Хитой янги ташаббуси: ким тарафдор, ким қарши?

Президент Си Цзинпин Буюк Ипак йўлини қайта тиклаш ғоясини 2013 йили кўтарган. Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Хитой қадимги Буюк Ипак йўлини қайта тикламоқчи. Шу мақсад йўлида таклиф этаётган "Бир белбоғ, бир йўл" ғояси дунёда хавотир, шубҳа ва инкорлар билан ҳам қарши олинмоқда.

Инглиз тилида "One Belt, One Road", рус тилида "Один пояс, один путь", ўзбек тилига эса "Бир қутб, бир йўл", "Бир белбоғ, бир йўл" ёки "Бир макон, бир йўл" деб таржима қилинаётган ғоянинг муаллифи Хитой Президенти Си Цзинпин экани хабар қилинмоқда. Хитойнинг давлат ахборот агентлиги Синьхуа ушбу лойиҳа мазмунига бағишланган қисқа видео эълон қилган, бу видеода Президент Си Цзинпин Шарқнинг қадимги донолигини бугунги дунёнинг фаровонлиги ва тараққиёти йўлида ишлатишга чақиради.

Президент Си Цзинпин Буюк Ипак йўлини қайта тиклаш таклифини илк бор 2013 йили Марказий Осиё мамлакатлари ва Индонезияга сафарлари пайти кўтарган.

Жаноб Шига шахсан жаноб Каримовнинг ўзи гидлик қилди

Ушбу ғоя билан бугунги Хитой раҳбарияти қадимдаги карвон йўллари бўйлаб товарларни Шарқдан Ғарбга етказишни кўзлаган.

Хусусан, Хитой икки йўлни таклиф қилмоқда. Қуруқлик орқали ўтадиган йўналиш учта йўлакни ўз ичига олган. Бу йўлакнинг биринчиси Хитой-Марказий Осиё-Россия-Европа йўлаги. Кейингиси Хитой-Марказий Осиё-Ғарбий Осиё-Форс кўрфази-Ўра Ер денгизи. Жанубий йўналиш Хитой-Жануби-ғарбий Осиё-Жанубий Осиё-Ҳинд океани.

Денгиз йўли эса Хитойнинг шарқий соҳилларидан Жанубий Хитой денгизи орқали Жанубий Тинч океани минтақасига чиқиш ҳамда Хитой соҳилларидан Жанубий Хитой денгизи ва Ҳинд океани орқали Европага чиқиш мақсадларини кўзлаган.

Пекиндан Москвага поездда икки кунда

Хитой "Бир белбоғ, бир йўл" ташаббуси доирасида янги автомобиль ва темир йўлларини, кўприклар ва саноат паркларини, бандаргоҳ ва нефть қувурларини қуришни, йўл-йўлакай янги конларни ўзлаштиришни таклиф қилмоқда. Янги ташаббус товарлар ва капитал экспортини кўпайтиради, янги ишлаб чиқариш ва иш ўринларини барпо этади, қайси давлат ушбу ташаббусга қўшилган бўлса, ундан манфаатдор бўлади, демоқда Хитой раҳбарлари. Хусусан, Пекиндан чиққан тезюрар поездни бир кунда Олма-Отага, икки кунда Москвага етиб борадиган қилишмоқчи. Ўзбекистоннинг Қамчиқ довонидаги темир йўл туннели ушбу ташаббус таркибидаги лойиҳа бўлган.

Хитой раҳбарияти ўзининг ушбу янги ғояси жаҳоннинг 65 мамлакатини қамраб олади, деб билади. Гонконгда жойлашган Fung Business Intelligence тадқиқот маркази ҳисоб-китобига кўра, бу дунё аҳолисининг 60 фоизи, дунё Ялпи Ички маҳсулотининг 30 фоизи деганидир.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Саховатли Хитой

14-15 май кунлари биринчи "Бир белбоғ, бир йўл" халқаро форуми бўлиб ўтди. Анжуманда дунёнинг 29 давлати раҳбари, 130 мамлакат вакиллари иштирок этди. Ғарб матбуоти форумга дунёнинг 65 мамлакати раҳбарлари таклиф этилганини, бироқ 40 дан ортиғи қатнашишдан бош тортгани ҳақида ёзди. Иштирокчилар орасида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев, Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғон, Россия Президенти Владимир Путин, Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбоев, Қирғизистон Президенти Алмазбек Атамбоев, Беларус Президенти Александр Лукашенко, БМТ Бош Котиби Антониу Гутерриш, Жаҳон Банки, Халқаро Валюта жамғармаси ва бошқа халқаро ташкилотлар раҳбарлари бор эди. Меҳмон президентлар Хитой ташаббусини қўллаб-қувватлашларини билдирдилар.

Ўзининг янги ташаббусига Хитой қўшимча 124 миллиард доллар сарфлашга ваъда берди. "Бир белбоғ, бир йўл" ташаббусидаги айрим лойиҳалар аниқ бўлса, айримлари ноаниқ. Бу нарса Пекинга ўз ҳайъатини юборишни истамаган Ҳиндистон билан Хитой дипломатлари ўртасидаги даҳанаки жангга ҳам сабаб бўлди. Хитой Шинжон орқали Покистоннинг назорати бўлган, бироқ баҳсли ҳисобланадиган Кашмир ҳудуди орқали Хитой-Покистон Иқтисодий йўлагини барпо этишга бел боғлаган. 50 миллиард доллар деб баҳоланаётган лойиҳа Ҳиндистоннинг норозилигига сабаб бўлган. Ҳиндистон Япония билан ҳамкорликда ўзларининг бир неча инфраструктуравий лойиҳаларини бошламоқчи бўлиб турибдилар.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP Getty Images
Image caption Президент Мирзиёев Пекинда "Бир белбоғ, бир йўл" халқаро форумида иштирок этди.

Жаноб Си қайғуси нима - дунёми ё ўз мамлакати?

Таҳлилчилар, Хитой чиндан ҳам дунё бўйлаб қашшоқликни бартараф этиб, фаровонликка элтувчи янги ташаббусни бошлаяптими ёки бу ишлаб чиқариш ҳаддан зиёд кўпайиб кетиб, иқтисодий ўсиши секинлашаётган Хитой раҳбарларининг ўз мамлакати вазиятини яхшилаш ҳаракатларими, деган саволларга жавоб топишга интилмоқдалар.

Лондонда нашр қилинадиган "Financial Times" рўзномаси ушбу ташаббус Хитой манфаатига хизмат қилади, деб ёзади. Бу мамлакатнинг ётқизадиган сармоялари ҳам бор, йирик лойиҳаларни рўёбга чиқариш борасида тажриба ҳам орттирган. "Хавотирли томони шуки, бу режа Хитой иқтисодининг энг ёмон нарсаларини ҳам ташқарига экспорт қилади, шундоқ ҳам ҳозир босим остида қолган мамлакатнинг молиявий тизимига тарангликни кучайтиради".

"Financial Times"га кўра, Хитой бир неча ўн йиллик давомида иқтисодий экспансияни амалга ошириб келди. Давлат бошқаруви остидаги ишлаб чиқарувчилар сармояни ҳар доим ҳам оқилона йўналтирганлари йўқ, оқибатда кўпгина саноат соҳаларида ишлаб чиқариш қувватлари талабдан зиёд бўлиб кетди.

Агар лойиҳалар қурилишида маҳаллий ва халқаро ширкатлар банд бўлса, бу Хитой раҳбариятининг баёноти ростлигини исботлайди, агар қўшни мамлакатларда бошланган қурилишлардаги ишларни хитойлик мутахассислар бажаришга киришсалар, бу Хитой ўзи йўналтирган сармояни ўзи ўзлаштиришдан манфаатдорлигини кўрсатади, дея хулоса қилади рўзнома мухбири.

Миллиардлик барбодлар

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Америкада жойлашган Bloomberg нашри Хитой сўнгги йилларда бошлаган бир неча миллиард долларлик лойиҳалар тўхтатилганини ёдга олади. Хитой Венесуэладан қарз эвазига нефть олишга келишган ва бу лойиҳа 20-24 миллиард долларга баҳоланган. Шунингдек, 7,5 миллиард долларлик тезюрар темир йўл барпо этишга келишилган. Венесуэладаги сўнгги йиллардаги иқтисодий мушкулликлар боис бу лойиҳаларни тўхтатиб қўйишга тўғри келган. Конгодаги 1 миллиард долларлик ёғ заводи, Угандада 1,5 миллиард долларлик эркин савдо зонаси ва Мянмарда 3,6 миллиард долларга баҳоланган тўғон қурилиши ҳам тўхтаб турибди.

Хитойнинг янги ташаббусига шубҳаланаётганлар фикрича, камбағал қўшниларига қарз бериш билан Пекин тобора кўпроқ ўз таъсири доирасига туширишни, иш ҳажми камайиб бораётган ўз ширкатларини янги ишлар билан таъминлашни кўзламоқда.

Президент Си Цзинпин ғоясини дастаклаётганларнинг фикрича, ушбу лойиҳа рўёбга чиқарилса, Евроосиёнинг аксар ҳудудида иқтисодий имкониятларни очади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ