзаги ажралиб чиққани, уларнинг ҳануз Афғонистонда фаол эканликлари ҳам маълум бўлганди.

Аммо ўзини қайта бошдан Ўзбекистон Исломий ҳаракати, деб номлаган бу гуруҳ худди шу баёнотида янги лидерининг номини очиқламаган, "хавфсизлик нуқтаи назаридан" бундай иш тутишганини билдириш билан кифояланганди, холос.

Покистондан суҳбатдошимиз Раҳимуллоҳ Юсуфзайнинг айтишича, Ўзбекистон Исломий ҳаракатининг Зобулдаги Толибон билан кечган ўша қақшатқич жанглардан омон қолган аъзолари ҳозирга келиб Афғонистон шимолидан бошпана топишга муваффақ бўлишган ва улар айнан Қори Ҳикмат ва бошқа ИШИД қўмондонларининг ҳимояси остида.

"Афғонистон Толибон ҳаракати эса, воқеаларнинг бу каби ривожидан хавотирда. Шу боис ҳам, толиблар уларга қарши жанг олиб бориш, мағлуб этишга ҳаракат қилади. Толибон ИШИД ва Ўзбекистон Исломий ҳаракатининг Афғонистонда маълум бир ҳудуд назоратини қўлга киритиб, ўзларига таҳдид солишларини истамайди", - дейди у.

Суҳбатдошимизга кўра, ўтган 15 йил давомида Ғарб бошчилигидаги иттифоқ кучларига қарши жанг олиб бориб келаётгани боис, Афғонистон Толибон ҳаракати ўзининг қудрати борасида юқори фикрда ва худди боис ҳам, жорий босқичда назоратни ҳеч кимга бериб қўйиш нияти йўқ.

Унинг айтишича, Толибон ҳаракати жорий пайтда Афғонистондаги энг кучли жангари гуруҳ бўлади ва бу икковлонга бас келаман, деса, етарли даражада жангарисига эга, хоҳлаган пайтда истаган сондаги жангарисини уларга қарши ташлашга қодир.

"Аммо Толибон олиб бораётган жанг йирикроқ. Яъни, толиблар бир вақтнинг ўзида ҳам афғон ҳукумати ва ҳам хорижий иттифоқ қўшинларига қарши жанг олиб боришади. Шу боис ҳам, Толибон барча заҳирасини ИШИД ва Ўзбекистон Исломий ҳаракатига қарши сарфлашга бормайди", - дейди бу суҳбатдошимиз.

Қудратли Толибон

Фото муаллифлик ҳуқуқи Afghan Islamic Press

Раҳимуллоҳ Юсуфзайга кўра, "қудратли Толибон ҳам Марказий Осиё, ҳам Россия ва ҳам Хитойнинг фойдасига бўлади".

"Чунки Толибон ИШИД ёки Ўзбекистон Исломий ҳаракати билан ягона иттифоққа киришган тақдирда, бу давлатлар учун ростмана таҳдидга айланади. Яъни, уларни қўллаб, бошпана бериб, минтақа давлатларига қарши Афғонистон тупроғидан фойдаланишларига изн беради. Шу боис ҳам, Россия ва Хитой Толибон билан яхши муносабатда бўлмоқчи, ИШИД ва Ўзбекистон Исломий ҳаракатига қарши курашда у билан иттифоқчиликка бормоқчи...Улар ўртасида бугун кузатилаётган яқинликнинг асосий омили ҳам худди ана шунда", - дейди суҳбатдошимиз.

Айрим минтақавий таҳлилчиларга кўра эса, айнан Яқин Шарқдаги бу гуруҳнинг Афғонистондаги фаоллашуви охирги пайтларда Толибон ҳаракатининг тинчлик музокараларига анчайин мойиллик кўрсатаётгани воқеълиги ортида турган асосий омил ҳам бўлиши мумкин.

Сўнгги пайтларда айнан Россия ва Хитой афғон можаросига тинч йўл билан ечим топиш саъй-ҳаракатига тушиб қолишган, бу йўлда Афғонистон Толибон ҳаракати билан мулоқотлар олиб боришаётганини ҳам ҳеч кимдан сир тутмай қўйишган.

Расмий Пентагоннинг Афғонистондаги ҳарбийлари сонини кескин ошириш қарори ҳали-ҳануз ноаён қолаётган бир манзарада, АҚШ янги Мудофаа вазири Жеймс Мэттис ҳам сулҳу мадора ҳақида сўз юритиб қолган.

Жеймс Мэттис куни-кеча Афғонистон пойтахтида берган илк расмий матбуот анжуманида Толибон мамлакат сиёсий ҳаётида иштирок этмоқчи бўлса, зўравонликлардан тийилиб, террорчиликка "йўқ", дейиши шартлигини баён қилганди.

Афғонистон Толибон ҳаракати сафларида ҳам афғон ҳукумати билан тинчлик музокараларига мойил унсурлар борлиги нишоналари кўзга ташланган.

Аммо, Лондондан Мудофаа масалалари бўйича халқаро таҳлилчи Пол Рожерснинг айтишича, етакчиси ўзларининг афғон ҳукуматига қарши курашда ҳануз якдил эканликларига ишора қилувчи сўнгги видеочиқиши билан булар барчасини йўққа чиқаришга ҳаракат қилган.

Жорий пайтда Афғонистондаги Толибон жангариларининг сони камида 40 минг атрофида чамаланса, афғон ва Америка кучларининг сўнгги пайтларда олиб борган устма-уст ҳарбий амалиётлари ортидан, ИШИД гуруҳи аъзоларининг сони бир минг атрофига тушиб қолгани айтилади.

Аммо бу рақамларни мустақил манбалардан тасдиқлашнинг имкони йўқлиги ҳам эътироф этилади.

Афғонистондан олинган энг сўнгги хабарларга кўра эса, Жаузжондаги охирги вазият манзарасида пойтахт Кобулда Туркманистон томони билан қўшма хавфсизлик қўмитасининг тўртинчи йиғини ҳам бўлиб ўтган.

Аён бўлишича, мазкур йиғин чоғида ҳам хавфсизлик соҳасида ҳамкорликни кучайтириш, ўзаро чегара хавфсизлигини янада мустаҳкамлаш масаласига асосий эътибор қаратилган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02