Абдигулов Уругвайни ортда қолдирмоқчими?

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Матбуот хабарларига кўра, Қирғизистон Миллий банкининг раиси Тўлқинбек Абдигулов мамлакатини қандай қилиб "сайёҳлар учун жаннат"га айлантириш йўлини билишини айтган.

Қирғизистонда ҳозир мамлакатни 2040 йилгача ривожлантириш Миллий стратегияси муҳокама қилинмоқда.

Ана шундай муҳокамалардан бирида Миллий банк раиси Тўлқинбек Абдигулов нашани легаллаштиришни таклиф қилган.

Қирғизистон оммавий ахборот воситалари жаноб Абдигуловдан шундай иқтибос келтирмоқдалар:

"Қандай қилиб сайёҳлик жаннатини барпо қилиш мумкин? Агар сизлар шунчалик неолибераллар бўлсангиз, шундай ишлар қилингки... Мен бу ерга ҳамма туристларни қандай қилиб олиб келиш йўлини биламан. Нашани легаллаштиринг! Бўлди. Бошқа ҳеч нарса қилиш керак эмас. Бутун МДҲ қоп-қоп бўлиб шу ерга келади. Меҳмонхоналарда ҳам жой қолмайди".

Қирғизистон ҳозирча Туркия билан рақобатлаша олмайди, чунки самолётда учиб бориш ва етти кун ҳордиқ чиқариш Туркияда арзонга тушади, деб айтган Қирғиз Миллий банки раҳбари.

Нашани қонунийлаштириш ҳақидаги таклиф хабарини тарқатаётган Қирғизистон журналистларининг ўзлари ҳам Тўлқинбек Абдигулов бу гапларини жиддий айтдими ёки шунчаки ҳазиллашиб қўйдими, ишончлари комил эканини ёзмоқдалар.

Жаноб Абдигуловдан кейин сўзлаган Сайёҳлик департаменти директори Азамат Жаманқулов Қирғизистонни минтақанинг Туризм лидерига айлантириш ниятида эканларини айтган.

"Биз сайёҳлик маркази бўлишни, Марказий Осиё туризми лидери бўлиш мақсадини кўзламоқдамиз. Биз туризм Ялпи Ички Маҳсулот таркибида 30 фоиз бўлишини хоҳлаймиз. Шу йўналишда ишлар амалга оширилмоқда", деб айтган Азамат Жаманқулов.

Қирғизистон билан Қозоғистон чегарасидаги Чуй водийси ёввойи наша ўсадиган улкан ҳудуд ҳисобланади.

Назарбоева: наша ўсимлиги саноатини ривожлантириш керак

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP Getty Images
Image caption Уругвай дорихонасида наша сотиб олиш истагидаги мижозни рўйхатга олиш бошланган.

У ердаги ҳосил йилига 5-6 минг тоннани ташкил этади, деб кўрилади.

Жаноб Абдигулов наша билан сайёҳларни Қирғизистонга жалб этишни таклиф қилган куни Жанубий Американинг Уругвай мамлакати марихуанани давлат дорихоналарида сотиш жараёнини бошлаган кунга тўғри келган.

2 майдан дорихонадан наша сотиб оладиган истеъмолчиларни рўйхатга олиш бошланган.

Уругвай 2013 йили нашани экиш ва сотишни легаллаштирган.

Фақат 18 ёшдан ошган Уругвай фуқароларига нашани сотиб олишга рухсат берилган.

Айнан қачондан дорихоналарда марихуана сотиш бошланади, ҳукумат буни яқин орада эълон этиши кутилмоқда.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ