Тожикистонлик Мавлуда: 'ВИЧ юкини қандай ташияпман?'

Мавлуда ВИЧга чалингани ҳақида билганида 16 ёшда бўлган. Ҳозир у 20 ёшда.

У вирусни ўз эридан юқтирганди.

Ўшанда у ўзини ҳаёти ниҳоя топгандек ҳис қилган, аммо ҳозир касалликларидан хабар топганларга дастак беради.

Ўтган бир неча йил асносида Тожикистонда ВИЧга чалинган аёллар сони ортган. Кўпда улар Россияга бориб ишлаб келаётган меҳнат муҳожирларининг аёлларидир.

Тожикистонда ВИЧнинг тарқалиши жиддий муаммо бўлиб қолмоқда. Айниқса, мамлакат катта сондаги меҳнат муҳожирлари етиштириб бериши назарда тутилса...

Республика СПИДга қарши кураш маркази маълумотига кўра, мамлакат бўйлаб ВИЧ ва СПИД билан оғриган 8 504 киши рўйхатга олинган. Улар жумласига айни касаллик туфайли аллақачон вафот этган 2 минг киши ҳам киради.

1980 йилларнинг ВИЧ вируси ҳақидаги қўрқинчли афсоналари тожик жамиятида ҳали ҳамон кенг тарқалган.

30 йилдан ортиқ вақт ичида СПИДга қарши кураш йўлида эришилган ютуқлар, мазкур хасталик қандай юқиши ва ривожланиши борасидаги тушунтиришларга қарамай, кўплаб тожикистонликлар ҳали ҳам ВИЧ ҳақидаги афсоналарга ишонадилар ва вирусни юқтирганлар ҳаётини жаҳаннамга айлантиришади.

Мавлуданинг ҳикояси

Фото муаллифлик ҳуқуқи Science Photo Library
Image caption ВИЧ вируси юққан ҳужайра

Ота-онам мени 16 ёшимда турмушга беришди. Мендан ҳеч ким розилик ҳам сўраб ўтиргани йўқ. Эримни илк бор тўй куни кўрдим.

Мактабни битириб, ўқишни давом эттирмоқчи, олийгоҳга кирмоқчи эдим. Аммо ота-онам 9 синфни тугатганимдан кейин ҳужжатларимни олишди. Уларни кўндиришга уринишларим бефойда бўлди ва мен ота-онамнинг ихтиёрларига қарши боролмадим.

Эримнинг оиласи диндор эди. Улар кўп йиллар Россия яшашган, у ернинг фуқаролигини олишганди. Тўйдан сўнг мен ҳижобга кирдим, эримнинг олдига Россияга кетдим. Ўшанда у 25 ёшга кирганди.

У ерда менинг ота-онам ҳам ишлашарди. Ушбу маълумотли одамлар ўз ватанларидан иш топа олмай, муҳожирликка кетишга мажбур бўлишганди.

Улар эримнинг оиласи билан ўша ерда танишишган ва тўйни ҳам келишиб олишганди.

Мен оилада ёлғиз қизман, ота-онам мени ҳимоя қила оладиган ва севадиган яхши инсонга беришни орзу қилишган. Бироқ ҳаёт улар режалагани каби бўлиб чиқмади.

16 ёшда мен ВИЧ нима, СПИД нима, у инсонга қандай юқади, мутлақо билмасдим. Фақат ушбу касаллик билан оғриганлар ҳаётдан кўз юмишларидан хабардор эдим.

Вирус бир кун менинг ҳаётимга ҳам дахл қила олишини эса тасаввур қила олмасдим.

Тўйдан бир неча ой ўтгач, ўзимни ёмон ҳис қила бошладим. Онам мени шифокорга олиб борди. Берган дори-даволар фойда қилмади. Мени шамоллаш, қанақадир аёллар касалликлари, чарчоққа қарши даволашди. Аммо бирор бир шифокор менга ВИЧ учун текширувдан ўтишни маслаҳат бермади.

16 ёш, ҳижобли, диндор бир оиланинг қизи бу ҳолга тушиши мумкинлиги ҳеч кимнинг хаёлига ҳам келмасди.

Бироз вақт ўтиб, мен ҳомиладор бўлдим. Шунда мени анализлар топширишга жўнатишди. Кейин тиббиёт марказидан қўнғироқ қилиб, СПИДга чалинганимни айтишди. Айнан СПИД дейишди.

Қанчалар даҳшатга тушганимни таърифлаш қийин. Ўзимга келиб, эримнинг ота-онасига айтишга шошилдим. Қайнотам хотиржамлик билан ҳеч қандай қўрқинчли нарса йўқлиги, ҳозир ҳар икки одамдан бири айни хасталикни ташиши ҳақида айтди.

Ўшанда фақат эрим эмас, балки бутун оила унинг ВИЧга чалинганидан бохабар бўлганини билдим. Ва ҳеч ким на мени ва на ота-онамни бу ҳақда огоҳлантирмаган. Кейин мен унинг гиёҳванд қабул қилгани, ВИЧга қарши даволанганидан хабар топдим. Тўйдан кейингина у муолажани тўхтатган экан. Менинг нима учун у доим дори ичиши ҳақида сўрашим мумкинлигидан қочиб, буни истамаган экан.

У менинг дармонсизлигим сабабини ҳам билган ва чурқ этмаган. Мен ҳомиладор бўлганимдан кейин ҳам сукут сақлаган. Бу ҳаётимнинг энг даҳшатли даври эди.

Уч марта ўзимни ўлдиришга уриндим. Руҳшуносга узоқ вақт даволандим. Эрим ва унинг оиласи вирусни юқтирганимдан кейин ажралмаслигимга ишонишган.

Мен эса бундай ёлғонни кечира олмадим. Илтижолар, сўровларга қарамай, биз ажрашдик. Мен ватанимга қайтдим. Ёлғон ва ҳаётимни барбод қилганларини кечиришим қийин эди.

Бир неча ой ўтиб, ўғлим туғилди. Туғруқхонада у бир ҳафтадан ортиқ яшамаслигини айтишди. Аммо ўғлим 8 ой яшади.

Мен ўғлимнинг ўлишини билардим. Мени бунга руҳан тайёрлашарди. Аммо ўлимга, айниқса, болангизни ўлимига ҳозир бўлишингиз имконсиз.

Оғир кунларимда ота-онам, оилам дастак бўлишди. Улар мени коллежга кириш истагимни қўллаб-қувватлашди. Худди шундай кунларни бошларидан кечирганлар менга тиргак бўлишди.

Тожикистонда ВИЧга чалинганларга жуда бошқача кўз билан қарашади. Улар том маънода ўз ҳолларига ташлаб қўйилади. Кўплар нафақат хасталарни тушунмайдилар, тушунишни ҳам исташмайди.

Коллежга кирганимдан кейин мен Таълим вазирлигидан мактуб олдим. Унда менинг бюджет асосидаги факультетда ўқишим сабаби келтирилганди.

Коллеж директори менга очиқдан-очиқ таҳдид қилди. У бошқа талабаларга вирус юқтиришим мумкинлигидан қўрққанди.

Мен унга бундай нарса бўлиши мумкин эмаслигини тушунтиришга уриндим. Даволанаётганим, дорилар қабул қилаётганим, мен соғлом инсонлар учун мутлақо хавфсиз эканимни айтдим. Аммо у эшитишни ҳам истамади.

У ҳатто мени кабинетига қўймади. Ҳолатимни ҳаммага айтиш билан таҳдид қила бошлади.

Мен, албатта, уни ҳуқуқларимни поймол қилаётгани учун жиноий жавобгарликка торта олардим, аммо тушуниб етганим шу бўлдики, кейин талабалар ва ўқитувчилар менга қарши заҳарли бир кампанияни бошлашлари мумкин эди.

Мен ахир ҳаммага қарши кураша олмайман, ҳар куни ҳар бир кишини гуноҳсизлигим ва ҳеч кимга хавф эмаслигимга ишонтира олмайман.

Мен бошқа жойга ўқишга кирдим. ВИЧ ва СПИД ҳақида етарли маълумотлар борлигига қарамай, одамлар бу касаллик ҳақида деярли ҳеч нарса билишмайди.

Вақт ўтгач, мен дўстларимга ВИЧ билан оғришимни ошкор қилдим. Одамлар бунга тайёр бўлганларидан кейингина айтдим. Аммо улар даҳшатга тушдилар.

Аксарият ҳолатларда ВИЧга чалинганларни айнан бошқаларда кўра бу муаммодан кўпроқ маълумоти бор бўлган шахслар ажратиб қўйишади.

Бир кун рентгенга тушишимга тўғри келди. Тиббий дафтарчамни кўрган шифокор мени кабинетидан қувиб солди.

Бошида онам ҳам мен овқат ейдиган идишларни ажратишга уринарди. Менга доим битта идиш берилаётганини пайқай бошладим. Ҳатто, онам ҳам касалим бошқаларга юқишидан қўрқарди.

Бу мени жуда хафа қилди. Ахир мени турмушга берган улар эмас эдими?

Мен гуноҳсиз гуноҳкорга айланиб қолгандим.

ВИЧ билан яшаётганларнинг аксари яхши таълим олмаган одамлар. Улар орасида мигрантлар, гиёҳвандларнинг хотинлари, шифокорлар хатоси туфайли бу дардга чалинганлар бор. Улар жуда қўрқиб яшайдилар.

Мен турмушга чиқдим. Турмуш ўртоғим ҳам ВИЧни юқтирган. Фарзанд кутяпмиз. Умид қиламизки, у соғлом туғилади.

Мен олий маълумотли бўлмоқчиман, давлат органларига ишга кириб, кейин ВИЧ ҳақида одамларнинг қарашларини ўзгартирмоқчиман. Қолипларни синдириш керак бу масалада...

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02