"Ўлмас полк" тадбири Исломга зид"

"Ўлмас полк" акцияси Фото муаллифлик ҳуқуқи Elena Afonina/TASS

Тожикистоннинг "Ховар" Миллий ахборот агентлиги нега мамлакатда 9-май куни "Ўлмас полк" акцияси ўтказилмаслиги борасида баёнот эълон қилган.

Россияда бошланган ва Россия расмийларининг дастаклови билан тобора оммалаштиришга ҳаракат қилинаётган "Ўлмас полк" акциясининг собиқ Шўро республикаларида кенг ёйилишига йўл берилмаётгани айримларнинг ғашига ҳам тегмоқда.

Бундан олдин Ўзбекистонда ҳам 9-май куни "Ўлмас полк" тадбири ташкиллаштирилмаслиги ҳақида хабар тарқатган эдилар ташкилотчилар.

Тожикистоннинг "Ховар" давлат ахборот агентлиги бу йил ҳам мамлакатда фашизм устидан қозонилган ғалаба санасини "юқори сиёсий даражада" ўтказишга Президент Имомали Раҳмон фармойиш берганини эслатган ва давлат раҳбари ташкиллаштиришга буйруқ берган тадбирлар орасида "Ўлмас полк" йўқлигини эслатган.

Шунингдек, марҳумларнинг фотосуратларини кўтариб кўчага чиқиш мусулмончиликка тўғри келмайди, деган "Ховар" баёнотида.

"Ислом анъаналарига кўра ҳалок бўлганларнинг портретлари билан кўча ва шоҳкўчаларга чиқиш мумкин эмас, ушбу акция Ислом ва мазҳаб қадриятларига зид келади", дейилади баёнотда.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Mypolk.ru

Шу билан бирга, Тожикистоннинг Афғонистон билан чегарадош ҳудудларида жанглар давом этаётгани қўшимча акцияларни ўтказишга изн бермайди, дейилади Тожикистон миллий ахборот агентлиги баёнотида.

Бу ҳақда хабар тарқатган русийзабон оммавий ахборот воситалари Россиядаги мусулмонлар бу акциянинг мусулмончиликка тўғри келмаслиги борасида шикоят қилмагани ҳақида эслатганлар.

"Ўлмас полк" акцияси ташкилотчилари Ўзбекистонда бу тадбир нега ўтказилмаслиги сабабини mypolk.ru веб-сайтида эълон қилган эдилар.

"Қадрли ўзбекистонликлар! Бутун дунёдаги мураккаб сиёсий вазият туфайли бу йил "Ўлмас полк" юриши ўтказилмайди. Бу бизнинг ҳукуматимизнинг тўғри қарори деб ҳисоблаймиз, чунки бизга иккинчи Питер(Россиянинг Санкт-Петербург шаҳри метросидаги 3-апрелдаги портлаш назарда тутилган - таҳририят) керак эмас".

Россия оммавий ахборот воситалари "Ўлмас полк" акциясини ўтказишга Ўзбекистон ҳукумати рухсат бермаган, дея хабар тарқатганлар.

Фото муаллифлик ҳуқуқи RIA NOVOSTI

Акция ташкилотчиларидан Сергей Лапенковнинг айтишича, илк бор 2016 йили Ўзбекистон ҳудудида "Ўлмас полк" тадбири ташкиллаштирилган, аммо у расмий мавқега эга бўлмаган.

Бу йил Ўзбекистондаги "Ўлмас полк" акция иштирокчилари Тошкентда "Ветеран" ташкилоти билан келишган ҳолда кўргазма уюштиришни, Мотамсаро Она ҳайкали пойига гул қўйиш, уруш фахрийларини табриклаш ва концерт ташкиллаштиришни режалаганлари хабар қилинган.

1941-1945 йилги урушда иштирок этган қариндошларининг фотосуратларини кўтариб юриш уюштириш биринчи марта 2012 йил 9-май куни Россиянинг Томск шаҳрида ташкиллаштирилган эди.

Кейинги йилларда бу акция янада оммалашди, ўтган йили Лондон шаҳрида ҳам ўтказилди.

2015 йили Россия Президенти Владимир Путин ҳам урушда қатнашган отасининг фотосурати билан Москванинг Қизил Майдонидаги акцияда қатнашган, бундан кейин ҳам иштирок этиш ниятида экани ҳақида айтган эди.

Ўша йили бутун дунёда 12 миллиондан ортиқ одам Иккинчи Жаҳон урушида ҳалок бўлган аждодининг суратини кўтариб "Ўлмас полк" хотира тадбирида қатнашгани хабар қилинган.

Айримлар худди Георгий тасмаси сингари "Ўлмас полк" акциясини ҳам Россия қадриятларини ўзгаларга сингдириш амали сифатида талқин қиладилар.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ