Рамазон: президентнинг ўғли чора кўрди

Бозор Фото муаллифлик ҳуқуқи courtesy

Рустам Имомали Рамазон пайти ўзи ҳокимлик қилувчи пойтахт Душанбеда нарх-навони назорат этмоқчи, унинг кўтарилиши олдини олмоқчи.

Ҳокимлик расмий веб саҳифасидаги хабарда айтилишича, худди шу мақсадда сотувчи ва фермерлар бир маротабалик пул тўловидан озод қилинишади.

Рамазон ойида шаҳардаги қатор бозорлар яқинида ва яна бошқа жойларда махсус қишлоқ хўжалик маҳсулотлари ярмаркалари уюштирилади.

Видеолавҳамизни томоша қилиш учун мана бу ерга босинг.

Аён бўлишича, бу ҳақдаги буйруқ Тожикистон президенти тўнғич ўғлининг шахсан ўзи томонидан имзоланган.

Бу каби чора-тадбирлар эса, истеъмол бозорларида нарх-наво кўтарилишининг олдини олиш баробарида аҳолини энг зарур озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлашни ҳам кўзда тутади.

Тожикистон Қирғизистон билан бирга Марказий Осиёдаги энг ночор давлатдан биттаси саналади.

Агар халқаро ташкилотлар маълумотларига қаралса, Тожикистонда аҳолининг ярмига яқини шундоқ ҳам ночорликда ҳаёт кечиради.

Мамлакатда ишсизлик чуқур илдиз отган.

Камбағал аҳолининг кундалик истеъмол харажатлари, ҳаттоки, 2 АҚШ долларига ҳам етмайди.

Мамлакатдаги минимал иш ҳақи эса, қарийб 30 АҚШ доллари атрофида.

Бу эса, дунёдаги энг паст кўрсаткичлардан биридир.

Шу йил февраль ойида айнан нарх-наво назорати юзасидан Рустам Имомали пойтахт Душанбе бозорлари раҳбарларини танқидлар тиғига тутганига оид хабарлар ҳам олинган.

Яқинда Ўзбекистон каби Тожикистонда ҳам биргина картошка нархининг қарийб икки баробарига сакраб кетганига оид шикоятлар ҳам кузатилган.

Худди шу манзарада Тожикистонда бошқа айрим озиқ-овқат маҳсулотларининг қиймати ҳам анчагина кўтарилганига оид хабарлар пайдо бўлган.

Аммо қолган аксарият минтақа давлатларида бўлгани каби, Тожикистонда ҳам, озиқ-овқат маҳсулотлари, айниқса, Рамазон ва Қурбон Ҳайити арафасида бир неча баробарига сакраб кетади.

Ўтган йил айнан Рамазон Ҳайити арафасида Тожикистон Президенти Имомали Раҳмоннинг қизи ва маъмурияти раҳбари Озода Раҳмон ўзига хос топшириқ билан чиққан.

Амалдорлар, тадбиркорлар ва мусулмон уламоларни мамлакатдаги кам таъминланган ва камбағал-муҳтож кишиларга "фитр садақаси" бериш мажбуриятини топширганди.

Бу йилги Рамазон ойининг яна саноқли кунлардан кейин бошланиши кутилмоқда.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02.