Россия фуқаролигидан маҳрум қилиш қонуни маъқулланди

Россия паспорти Фото муаллифлик ҳуқуқи Холявчук Светлана/TASS

Россия Давлат Думаси аъзолари терроризм ва экстремизмда айбдор деб топилган инсонларни Россия фуқаролигидан маҳрум этишга изн берадиган қонун лойиҳаларини биринчи ўқишда қабул қилганлар. Санкт-Петербург метросидаги портлашдан кейин Россия фуқаролигини олган чет мамлакат фуқароларини фуқароликдан маҳрум этиш таклифи илгари сурилган эди.

Россия парламентининг депутатлари ушбу лойиҳаларни бир овозда маъқуллаганлар.

Қонунларга ўзгартиришларни апрел ойи охирида Дума спикери Вячеслав Володин, вице-спикерлар ва барча фракциялар раҳбарлари томонидан илгари сурилган эди.

Хабар қилинишича, Россия фуқаролигини олган инсон ўз зиммасига олган Россия конституцияси ва қонунларига риоя қилиш мажбуриятини бузгани учун уни фуқароликдан маҳрум қилиш қарори қабул қилинади,

Қонунлар лойиҳаси муҳокамасидан олдин, айрим одамлар Россия ҳудудида қонунга зид амалларга қўл уриш ёки бошқа бир мамлакатда содир этган жинояти учун таъқибдан қутулиб қолиш мақсадида Россия фуқаролигини олиш ҳоллари кузатилмоқда, деб айтилган.

Ҳозирги пайтда агар Россия фуқаролигини олиш мақсадида ёлғон маълумот ёки сохта ҳужжат тақдим этгани судда аниқланган ҳолатдагина фуқароликдан маҳрум этиш Россия қонунчилигида белгилаб қўйилган.

Санкт-Петербург метросидаги портлашдан кейин Президент Владимир Путин экстремизмга қўл урганлар Россия фуқаролигидан маҳрум этилиши мумкинлиги ҳақида айтиб чиқди.

"Россия Конституциясига мувофиқ биз ҳеч кимни фуқароликдан маҳрум қилолмаймиз. Бироқ биз Россия фуқаролигини қўлга киритишга асос бўлган тегишли қарорларни ўзгартиришимиз мумкин. Биз юристларимиз билан консультациялар олиб борамиз ва ўйлайманки, бундай қарорлар тез орада қабул қилинади", деб айтган Президент Путин.

Россия расмийларига кўра, Санкт-Петербург метросидаги портлашни Акбаржон Жалилов содир этган.

Акбаржон Жалилов Қирғизистон жанубида туғилган ўзбек бўлган.

Акбаржон Жалиловнинг Россия фуқаролигини 2011 йилда олгани, бунга унинг отасининг Санкт-Петербургда узоқ йиллар яшагани асос бўлгани хабар қилинган.

Аксар таҳлилчиларда Акбаржон Жалилов ҳақиқатдан ҳам Санкт-Петербургдаги террорчилик хуружининг ташкилотчисими, деган саволлар ҳам юзага чиққан, бу саволларга тергов якунида жавоб топиш мумкин, аммо айрим кузатувчилар бу саволларга ойдинлик киритилишига шубҳа ҳам қиладилар.

Акбаржон Жалиловга Россия фуқаролиги тақдим этилиши хато бўлгани ҳақидаги фикрлар билдирилди.

Санкт-Петербург метросидаги портлаш 3 апрель куни тушки соат 14:30 ларда рўй берган.

Метронинг "Сенная площадь" ва "Технологический институт-2" бекатлари ўртасида бораётган вагон портлаган.

Россия терговчиларига кўра, худкуш ҳужумчи ўзининг ёнидаги портловчи моддани портлатган ва бу худкуш ҳужумчи Акбаржон Жалилов бўлган.

Оқибатда 14 инсон ҳалок бўлган.

Бундан ташқари метронинг "Қўзғолон майдони" бекатида қўлбола бомба ҳам топилган.

Терговчиларнинг тахминича, портлашни ташкил қилишда гумон қилинаётган Акбаржон Жалилов аввал бомбани "Қўзғолон майдони" бекатида қолдирган, сўнг вагон ичида ўзини портлатган.

Россия терговчилари ушбу тергов доирасида саккиз киши ҳибсга олингани, улар бир террорчилик гуруҳининг аъзолари деб гумон қилинаётгани ҳақида хабар тарқатганлар.

Қамоққа олинганларнинг олти нафари Санкт-Петербургда, иккитаси Москва шаҳрида бўлганлари, уларнинг ҳаммаси Марказий Осиё республикалари фуқаролари экани айтилган.

17 апрелдаги маҳкама Акбаржон Жалиловни Россия фуқаролигидан маҳрум этиш ҳақида қарор чиқарган.

11 май куни портлашга алоқадорлик гумони билан қўлга олинган уч нафар ўзбек расман "террор"да айбланган.

Санкт-Петербург метросидаги портлашга масъулиятни 'Имом Шомил батальони' ўз зиммасига олиб чиққани хабар қилинган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02.

Алоқадор мавзулар