Тўла милиционерлар бўшатилмоқда

Милиция ходимлари Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Тожикистон Ички ишлар вазирлиги ишга киришган, вазни оғирликдан азоб чекаётган ўн нафар милиция ходимларини ишдан четлатган.

Яна юзлабини тезда озиш, акс-ҳолда, ўз вазифаларини топшириб қўйишларига тўғри келиши билан огоҳлантирган.

Бу ҳақда Би-би-си Рус Хизматининг Душанбедаги мухбири Анора Саркорова хабар берган.

Тожикистон Ички ишлар вазирилиги матбуот воизи Умаржон Эмомали бу хусусда изоҳ беришдан бош тортмаган.

Унинг сўзларига кўра, бу милиция ходимларини бирданига хизмат вазифасидан четлатишмаган.

Аввал огоҳлантиришган, аммо улар айтилган муҳлатда озишнинг уддасидан чиқишмаган.

Тожикистон Ички ишлар вазири Рамазон Раҳимзоданинг айтишича, ортиқча вазн милиция ходимларининг фаолиятига тўғридан-тўғри таъсир қилади. Уларнинг меҳнат самарадорлигини пасайтиради.

Вазир Рамазон Раҳимзодага кўра, милиция ходимларининг вазни билан боғлиқ муаммо фақат сўнгги йилларга келиб долзарблик касб этган.

Ортиқча вазнга эгаларининг сони кўпайиб кетган ва шу боис ҳам, вазирлик айни муаммо билан " қизғин курашиш"га киришган.

Тожикистон Ички ишлар вазирлиги раҳбарияти наздида тожик милиционери яхши ишлаш баробарида, чиройли кўриниши ҳам керак.

Мухбиримизга кўра, ҳатто, бу вазирлик қошида ҳуқуқ-тартибот ходимларининг бўйи ва вазнини назорат этиб борувчи махсус ҳайъат ҳам ташкил этилган.

Аммо, шунда ҳам, вазир Рамазон Раҳимзодага кўра, вазнидан ташқари фаолияти билан боғлиқ қолган кўрсаткичлари рисоладагидек бўлса, бу милиция ходими ўз вазифасини давом этдириш имкониятига ҳам эга.

Тожикистон Ички ишлар вазирлиги сўнгги йилларда ўзининг ғайриодатий буйруқлари билан тилга тушиб улгурган.

Вазирлик яқинда барча милиция ходимларининг ойида камида икки марта театрга тушишларини шарт қилиб қўйганди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Алоқадор мавзулар