Толибон ҳозирча жим?..

Гулбиддин Ҳикматёр Фото муаллифлик ҳуқуқи EPA

Президент Муҳаммад Ашраф Ғаний бошчилигидаги миллий бирдамлик ҳукумати билан сулҳ битими имзолашидан 8 ой ўтиб, Гулбиддин Ҳикматёр бугун Кобулга қайта қадам босган.

Ўтган ҳафта Афғонистонга қайтган "Ҳизби Исломий" гуруҳи етакчиси ва ўз вақтида "ваҳшатнок" мужоҳиддин қўмондонларидан бири сифатида танилган Ҳикматёрни президент саройида Муҳаммад Ашраф Ғанийнинг ўзи қарши олган.

Ҳикматёрни кутиб олиш маросими баҳона афғон раҳбари Толибон ҳаракатини сулҳга чақирган. Толибларни ҳам Гулбиддин Ҳикматёрдан ўрнак олишга чақирган.

Гулбиддин Ҳикматёрнинг ўзи ҳам ўтган ҳафта афғон тупроғида қилган илк чиқишида асосий эътиборини сулҳ ва Афғонистонда кечаётган узоқ йиллик урушларга чек қўйиш масаласига қаратган.

Собиқ яқин иттифоқчиси Толибон ҳаракатини ҳам Афғонистоннинг ўзи бошчилигидаги тинчлик музокараларига бош қўшишга чақирган.

Аммо ҳар икки "янги иттифоқчи"нинг даъвати Афғонистон Толибон ҳаракатининг бу йилги баҳорги амалиётига оид эълони ортидан янграган.

Толиблар эса, ҳозирча жим, сукут сақлашмоқда.

Тафсилотлари видеолавҳамизда - назардан қочирманг.

Кобулда қилган чиқишида эса, ҳозир 69 ёшда бўлган Гулбиддин Ҳикматёр миллий бирдамлик ҳукуматида бирор бир амалга кўз тикмаётганлигини баён қилган.

Шу йил бошида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Гулбиддин Ҳикматёрга нисбатан жорий этилган жазо чораларини бекор қилган ва унинг Афғонистонга қайтишига йўл очганди.

Собиқ мужоҳиддин қўмондонининг ўзи зўравонликлардан тийилиш ва Афғонистон Бош қонунини тан олишга рози бўлган.

Жангари қаноти ҳам бўлган у раҳбарлигидаги "Ҳизби Исломий" партияси Афғонистондаги иккинчи йирик жангари-сиёсий гуруҳ бўлади.

Миллий бирдамлик ҳукумати эса, Гулбиддин Ҳикматёр билан имзоланган сулҳ битими Афғонистонда тинчлик жараёнига хизмат қилишини баён қилганди.

"Ҳизби Исломий" раҳбари Афғонистондаги сўнгги фуқаролар уруши чоғида пойтахт Кобулда минглаб инсонларнинг ўлимида масъул кўрилади.

Худди шу боис ҳам, Ҳикматёр билан имзоланган сулҳ битимидан тортиб, унинг Афғонистонга қайта қадам босиши мамлакат аҳолиси томонидан турлича қарши олинган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02