Президент Мирзиёев яна Туркманистонга отланмоқда

Фото муаллифлик ҳуқуқи Turkmenistan Gov.
Image caption Биринчи ташриф чоғида Бердимуҳамедов Мирзиёевга зотдор Аҳалткин отини совға қилган.

Ўзбек томони Президент Шавкат Мирзиёевнинг Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедовнинг таклифига биноан 19-20 май кунлари амалий ташриф билан Туркманистонда бўлишини эълон қилди.

Бу Мирзиёевнинг охирги икки ойдан кўпроқ вақт мобайнида Туркманистонга иккинчи сафари бўлади.

Мирзиёевнинг Ўзбекистон Президенти этиб сайланганидан кейин илк хорижий ташрифи жорий йилнинг 6-7 март кунлари Туркманистонга бўлганди.

Минтақавий ҳамкорликни ўз ташқи сиёсатининг устувор йўналиши деб эълон қилган Мирзиёев бундан аввал Қозоғистоннинг Чимкент вилоятига ҳам амалий ташриф билан борган ва у ерда Президент Назарбоев билан музокаралар ўтказган.

Қозоғистон ва Туркманистон Ўзбекистоннинг минтақадаги икки йирик иқтисодий ва савдо шериклари ҳисобланади.

Шу билан бирга, Ўзбекистон ўз маҳсулотларини жаҳон бозорига олиб чиқишда бу икки давлатнинг транзит йўлларига муҳтож.

Айни пайтда Мирзиёев Ўзбекистоннинг нисбатан кичик ва табиий бойликлари унча кўп бўлмаган қўшнилари Тожикистон ва Қирғизистонга ҳали ташриф буюргани йўқ.

У ҳокимиятга келганидан буён ўтмишда муносабатлар муаммоли бўлиб келган Бишкек ва Душанбе билан алоқаларни яхшилаш сари қадамларни қўйган.

Бироқ Амударё ва Сирдарёнинг юқори оқимида жойлашган бу икки давлатнинг гидроиншоотлар қуриш лойиҳаси юзасидан Тошкентнинг мавқейи ўзгармаган.

Мирзиёев Қозоғистонга илк ташрифи чоғида Президент Назарбоев билан бирга бу иншоотлар қурилишида қуйи оқимдаги давлатлар манфаатлари инобатга олиниши кераклигини таъкидлаганди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02.