Қозоғистон Георгий тасмаси рамзларини йўқотмоқда

Чимкент шаҳрида таъмирдан сўнг ўрнатилган Георгий тасмаси рамзи олиб ташланган Фото муаллифлик ҳуқуқи Go13.kz
Image caption Чимкент шаҳрида таъмирдан сўнг ўрнатилган Георгий тасмаси рамзи олиб ташланган

9 май арафасида Қозоғистон шаҳарларида Георгий тасмаси туширилган рамзларнинг миллий нақшли рамзларга алмаштирилаётгани кузатилмоқда. Қозоғистонда сўнгги йилларгача Георгий тасмаси бутун малакат бўйлаб кенг қўлланилиб келинган. Аммо Украининг Қрими Россия томонидан аннекция қилингач ушбу тасмага нисбатан ҳукуматдагиларнинг ҳам қараши ўзгарган.

Facebook да тарқалган расмлардан маълум бўлишича, Олма ота шаҳри марказида жойлашган бинога ўрнатилган Георгий тасмасининг йирик рамзи олиб ташланган. Унинг ўрнига қозоқ нақшлари туширилган кўк тасма ва ўроқ ҳамда болға тасвирланган орден ўрнатишган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Go13.kz
Image caption Георгий тасмаси ўрнига нима ўрнатилиши номаълум

Худди шундай жараён Чимкент шаҳрида ҳам бўлаётганини кўриш мумкин. Шаҳардаги Шуҳрат ёдгорлигига ўрнатилган йирик Георгий тасмаси олиб ташланаётгани акс этган суратлар тарқалган.

Сурат муаллифи go13.kz сайтининг ёзишича, Россияда Ғалаба куни рамсзи сифатида қабул қилинган тасмани олиб ташлаш 9 майга уч кун қолганда амалга ошган.

Ишчилар бу кимнинг топшириғи эканлиги ва унинг ўрнига нима қўйилиши борасидаги саволларни очиқ қолдиришган.

Қозоғистонда 9 май ғалаба куни сифатида нишонланади.

Яқин йилларгача бу ерда йўл-йўл норинж ва қора ранглардан ташкил топган Георгий тасмаси кенг қўлланилган. Тасманинг йирик шакли ҳокимият маблағлари асосида шаҳар бўйлаб ўрнатиларди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи facebook
Image caption Георгий тасмасини олиш Олма отада ҳам кузатилган

Бироқ Россия томонидан Украинанинг Қрим ўлкаси қўшиб олингач мамлакат ичида ушбу тасмага қаршилар кўпайди.

Уларга кўра, Советлар даврида қўлланилмаган Георгий тасмасини Россия империя ғояларини тарғиб қилиш йўлида восита қилиб олган.

Норозиликнинг оммавий тус олиши натижасида 2015 йилга келиб Қозоғистонда миллий нақшлар акс этган кўк тасма чиқарди.

9 май арафасида Георгий тасмаси билан бирга миллий кўк тасма ҳам ишлатила бошланди.

Бироқ бу йил ҳукумат Георгий тасмаси ишлатилишини максимал даражада камайтиришга бел боғлаган кўринади.

Қозоғистонда ўтиши керак бўлган "Ўлмас полк" маршида ҳам ўзга давлатларнинг сиёсий рамзларини ишлатиш тақиқланиши кўрсатилган.

Кузатувчилар ўзга давлатнинг сиёсий рамзи деганда айнан Георгий лентаси назарда тутилаётганини айтишади.

Георгий тасмаси тарафдорлари унинг Россия империясига алоқаси йўқлигини, балки Гвардия лентаси номи остида совет даврида ҳам қўлланилганини айтишади.

Тасманинг Россия томонидан Георгий номи билан аталиши унинг тақиқланишига асос бўлмаслигини таъкидлашади.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМканалимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг