Ўшда Ўзбекистон қураётган мактаб сентябрда битади

Ўш

Қирғизистоннинг Ўш шаҳрида Ўзбекистон молиявий кўмагида 630 ўринли замонавий мактаб қурилади. Мактаб қурилиш ишлари ҳали бошланмаган, аммо мутасаддилар уни сентябр ойида, янги ўқув йилига тайёр бўлишини айтмоқда.

Ўш шаҳар таълим бошқармаси раҳбари Авазбек Асановнинг Би-би-сига айтишича, ҳозирда ҳар икки тараф мактабни қуриш бўйича ҳужжатларни тайёрламоқда.

"Маълумки, бу йилнинг бошидан Қирғизистон ва Ўзбекистон алоқалари ривожлана бошлади. Икки давлат Бош вазир ўринбосарлари бошчилигидаги делегация Андижон ва Ўш шаҳарларида музокаралар ўтказишган. Ўшанда Ўзбекистоннинг молиявий кўмагида Ўш шаҳрида янги мактаб қуриш ташаббуси кўтарилган эди" - дейди Авазбек Асанов.

Янги мактаб Ўш шаҳридаги Масалиев проспектида жойлашган "Алишер Навои" мактабининг бузилган биноси ўрнига қурилади.

Мазкур мактабда сабоқлар қайси тилда ўқув олиб борилиши ҳали аниқланмаган.

"Бу мактаб ҳозирда қирғиз тилидаги маскан. Янги мактаб биноси қурилиб бўлганидан кейин, қайси тилда бўлиши ўша ҳудуд аҳолисининг эҳтиёжидан келиб чиққан холда аниқланади. Мактаб номи "Алишер Навои" бўйича қолади" - дейди шаҳарнинг бош педагоги Авазбек Асанов.

Ўш шаҳар ҳокими Айтмамат Қадирбоев янги мактабни қуриш бириктирилган Қирғизистоннинг "Трест-12", ҳамда Ўзбекистоннинг "Ўзшаҳарсозлик" қурилиш ташкилотлари вакиллари билан бино лойиҳасини муҳокама қилган.

"Ўш мэрияси шаҳарнинг марказий кўчаларидан бирида умумий 1,11 гектардан иборат ер майдонини янги мактаб биноси учун ажратиб берди. Лойиҳа бўйича, қурилишнинг умумий ҳовлиси 3851 квадрат метрни ташкил этади. Бу икки миллат орасидаги муносабатларни мустахкамлаш йўлидаги асосий олиб борилаётган ишларнинг асосий ва кераклисидир" - деб урғулаган шаҳар раҳбари қурувчилар билан учрашувда.

Лойиҳа бўйича, янги замонавий мактаб уч қаватдан иборат бўлиб, унда спорт ва фаоллар зали, ошхона, шифокорлар хоналари, шунингдек лаборатория ҳам ўрин олади.

Қурилиш ишлари яқин кунларда бошланиши кутилмоқда. Бироқ унинг умумий қиймати номаълум.

Қурилиш молларининг кўпчилиги Ўзбекистондан олиб келиниши кутилмоқда.

"Бу мактаб шу йилнинг 1 сентябрига қурилиб битказилиши керак. Ҳозир давлатлараро келишувларга имзолар қўйилиб, ҳужжатлар икки давлат парламентларидан тасдиқланишини кутмоқдамиз. Бу жараёнлар якунланиши билан мактаб қурилишини бошлаймиз. Бу катта, шаҳардаги замонавий мактаблардан бири бўлади ва икки миллат, ҳамда давлатлараро муносабатларни ривожланишида муҳим рўл ўйнайди" - дейди Ўш шаҳар таълим бошқармасининг раҳбари Авазбек Асанов.

Ўтган ҳафтада, Қирғизистонда ягона бўлган Ўшдаги Бобур номли ўзбек академик драма театрига Ўзбекистон ҳукумати томонидан 30 минг долларлик кийим кечак ва саҳна безакларидан иборат ёрдам келган.

Театр актёрлари яқин кунларда "Бобур туғёни" спектаклини мухлисларга намойиш этиш арафасида.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ