Афғон-ТВга ИШИД ҳужумида 6 қурбон

Фото муаллифлик ҳуқуқи EPA
Image caption Жангарилар телеканал биносига ҳужум қилиши ортидан шиддатли жанг бошланган.

Нангарҳор вилояти маркази Жалолобод шаҳридаги давлат телеканалига қилинган ҳужумда камида 6 киши қурбон бўлган, 4 нафар ИШИД жангариси яксон этилган.

Қурбонларнинг тўрт нафари Афғонистон телерадиоси ходимлари дейилмоқда. Шунингдек, икки полиция зобити ҳам ҳалок бўлган.

Мотоциклда келган икки ҳужумчи телестанция олдида ўзини портлатиб юбориши ортидан зўравонлик бошланиб кетади.

Талотўпда икки жангари ичкарига киради ва тўрт соат давомида қўриқчилар ҳамда хавфсизлик кучлари билан отишмага киришади.

Маҳаллий ИШИД гуруҳи Амақ саҳифасида зўравонлик учун маъсулиятни ўз зиммасига олди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Аскарлар бир неча соат давомида жанг қилишди.

Покистон билан чегарадош Нангарҳор вилоятида асосан ўзбекистонлик ва покистонликлардан иборат ИШИД жангарилари фаол.

Улар айрим ҳудудларда назорат ҳам ўрнатишган ва баъзан зўравонлик, одам ўғирлаш ва қотилликларга қўл уришади.

Бу минтақада Толибон ҳам катат мавқега эга, лекин мазкур ҳаракат сўнгги ҳужумга алоқаси йўқлигини аймоқда.

Ҳужум бошланган илк дақиқаларда телеканал бошлиғи дохил жами 12 ходим хавфсиз жойга олиб чиқилган.

Бироқ бир неча киши чиқа олмай, ичкарида қолиб кетишади ва ҳужумчилар нишонига тушадилар.

Сўнгги ойлари Толибон ва ИШИД гуруҳлари Кобулдаги ҳарбий касалхона ҳамда Мозори Шарифдаги ҳарбий қароргоҳда йирик ҳужумлар уюштиришганди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 7858 860002

Бу мавзуда батафсилроқ