Генерал Дўстум кетди, аммо ‘қайтади’

Генерал Дўстум Фото муаллифлик ҳуқуқи facebook

Афғонистон президент саройи ва биринчи вице-президенти девони ортидан, бу ҳақда Туркия Ташқи ишлар вазирлиги ҳам расман билдирган.

Вазирликнинг бу хусусдаги расмий баёноти генерал Абдулрашид Дўстумнинг Туркияга кутилмаган сафаридан икки кун ўтиб эълон қилинган.

19 май куни шу йил бошидан буён тан қўриқчилари сиёсий мухолифи Аҳмад Ишчининг жинсий ва жисмоний зўравонликка оид иддаолари билан боғлиқ жиноий иш марказида қолаётган генералнинг Анқарага жўнаб кетганига оид хабарлар олинган.

Видеолавҳамизни томоша қилиш учун мана бу ерга босинг.

Афғонистон биринчи вице-президентининг айни шу жиноий иш манзарасида кузатилган кутилмаган сафари унинг Туркияга ўз ихтиёри билан муҳожиратга юз тутган бўлиши мумкинлигига оид талқинларга ҳам сабаб бўлмай қолмаган.

Аммо партияси воизи ортидан, Туркия Ташқи ишлар вазирлигининг расман билдиришича ҳам, генерал Абдулрашид Дўстум Анқарага одатий тиббий текширувдан ўтиш ва дам олиш учун келган.

Вазирликка кўра, Афғонистон биринчи вице-президенти ўзи истаган пайтда бемалол ортга қайтиши мумкин.

Генералнинг 'соғлиғи жойида'

Туркиядаги Афғонистон элчилигининг Соғлик масалалари бўйича атташеси Коргар Нур ўғлининг Би-би-си Ўзбек Хизмати билан суҳбатида айтишича ҳам, бу - одатий текширув ва генерал Дўстумнинг соғлиғи жойида.

Суҳбатдошимизга кўра, Афғонистон биринчи вице-президенти ҳар уч-тўрт ойда бу каби текширувдан ўтиб туради ва одатда, бу жараён икки ҳафтача вақт олади.

Унинг бу гал Туркия пойтахти Анқарадаги қай бир касалхонада тиббий текширувдан ўтишига оид расмий маълумотлар имконли эмас.

Аммо ўтган йиллар давомида бунинг учун генералнинг Туркия Қуролли кучларига қарашли нуфузли GATA ёки "Гулхона" ҳарбий госпиталидан фойдаланиб келгани айтилади.

Шу пайтгача Афғонистон биринчи вице-президентининг бирор бир хасталикдан азоб чекишига оид расмий хабарлар олинмаган.

Афғонистон президент саройи воизи шанба куни генерал Абдулрашид Дўстумнинг тезроқ соғайиб, ортга қайтиши учун дуо қилишларини айтиш билан бирга, унинг тан қўриқчилари билан боғлиқ жиноий ишнинг ҳам тезда ҳал бўлишига умид билдирган.

Шу йил март ойида Афғонистон биринчи хоними Ғарб нашрларидан бири билан суҳбатида мамлакат биринчи вице-президентининг "уй ҳибсида ўхшаш бир ҳолатда" эканини даъво қилган.

Айни мазмундаги хабарларга кескин муносабат билдирган девони эса, генерал Абдулрашид Дўстумнинг ҳануз ўз вазифаси ижросида эканини баён қилганди.

Бунинг ортидан, Афғонистоннинг қатор шимолий вилоятларида қудратни адолатли тақсимлаш, ўзбеклар ва туркманларга ҳақ берилиши талаби билан йирик норозилик намойишлари кузатилган.

Афғонистон биринчи вице-президенти дохил девони ходимларига ойлаб маошлари берилмаётганига оид шикоятлар ҳам олинган.

Агар, саройи воизининг шанба кунги баёнотига таянилса, Афғонистон Президенти Муҳаммад Ашраф Ғанийнинг биринчи муовини дохил миллий бирдамлик ҳукуматининг барча аъзолари билан муносабатлари жойида.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02.

Алоқадор мавзулар